Kun.uz сайтида 2020 йил 9 июнь куни чоп этилган “Хусусий нотариусларнинг молиявий мустақиллиги ҳамон таъминланмади, ходимлар эса маош олмасдан ишламоқда” номли мақолага раддия
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимиКun.uz сайтида 2020 йил 9 июнь куни чоп этилган “Хусусий нотариусларнинг молиявий мустақиллиги ҳамон таъминланмади, ходимлар эса маош олмасдан ишламоқда” номли мақолада кўрсатилган хусусий нотариусларнинг молиявий мустақиллиги таъминланмаётганлиги ва адлия органларининг таъсири остида ишлаётганликлари ҳақиқатга тўғри келмайди.
Бугунги кунда фаолиятини бошлаган хусусий нотариусларнинг пул маблағлари ўзларининг ҳисоб рақамларига автоматик равишда туширилмоқда.
Фаолиятининг дастлабки кунларида айрим хусусий нотариуслар ҳисоб рақамига маблағ тушмаганлигининг асосий сабаби уларнинг банк ва ғазначиликка нотўғри маълумот тақдим этганлиги бўлган. Хусусан, ҳар бир нотариусга давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат бўйича алоҳида транзит рақамлари (жами 3 032 та) очиш учун тақдим этган маълумотида хусусий нотариуснинг банк реквизитларидаги СТИР, МФО ва ҳисоб рақамларида хатоликлар аниқланган. Бу хатоликлар адлия органлари ва Нотариал палата кўмагида ғазначилик ва банк билан ҳамкорликда бартараф қилинмоқда.
Қайд этиш керакки, маълумотларни нотўғри тақдим қилган айрим нотариусларнинг май ойидаги давлат божидан қоладиган қисми нотариуслар ўз вақтида камчиликни тўғирламаганлиги учун банклар томонидан давлат нотариуси давридаги эски ҳисоб рақамларига ўтказиб юборилган. Ҳозирда бу маблағларни банклар билан таққослаш орқали нотариуслар ҳисобига қайтариш чоралари кўрилмоқда. Ҳисоб рақами тўғри тақдим этилган нотариусларда бундай муаммо вужудга келмаган.
Нотариусларнинг пуллик хизмат тушумларини автоматик ҳисоблаш ва тақсимлаш “Ақлли ҳисоб рақам” (smart accоunt) тизими тўлиқ ишга туширилган ва тушган маблағлар кунлик ўтказиб келинмоқда. Пуллик хизматнинг (бошқа тўловлар эмас) май ойидаги тушумлари банкдаги транзит рақамдан нотариусларнинг ҳисоб рақамига кўчириб бериш ишларида айрим кутилмаган дастурий-техник муаммолар сабабли кечикмоқда. Ҳозирда тизим операторлари билан бу муаммоларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ушбу техника билан боғлиқ масала ойликларни ушлаб қолишга тўғридан –тўғри сабаб бўлаяпти дейиш нотўғри.
Мақоладаги “май ойи пуллик хизмат маблағлари адлия органларининг ғазнасига туширилаётганлигини маълум қилишган” дейилган эътирозлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ҳисоб-китоб тизими шундай яратилганки, у ерда кимдир бошқа бировнинг маблағига эгалик қила олмайди, пулни ушлаб тура олмайди. Пуллар нотўғри кўчирилган бўлсаям, орқасига қайтарилади.
Адлия вазирлиги нотариат соҳасида кенг тарқалган коррупция аломатларига қаттиқ зарба берди. Бу борада ёндашув комплекс тарзда амалга оширилиб, бир томондан қаттиқ назорат ва масъулият бўладиган бўлса, иккинчи томондан соҳа ходимларини рағбатлантириш ва ишини енгиллаштириш бўлди. Тизимда ортиқча қоғозбозликка чек қўйилди, жараёнлар тўлиқ электронлаштирилди, ҳаттоки нотариуслар ҳисобот топширишдан озод қилинди, ойликлар эса барча устама ва бошқа тўловларни эътиборга олганда охирги 2 йилда 5 баробарга ошди.
Бугунги кунда ҳар бир нотариус 8 млн. сўмдан 15 млн. сўмгача (солиқ тўлагандан сўнг қўлида қоладиган маблағ) даромад оляпти. Бу кўрсаткичлар республика бўйича бошқа соҳаларга қараганда анча юқори.
Бу ўзгаришлар айнан вазирлик ташаббуси билан амалга оширилди, шундай экан қандайдир ҳисоб рақамларидан келадиган пулларни адлия олмоқда дейиш бу ҳам аҳлоқий, ҳам қонуний нуқтаи назаридан умуман асоссиздир.
Қайд этиш керакки, карантин даврида фуқароларнинг нотариус хизматига эҳтиёжи кескин камайганлиги ва ундан кейин бу эҳтиёж ошишини инобатга олиб, аҳолига ноқулайлик туғдирмаслик мақсадида 20 апрелдан
1 июнга қадар бўлган қисқа даврда 93 фоиз (758 нафар) давлат нотариуси хусусийга ўтказилди. Аслида бундай янги тизимга бошқа давлатлар йиллар давомида ўтган.
Бу жараёнда давлат нотариуслари ихтиёридаги ҳужжатларни нотариал архивларга топшириш, хусусий нотариусни лицензиялаш, жавобгарлигини суғурталаш, Нотариал палатага аъзо бўлиш, муҳр ва штамплар ясатиш, СТИР рақами олиш, ҳисоб ва депозит рақамлари очиш, янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш, икки мингдан ортиқ ходимларини автоматлаштирилган ахборот тизимига улаш каби ишлар адлия органлари ва Нотариал палата кўмагида амалга оширилди. Бу ишга адлия тизимидаги 100 дан ортиқ ходимлар жалб қилиниб, уларнинг самарали меҳнати эвазига қисқа муддатда хусусий нотариуслар ҳеч қандай узилишсиз аҳолига хизмат кўрсата бошлади.
Шундай экан, соҳада туб бурилиш бўлган ислоҳотларга “бир ойдан ошиқ вақт ўтиб ушбу тизимда айрим муаммолар юзага чиқа бошлади” ёки “ҳар жабҳада қонун устуворлиги таъминланиши тарафдори бўлган вазирликнинг бугунга келиб “ўгай”га айланган тизимига нисбатан бу йўсинда иш тутишини қандай баҳолаш мумкин” деган фикрлар мутлақо ноўриндир.
Агар қайсдир нотариусда муаммо бўлса бемалол адлия тизимига мурожаат қилиши мумкин, бу бўлаётган жараённи қандайдир информацион янгилик сифатида олиб чиқишга ортиқча эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки бутун нотариат тизими самарали ишлашида Адлия вазирлигининг манфаати энг каттадир, шу соҳа халқ учун сифатли хизмат қилиши керак, асосийси шу. “Ўгай” ёки бошқа киноя ва иборалар адлия органлари учун ёт ғоялардир.
Агар қайсидир оммавий ахборот воситаси ёки журналист нотариат тизимидаги жараёнларни ҳар томонлама холисона ўрганиб, тегишли материаллар тайёрлаш нияти бўлса, биз бундан жуда хурсанд бўламиз. Камчиликлар бўлса тан оламиз, уларни тузатамиз, келгусида эътиборга оламиз. Зеро, мақсадимиз ҳам, ниятимиз ҳам, барча ҳаракатимиз ҳам адлия органларидан халқни рози қилишга қаратилган.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими