Kun.uz

Kun.uz

Ўқитувчининг қадри қачон баланд бўлади? Қачонки Халқ таълими вазирлиги ўзгарса!

21:188440

Дунёнинг ҳеч бир давлатида ўқитувчига ҳурмат-эҳтиром биздагидек эмас. Чунки ҳеч бир давлатда ўқитувчилар куни умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилинган эмас. Лекин бу эҳтиромми ёки «эҳтиром»?

Яқин-яқингача ўқитувчиларимиз ўзларига аталган байрам — 1 октябрда пахта даласида меҳнат қилишар «оқ олтин»ни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда камарбаста бўлишарди. Улардан бошқа ҳамма дам олар эди бу кунда. Бундан ортиқ хўрлаш бўлмаса керак дунёда…

Ўқитувчиларнинг далаларда ҳосил йиғиштиришда, кўча-кўйда ободончилик ишларида ишлаётганини кўрган ёш авлод уларни ҳурмат, бу шарафли касбга ҳавас қилармиди? Мактаблардаги таълим сифати-чи? Айнан мана шундай ҳолатлар ҳукмрон бўлгани учун не не забардаст ўқитувчилар бу касбни ташлаб кетмадими?

Нега Ҳожибой Тожибоевнинг аччиқ сатирасида тракторчиларга жой бўшатиш учун ўқитувчилар эгаллаган фермер меҳмонхонаси бўшатилади? Чунки фермернинг ўқитувчига иши тушмайди, унинг учун улар шунчаки даласида хизмат қилувчи меҳнаткашлар-да.

Яқинда Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида янграган сўнгги огоҳлантириши билан таълим ва тиббиёт ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бош вазир шу хусусда вазирликлар ва ҳокимликлар иштирокида катта йиғилиш ўтказди ва Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовга шундай хитоб қилди:

«Жаноб, Иноятов Улуғбек Илёсович. Нега шу кунгача аниқ бир чора кўрилмаган ёки таклиф киритилмаган? Иш берувчи сифатида ҳам нима учун биронта ўқитувчининг манфаатини ҳимоя қилиб чиқмагансиз? Таълим-тарбия мазмунини, унинг сифатини қачон яхшилайсиз? Агар ўқитувчиларингиз шу тарзда мажбурий меҳнатга жалб этилиши давом этса, қачон таълим сифатини оширишга эришишимиз мумкин бўлади?»

«Тўғрисини айтадиган бўлсам, раҳбар сифатида менда журъат етишмаган. Керак бўлса, вақтида мажбурий меҳнатга хайрихоҳ бўлиб, буни ватанпарварлик сифатида билиб, тепасида турганман», деди бунга жавобан вазир.

Тўғри, давлат ва ҳукумат раҳбарининг ушбу чиқишларидан сўнг ҳозир вилоятларда ишчи гуруҳлар тузилиб, таълим ва тиббиёт ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Кўрамиз, бу ҳали қандай самара берар экан.

Мажбурий меҳнатдан қутулиш йўллари

Ўртага битта саволни ташлайлик: нега ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилиш бу қадар осон? Унинг нима заифлик жойи борки, ҳақ тўланмайдиган, асосий вазифаси бўлмаган қўшимча меҳнатга индамайгина бўйин эгиб, рози бўлиб кетаверади. Ўқитувчининг нуфузини бу қадар тубанга туширган ким?

Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасидек ношуд ташкилот бормикан бу дунёда? Аслида бу ташкилот ўқитувчиларни ҳимоя қилиш учун тузилган эмасми? Лекин улар ўқитувчиларнинг ҳаппа-ҳалол маошидан ойига 1 фоиздан ушлаб қолиб, бу пулларга тараллабедод қилиб юришибди.

Педагог Шаҳноза Тўрахўжаева томонидан билдирилган қуйидаги таклифларга қўшилмасдан илож йўқ:

1. Ўқитувчиларни соҳадан ташқаридаги турли даражали раҳбарлардан ҳимоялайдиган қонун ишлаб чиқилиши керак. Мазкур қонунда таълим ходимларини жамоат ЮМУШЛАРИга жалб қилиш ТАҚИҚЛАНСА (ҳатто ўзлари ариза ёзиб илтимос қилган тақдирларида ҳам! Дарс пайти «виждон амрига бўйсуниб, кўча тозалагиси» келса, соҳасини ўзгартирсин).

