Кутилмаган моддий ёрдам

Кутилмаган моддий ёрдам

#cаховат_ва_кўмак

Дунё синовли. Инсонлар тақдири турфа. Кимларгадир кулиб боққан ҳаёт, яна кимларнидир турли синовларга рўбарў қилган - оғир ёки бедаво дардга чалинган ёхуд маиший рўзғор ташвишларидан ортмай, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналган, чорасиз.

Бағрикенг, саховатпеша халқимиз оғир кунларда доимо бир-бирини суяган, бир майизни қирқ бўлиб, бирга баҳам кўрган. Айни оғир дамларда ҳам саховатпеша инсонларимиз томонидан ана шундай хайрли ишлар амалга оширилиб, кўплаб ночор, кўнгли ярим инсонларга қувонч бахш этилмоқда.

Жумладан, бугун ҳам ана шундай саховатпеша шахси очиқланмаслигини илтимос қилган инсонлардан бири Олмалиқ шаҳрида бўлиб, эҳтиёжманд 100 нафар оила вакилларининг ҳар бирига 2,5 кг дан гўшт ҳамда 1 млн. сўм нақд пулларни улашди.

Саховатпеша инсонга ҳамроҳлик қилган шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов эҳтиёжманд оила вакиллари билан яқиндан суҳбатда бўлиб, эҳсонликларни ҳақиқий ночорларга берилиши таъминланди.

Эҳсонликларни улашиш давомида ҳоким ва саховатпеша томонидан кўчада ишлаётган, яъни, жамоатчилик асосида маҳаллаларни ободонлаштиришга ҳисса қўшаётган ишчи-ходимлар ҳам назардан четда қолмади. Улар билан суҳбатда бўлган масъуллар томонидан жамоатчи ходимларга ҳам гўшт ва 1 млн сўм пул моддий ёрдам сифатида беғараз тақдим этилди.


Кутилмаган саховат ва кўмакдан мамнун бўлган фуқаролар томонидан Яратгандан юртимиз бошига келган офатларнинг даф бўлиши ҳамда тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ёр бўлиши сўралиб, қўллар дуога очилди.


Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page