Куз-қиш мавсумида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 400 дан ортиқ ишчи гуруҳ ташкил этилди

Куз-қиш мавсумида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 400 дан ортиқ ишчи гуруҳ ташкил этилди

https://t.me/aoka_uz

АОКАда Фавқулодда вазиятлар ва Энергетика вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берилди:

2023 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳамкорлигида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.  

Матбуот анжуманини ўтказишдан асосий мақсад – иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли яшаш жойларида куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси бўйича олиб борилаётган тадбирлар бўйича маълумот беришдан иборат.

Амалга оширилган тадбирлар мазмунига тўхталадиган бўлсак, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, жами 400 дан ортиқ ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Жойлардаги тунда одамлар қоладиган масканларга алоҳида эътибор қаратилиб, "Меҳрибонлик уйлари" ва "Мурувват ва саҳоват уйлари"да фавқулодда вазиятлар бўлимлари ходимларининг тунги навбатчилиги йўлга қўйилди ва ҳар бир даволаш стационарларида тунги текширувлар ўтказилиши жорий қилинди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини тарғиб қилиш ва фуқароларнинг билим кўникмаларини ошириш мақсадида, 14 минг 520 маротаба 412 минг 478 нафар фуқаролар билан учрашув ва йиғилишлар ўтказилди.

Профилактик тадбирлар жараёнида, 198 минг 559 та табиий газ ва қаттиқ ёқилғида ишлатиладиган печлар дудбуронларидаги аниқланган 10 минг 262 та носозликлардан 9 минг 459 таси тузатилди.

Бугунги кунга қадар ёнғин-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби томонидан маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриш даврида 968 минг 563 та хонадонларда истиқомат қилувчи фуқаролар билан тушунтириш ишлари ўтказилди, яъни, 238 минг 896 та кўп квартирали уйлардаги хонадонларда ва 729 минг 667 та якка тартибдаги аҳоли турар жойларидаги фуқароларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ берилди.

Аҳоли турар жойларда ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасидаги камчилик ва муаммолар бўйича вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига 414 маротаба, юқори ташкилотларга 333 маротаба, 376 маротаба ҳудудий газ таъминоти, 274 маротаба электр таъминоти идораларига ва 143 маротаба ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига ҳамда бошқа тааллуқли идораларга 306 маротаба ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилди.

        Ёнғинлар сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 36,3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 26,8 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 14,4 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9,7 фоизи болалар шўхлиги оқибатида юзага келганлигини кўрсатади.

Айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган.

Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, бахтсиз ҳодисалар аксарият ҳолатларда табиий газ ва муқобил ёқилғи турларини ҳамда иситиш печларини ишлатишда “газдан фойдаланиш”, “техник ва ёнғин хавфсизлиги” қоидаларига риоя этилмаганлиги, газ тармоғига нотўғри уланиш, хонадонларда очиқ оловдан фойдаланишда эхтиётсизлик ҳамда дудбуронларнинг носозлиги оқибатида келиб чиқмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сизлардан қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз:

- ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;

- иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печларининг дудбўронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;

- носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланинг;

- иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;

- газ ва электр мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;

- газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;

- ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;

- газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (яъни газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг.    

Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар беринг.

        Ушбу қоидаларга риоя этиш орқали Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни турли бахтсиз ҳодисалар ва ёнғинлардан асраб қолган бўласиз.


Report Page