2. Қонун ижроси давлат ва жамоатчиликнинг кучли назоратига олинса. Мониторинглар ўтказилиб, ўқитувчиларнинг кўча тозалаётган, сайловлар ва бошқа тадбирлар ташкилотчилиги билан шуғулланаётган ҳолатлари аниқланса, чора кўриш ваколатига эга ташкилотларга ҳамда ОАВга маълум қилинса. (Ахир давлатимизга мажбурий меҳнатнинг борлигини тан олдирган нарса ҳам айнан шу — жамоатчилик назорати. Тўғри, бу давлат органларига ёқмайди, лекин бу тизим амалда ўзини оқлади. Чунки ҳокимлар, вазирлар ваъда берганини аввал ҳам кўрган эдик — Ш.Ш.)

3. Ўқитувчилар учун «қайноқ линияси» очилса ва ўз вазифасидан бошқа ишга жалб қилинган ҳолларда дарҳол тегишли жойларга, жамоатчиликка хабар етказиш имкони яратилса. Бу иш давлат ташаббуси билан ва унинг назорати остида қилинса, ўша «қайноқ линия» ҳеч бўлмаса бир йил худди «президент портали» каби режимда ишласа, жуда зўр бўларди.

Қоғозбозлик — ўқитувчи оёғига солинган тушов

Очиғини тан олиш керак, ўқитувчиларнинг бундай хорланишига асосий сабаб — уларнинг иш юритишда қоғозбозликка кўмилиб қолганлиги ҳамдир. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган исталган ўқитувчининг юритаётган дафтар-журналларидан камчилик топиш мумкин. Бу халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчини текинга қулдек ишлатишни истовчи маҳаллий ҳокимликлар манфаатини кўзлаб, жуда пухта ўйланган қоғозбозлик тизими, десак, муболаға бўлмайди.

«Сананг: синф журнали, синф раҳбари папкаси, синф раҳбари журнали, синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатлари, ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати, ота-она билан ишлаш дафтари, дарс конспекти, йиллик режа, педагогик соат, дарс таҳлили, фанга оид кўргазмалар, паст ўзлаштирувчилар, бўшлиқ билан ишлаш режаси ва дафтари... у ёғига сабрим чидамади», деб ёзади Шаҳноза Тўрахўжаева.

Маълумот учун: Ўқитувчининг (1 ставка) йиллик умумий юкламаси 1548 соат этиб белгиланган, уни бажариш учун фан ўқитувчиси йил давомида 34 ҳафта, ҳафтасига 36 соат, 1 кунда 6 соат ишлаши лозим.

Ўқитувчи Исроил Тиллабоев эса 2005 йили 21 декабрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги 275-сонли қарори ҳақида шундай фикр билдиради:

«Ушбу қарор ҳақида жуда кўп тажрибали устозлар фикрини тингладим, қарорнинг яхши томони шундаки, бу қарорда яхши ишлаган устоз мураббийларнинг меҳнатини рағбатлантиришнинг янги «Директор жамғармаси» деб номланадиган механизми ишлаб чиқилган. Унга кўра, яхши ишлаган ўқитувчи келгуси йилдан ҳар ойда 15-40 фоизгача устама (ўз ойлигига нисбатан) қўшимча ҳақ олади. Бу баъзи мактабларда мактаб директорлари ўзи истаган кишиларни рағбатлантираётган ҳолларни эшитганимизни ҳисобга олмасак, умуман олганда, минглаб яхши ишлаган устозлар учун яхши бўлганди.

Лекин бу қарор биргина устама учун эмас, балки умуман педагогларга иш ҳақи тўлашнинг бир ставка дарс берувчи педагог учун 1548 соатлик иш юкламани бажариш ва қоғозда кўрсатиш мажбуриятини, мезонини белгилаб берган эдики, буларни амалга ошириш учун истаймизми, йўқми, ўқитувчи ҳисобот-у қоғозларга кўмилиб қолишига олиб келди.

