Кун тартибида ОИТС мавзуси

Кун тартибида ОИТС мавзуси

https://t.me/olottumani

Бугун туман ҳокимилиги катта мажлислар залида туман ҳокими Наргиза Нематова ҳамда Бухоро вилояти ОИВ инфекциясига қарши курашиш тадбирларини мувофиқлаштириш комиссияси ОИТСга қарши курашиш маркази врачлари, «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш маркази, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлим, маҳалла вакиллари ҳамда туманда фаолият олиб бораётган эркаклар ва аёллар сартарошлари иштирокида ОИВ/ОИТС касаллиги мавзусида кенгайтирилган йиғили бўлиб ўтди.

Йиғилишда ОИВ инфекциясининг инсоният учун хавфлилигининг энг асосий сабаби – ушбу касалликнинг асосий нишони ҳар бир давлатнинг келажаги, жисмоний ва ақлий салоҳияти, жамиятнинг асосини ташкил этувчи ёшлар эканлиги таъкидланди. 

Ҳаётий тажрибаси кам бўлган ёшларнинг ОИВ/ОИТС касаллиги ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги ушбу касаллик билан боғлиқ бўлган оғир асоратларга олиб келиши, дунё, шу жумладан, республикамиз миқёсида касалликнинг тез суръатларда тарқалишига замин яратади. 

Бугунги кунда сайёрамизда 39 миллионга яқин инсон ОИВ/ОИТС дан азият чекмоқда. Уларнинг орасида аёллар ва болалар ҳам борлиги аянчлидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва УНАИДС ташкилотининг (БМТ ОИТСга қарши курашиш дастури) берган маълумотларига кўра, ҳар соатда дунё бўйича 308 нафар ва бир кунда 7400 га яқин киши ОИВ инфекциясини юқтириши ҳамда 5500 нафар одам ушбу касалликдан вафот этиши баён этилди.

Инсон саломатлиги ва ҳаётига жиддий таҳдид туғдираётган бу муаммонинг олдини олишда ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик муҳим аҳамият касб этади. Ана шундай алоқаларни мустаҳкамлаш, мақсадида сайёрамизда 1-декабрь – Бутун жаҳон ОИТСга қарши кураш куни деб эълон қилинган.

Йиғилишда тиббиёт ходимлари томонидан ОИВ ва ОИТС ҳақида тушунчалар берилди.

ОИВ инфекцияси – асосан инсон организмига вирус тушиши, аммо касаллик аломатлари ҳали намоён бўлмаган давр эканлиги. Инсон вирус юққан пайтда ташувчи вазифасини бажаради. 

ОИТС – орттирилган иммунитет танқислиги синдроми яъни касалликнинг сўнгги босқичи бўлиб, бу даврда инсон организми ҳар қандай касалликка бардош бериш хусусиятини йўқотиши таъкидланди.

ОИВ инфекциясида одам организмига тушган вирус таъсирига иммунитет тизими маълум даражада жавоб қайтаради, лекин касаллик аломатлари деярли бўлмайди. Уни фақат лаборатория текширишларида аниқланади. Вирус билан организм ўртасидаги кураш узоқ давом этади ва вируснинг ғалабаси билан якунланади.

Вируснинг организм устидан ғалабаси бошлангандан кейин ОИТС даври бошланган бўлади. Инфекция юққан дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этиши мумкин. Бундай ҳолат ҳеч қандай аломатларсиз 8-10 йилгача чўзилиши мумкин. Бу даврда одам соғломдек кўринса-да, ўзи билмаган ҳолда касаллик вирусини бошқаларга юқтириши мумкин.

Бундан ташқари касалликнинг юқиш йўллари айтилиб, аҳолини огоҳликка чақиришга даъват этилди:

1. қон орқали;

2. жинсий алоқа орқали;

3. инфекция юққан онадан ҳомилага.

Вирус қон орқали юқиши қуйидаги ҳолларда рўй бериши мумкин:

томир орқали гиёҳванд модда қабул қилувчиларда умумий шприц ва игна ишлатганда;

тери қоплами бутунлигини бузиб бажариладиган муолажалар орқали;

вирус билан зарарланган қон қуйилганида;

стерилланмаган тиббиёт анжомлари ишлатилганда.

Шу ўринда ОИВ инфекциясини давоси борми деган савол ўртага ташланди.

Бу саволга ҳозирги кунда ҳам дунё олимлари томонидан ўтказилган изланишларга қарамасдан жавоб топилгани йўқ. Инфекция аниқланганда вируснинг кўпайишини олдини олувчи дори воситалари мавжуд ва улар вирусни кўпайиш тезлигини камайтириб, беморнинг ҳаётини бир неча ўн йилга қадар чўзиб туришга хизмат қилади.

Тиббиёт ходимлари ўз сўзида:

-бир марталик ишлатиладиган шприц ва игнадан фойдаланиш;

-стерилланган тиббиёт асбоб-анжомларидан фойдаланиш;

-қуйиладиган донор қони доимо ОИВга текширилган бўлиши шарт;

-ўз оиласига содиқ қолиши, жинсий ҳамроҳ доимий бўлиши;

-аёллар ва эркаклар сартарошларига

тери қопламларига ишлов беришда (маникюр, педикюр, юз терисини тозалаш ва бошқа косметик хизматлар) стерилланган ёки бир марталик ишлатиладиган асбоб ва ускуналардан фойдаланиш;

-шахсий (индивидуал) тиш ювиш чўткаси ва соқол олиш устарасидан фойдаланиш;

-ўғил болаларни хатна қилдиришни фақатгина мутахассис шифокор томонидан шифохонада амалга оширишни таъминлаш;

-игна билан даволаниш муолажаларини олаётганда игнанинг стерилизациядан ўтказилганлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш;

-умумий овқатланиш объектларида (ресторан, чойхона, ошхона, қаҳвахона ва тўйхона) ҳар бири алоҳида ўралган (қадоқланган) тиш ковлагичлардан фақат бир марта фойдаланиш каби қатъий қоидалар асосида юришга, эътиборли бўлишга чақирдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ОИВ/ОИТС касаллигини олдини оладиган вакцина ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун шахсий профилактиканинг аҳамияти катта.


Глобал миқёсда давом этаётган бу муаммо бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Шу боис, юртимизда маънавий қадриятларимизга зид, келажак авлодлар саломатлигига жиддий рахна соладиган бундай иллатларга қарши курашиш ва инсон саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018-йил 22-июнда имзоланган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3800 – сонли Қарор ижроси асосида Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури тасдиқланган. Дастурда ёшларимизнинг тиббий кўникмаларини ошириш, миллий қадриятларимиз ва халқимиз менталитетига ёт иллатларнинг олдини олишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. ОИВ инфекциясининг тарқалиши сабаблари ва шароитларини ҳудудлар бўйича мунтазам таҳлил этиш, миллий анъана ва маънавий-ахлоқий асосларни инобатга олган ҳолда аҳолининг кенг қатламлари орасида мазкур касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.  

Касалликни диагностика қилиш жараёнида полимер занжирли реакция усулларидан ва воситаларидан самарали фойдаланилаётганлиги касалликка эрта ва аниқ ташхис қўйиш, унинг асоратларини камайтириш ва инсон умрини узайтиришга хизмат қилмоқда.

Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самараси бериши кераклиги. Янги ҳаёт қуриш арафасида турган келин-куёвлар тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтмоқда. Аҳоли ўртасида ўз саломатлигини назорат қилишга қизиқиш кучаймоқда, - дейди туман раҳбари Наргиза Нематова.

Олот тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.



Report Page