Куз-қиш мавсумида эҳтимолий фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБугун АОКАда ФВВ бош бошқарма бошлиғи Даврон Қамбаров, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарма бошлиғи Баҳодир Ваҳобов, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мавзу юзасидан маълумот берилди:
✔️ Матбуот анжуманини ўтказишдан асосий мақсад – аҳоли турар жойлари ва иқтисодиёт объектларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, электр жиҳозларининг носозлиги, қўлбола ва ностандарт иситиш воситалари, ис газидан заҳарланиш, уй шароитида турли хил газ сўриш воситаларидан фойдаланиш, қўлбола шланглар орқали уланиш, тез алангаланувчи воситаларнинг ёнғин манбаига яқин қўйилиши, ёш болаларнинг очиқ олов чиқарувчи воситалар билан назоратсиз қолдирилишининг олдини олиш юзасидан тавсиялар бериш, шунингдек, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги профилактикаси бўйича олиб борилаётган тадбирлар бўйича маълумот беришдан иборат.
Амалга оширилган тадбирлар мазмунига тўхталадиган бўлсак, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, жами 529 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, уларга тааллуқли идоралар вакилларидан 7.606 нафар ходим жалб этилган. Булардан ташқари, “Hududgazta’minot” АЖ, Уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда печ ва дудбуронларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар мутахассис усталаридан иборат 204 та таъмирлаш-тиклаш отряди ташкил этилиб, бугунги кунга қадар жами 2 млн. дан ортиқ якка тартибдаги аҳоли турар жойлари, 27 мингга яқин кўп қаватли уйлар ва улардаги 1 млн га яқин хонадонларда ўрганишлар ўтказилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ўтган 2020/2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида олиб борилган профилактик чора-тадбирларга қарамасдан республикада 6691 та ёнғин содир бўлиб, оқибатда 97 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 159 нафар инсон куйиш тан жароҳатини олган. Ушбу ҳодисалар сабаб келтирилган моддий зарар миқдори
91 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган. Содир бўлган ёнғинларнинг 5751 таси, яъни 86 фоизи аҳоли турар-жойларига тўғри келган.
Ёнғинлар сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 31 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 28 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 22 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9,7 фоизи болалар шўхлиги, бундан ташқари, 7 фоизи ётоқ жойида тамаки маҳсулотларини чекиш оқибатида юзага келганлигини кўрсатади.
Айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган.
Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, бахтсиз ҳодисалар аксарият ҳолатларда табиий газ ва муқобил ёқилғи турларини ҳамда иситиш печларини ишлатишда “газдан фойдаланиш”, “техник ва ёнғин хавфсизлиги” қоидаларига риоя этилмаганлиги, газ тармоғига нотўғри уланиш, хонадонларда очиқ оловдан фойдаланиш ҳамда дудбуронларнинг носозлиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сизлардан қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз:
- ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;
- иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печларининг дудбўронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;
- носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланинг;
- иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;
- газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;
- газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;
- ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;
- газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (яъни газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг.
Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар беринг.
Ушбу қоидаларга риоя этиш орқали Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни турли бахтсиз ҳодисалар ва ёнғинлардан асраб қолган бўласиз.