Aйтсам ишонмайсиз: ўша 1548 соатлик юклама графаларида дарс соатидан бошлаб ҳар бир ишингизга неча соат ажратишингизгача ҳисоблаб, ойлик, йиллик жами соатга тўғри келадиган қилиб ҳисоблаб чиқишингиз ва йил давомида шуларни бажариб юришингиз керак. Бир ҳисобда тўғри ўйлангандек кўринади, ҳам қулай. Кимга қулай, биласизми? Келган текширувчига қулай! Келади, йиллик юкламангизни олади, «Хўш, фалон ойда фалон тадбирга 2 соат ажратибсиз, қани унинг сурати, ҳисоботи? Бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларга шунча соат ажратибсиз, қани унинг режаси, конспекти?» дейди, кўради, осонгина белгилайди ва ёки йўқ дея «кесади». Нақадар қулай!

Ишонасизми, шундай ўқитувчиларни кўрдимки, текширганда кесмасин дея, ўша графанинг ташкилий бўлим деган қисмида қилинган ишларини исботлаш учун мактаб ободончилик ишларида ёки шанбаликларида қатнашаётган пайтларида суратга тушиб, чиқариб, «шунча соат мактаб участкасида ишладим», дея ҳисоботлар ёзишган.

Ушбу қарор шу даражада педагоглар ва раҳбарият орасида оммалашиб кетдики, худдики, педагогларга ойлик тўлашнинг бошқа услуби йўқ, деган фикр кўпчиликнинг онгига сингди.

Орадан 13 йил ўтди. Жуда кўп соҳаларда эски қарорлар замон талабига жавоб бермаяпти, дея янгидан ишлаб чиқилди ёки тўлдирилди. Ушбу қарор чиққандан сўнг 10 йилча ўтибгина Халқ таълими Вазирининг 2016 йил 4 февралдаги 33-буйруғи чиқарилди. Унда ўқитувчи учун 6 та асосий иш ҳужжати санаб ўтилди, булар: йиллик иш режа (мен юқорида айтиб ўтган асосий соатма-соат нафас олганингизни кўрсатиб ҳисоблаб беришингиз керак бўлган 1548 соатлик иш режа), мавзувий иш режа, дарс конспекти, дарс таҳлил дафтари ва журнал. Aжойиб ўзгариш, ҳар ҳолда 10 йил қоғозбозликдан зериккан педагоглар учун. Лекин… бу буйруқ чиққанига 2 йил ўтган бўлса ҳам келган молиявий комиссиялар турли ҳисоботларни сўрашда давом этишига кимни айбдор дейиш мумкин?

«Буйруқда йиллик иш режа кўрсатилган, ўша режада сиз анави қилган ишларингизни қандай исботлайсиз, ҳужжатларни кўрсатинг», деган текширувчиларми ёки ўз ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаган, комиссиядан қалтирайдиган директорларми?

Менимча, ўқитувчиларнинг ўзида ҳам айб бор, ҳуқуқий ахборотларни ўз вақтида кузатиб боришмайди. Шу каби ҳеч бўлмаса, ўз соҳасига доир ҳуқуқий норматив ҳужжатларни билмагани туфайли ҳалигача 33-буйруқда катта қилиб «қисқартирилган» деб ёзилган ҳужжатларни ҳам тўлдириб юрган ўқитувчилар бор.

Лекин мен юқорида таъкидламоқчи бўлганим, ўқитувчиликка илк кириб келганимдан дуч келиб бажариб келаётган, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йили қабул қилинган қарорини қайта кўриб чиқиш зарурияти ҳозирги замонда энг долзарб масалалардан биридир. Наҳотки, педагог ходимларга ойлик иш ҳақи тўлашнинг бошқа усули бўлмаса?!

Бор! Фақат уни излаб топиш мумкин, ўқитувчининг ҳисобот ва қоғозларига қарамасдан амалий натижасига қараб иш ҳақи тўлаш механизмларини дунёнинг ривожланган давлатлари тизимидан топса бўлади.

Ўқитувчилардан амалий натижа талаб қилишдан аввал шунга мос қонун ҳужжатлари билан уларнинг эркинликлари ва ижодий ишларини рағбатлантирувчи, шаблон ва мажбуриятлардан холи иш механизмини жорий қилиш керак.

Эътибор беринг, мен ҳозир ижтимоий тармоқлар ва телевидениеда баралла айтилаётган, ўқитувчилар ойликларини ошириш ёки мажбурий меҳнатларга жалб қилмаслик ҳақида гапирмаяпман (улар ҳақида айтмаган мен қолдим холос ва бу гаплар амалга ошса, таълим тизимида ижобий портлаш эффекти рўй берган бўларди), шунчаки, ўқитувчининг бевосита кундалик иш жараёнини енгиллаштирувчи норматив ҳужжатларни сўрамоқдаман».

Агар халқ таълими вазирлиги чиндан ҳам ўқитувчиларнинг мактабда дарс ўтишга ижодий ёндашувини, таълим сифатининг оширилишини истаса, ўқитувчиларни қоғоз ва дафтар тўлдириш (тўлдирганда ҳам қўлда ёзиб тўлдириши керак — компьютердан чиқаргани бўлмасмиш! — Ш.Ш.) балосидан зудлик билан халос этиши керак.Акс ҳолда, уларнинг бўйнидаги мажбурий меҳнатга мажбурлаш учун «бўйинтуруқ»ни ўз ҳолича қолдирган бўлади.

Ўқитувчилар билан гаплашганимизда ортиқча дафтар тўлдиришлардан безиллаб қолишганини билдиришди: «Ахир биз кўп йиллар давомида дарс режасини, ўтилиши керак бўлган мавзуларни ёдлаб олганмиз, тунда туртиб уйғотишса ҳам адашмай айтиб бероламиз», дейишди улар.

Ташқарида XXI асрнинг 18-йили кетмоқда, аллақачон бундай рўйхатга олиш-у, дафтар тўлдириш каби нарсаларнинг барчасини компьютерлаштириш мумкин эди. Япония, Сингапур каби хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганинглар бундоқ, мутасаддилар, пойтахтдаги вазирлик биносидан чиқиб! «Барибир улардек бўлолмаймиз», деб дарҳол тарвузингиз қўлтиғингиздан тушаётган бўлса — медицина ва ахборот технологиялари соҳасида Ҳиндистон нега жаҳон етакчиларидан бирига айланиб бораётганига қизиқинг.

Мактаб таълимида гап кўп. Олимлик, мукаммал билим эгаси бўлиш учун тамал тоши шу ерда қўйилади. Фақатгина дарсдан ташқари бўш вақти кўп бўлган ўқитувчидангинатўлақонли дарс ўтиш, ўқувчиларга сабоқ беришда ижодий ёндашишни талаб қилиш мумкин. Ўқитувчилар малакасини ошириш тизимини ҳам замонавий вебинарлар, семинарлар ва тренинглар сифатида, ижодий муҳитда ташкил этиш фурсати етиб келган. Бу борада ҳам коммунистча-советча тизимдан тўлиқ халос бўлиш керак.

Ўқитувчига нега машина совға қилинмайди?

Хўш, ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва кераксиз қоғозлардан халос этишни ҳам уддалармиз, бироқ айни вазиятда ўқитувчининг ўқувчилари ва халқ ичида нуфузини яна қай тариқа ошириш мумкин?

«Қуруқ қошиқ оғиз йиртар», деганларидек, уларга аталган биргина кунни умумхалқ байрами сифатида белгилаб қўйиш билан чекланмаслик керак. Чунки шу байрамда ҳам ўқитувчилар ўз ўқувчиларига байрам учун пул йиғишга мажбур бўлиб, бор обрўсининг янада пасайишига сабаб бўлмаяптими?

Менинг таклифим: 5 йилгача бўлган иш стажига эга ёш ўқитувчилар учун «Ёш ўқитувчи», 5 йилдан 10 йилгача ишлаганлар учун «III тоифали ўқитувчи», 10 йилдан 15 йилгача ишлаганлар учун «II тоифали ўқитувчи», 15 йилдан 20 йилгача ишлаганлар учун «I тоифали ўқитувчи» унвонлари ва нишонлари жорий этилиб, ана ундан кейин «Халқ таълими аълочиси», «Хизмат кўрсатган ўқитувчи», «Халқ ўқитувчиси» унвонлари берилса, ўқитувчилар мана шу нишонларни доимо тақиб юришса. Албатта,бу ҳолатда қандайдир танловларда иштирок этиб, муносиб ўрин олганларга тоифа ва мукофотлар эртароқ ҳам берилиши назарда тутилиши лозим.

Дарвоқе, танловлар ҳақида. Билишимча, ҳар йили 15 та фандан «Йил ўқитувчиси» республика танлови ўтказилади. Менга маълум қилишларича, бу танловнинг мукофоти бор-йўғи 1,5 миллион сўм атрофида экан. Энди ўзингиз ўйланг: Нукусда ўтаётган математика бўйича «Йил ўқитувчиси» танловига Андижондан бораётган ўқитувчи йўлкира, овқатланиш, меҳмонхона харажатларига ўз чўнтагидан қанча пул сарфлайди?

Боз устига, тўрт қатор шеърни ёдлаган ўқувчиларга-ю, спортчиларга, Қуръон ҳофизларига мукофот учун автомобиль берилаётган бир пайтда! Шуми ўқитувчига эътибор?! Ушбу шарафли касбга эътиборсизлик, лоқайдлик халқ таълими вазирлиги каби энг юқори доиралардан бошланмаяптими? Ахир «Йил ҳамшираси» га ҳам машина берилади-ку?!

«Йил ўқитувчиси» республика танлови ғолибларига ҳар йили автомобиль берилиши шарт! Чунки олаётган маоши билан ўқитувчи ҳеч қачон автомобиль харид қила олмайди. Бу эса ўқитувчиларни янада ижодкор, янада тиришқоқ бўлишга ундайди. Қолаверса, ўқувчилар ва халқ ўртасидаги нуфузининг юксалишига хизмат қилади.

Яна бир таклиф: Ўзбекистонда таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасидан ташқари, давлатдан мустақил равишда фаолият юритувчи «Ўқитувчилар ассоциацияси» тузилиши керакка ўхшаяпти. Ушбу ассоциация жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши, ортиқча қоғозбозликлардан халос бўлиши учун курашадиган, вазирлик иштирокисиз янги педагогик услублар, йўналишлар ҳақида фикр алмашиладиган бир эркин ва ижодий муҳит бўлади.

Хуллас, ҳақсизликларга ўзи бош бўлган Халқ таълими вазирлиги энди яна ўзи бош бўлиб бу соҳада катта ислоҳотларни бошлаб бериши керак бўлмоқда. Агар ҳозирги мутасаддилар орзиқиб кутилаётган ислоҳотларни бошлашни исташмаса, ишни замонавий фикрлай оладиган ўқитувчиларни ҳимоялай олувчи, ислоҳотларни бошлашга чўчимайдиган ёшларни вазирликка келтириш лозим.

Шуҳрат Шокиржонов,

журналист

P.S. «Мажбурий меҳнат» деганда далада пахта териш ва кўча супуришнигина тушунадиган айрим «қолоқ» раҳбарлар билиб қўйишсинки, ўқитувчиларга металлолом ва макулатура йиғдириш, оммавий тадбирларда «фон» бўлиб туриш, уйма-уй юриб коммунал тўловларни тўплаш-у (аслида, МИБнинг иши бу) яна алламбалоларни қайд этишга жалб қилиш, обунага ва мактабнинг таъмирига пул йиғишга мажбурлаш ҳам ўқитувчиларнинг асосий вазифаси доирасига кирмайдиган ишларга МАЖБУРЛАШ ҳисобланади. Огоҳлантириб қўяйлик, биз сиздайларни синчковлик билан кузатмоқдамиз.



@Ustozlarga