Кун давомида "Новкент" маҳалласидаги муаммолар ўрганилди
Тошкент вилояти прокурори С.Самадов Пискент тумани "Новкент" маҳалласи фуқароларини қабул қилди. 12-мактабда сайёр қабул тарзида ўтказилган учрашувда тумандаги сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, Халқ қабулхонаси масъуллари, мутасадди ташкилот ва корхона бошлиқлари қатнашдилар.
Юзма-юз мулоқотларда фуқароларнинг 15 та мурожаати кўриб чиқилди. Коммунал соҳа, ичимлик суви ва газ таъминотини яхшилаш, электр симёғочларни янгилаш, йўлларни таъмирлаш, шунингдек, бандлик, имтиёзли кредитлар ажратиш тўғрисидаги мурожаатларнинг 10 тасига мутасаддилар иштирокида ижобий ечим топишга эришилди. Ўрганиш учун вақт талаб этиладиган масалалар бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Хусусан, маҳаллада электр энергияга бўлган эҳтиёжни қоплаш ва 50 та янги симёғоч ўрнатиш бўйича туман Электр тармоқлари идораси раҳбари У.Холиқовга аниқ муддат ва вазифа юклатилди.
Шунингдек, С.Самадов ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларида ҳам бўлиб, давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиши мўлжалланган бинони кўздан кечирди. Болаларни боғчаларга қамровини кенгайтириш бўйича зарур вазифалар белгиланди.
Кун давомида вилоят прокурори туман раҳбарияти ҳамроҳлигида аҳоли хонадонларига ҳам бориб, уларнинг турмуш шароити, бандлиги, эҳтиёжларини ўрганди. Шунингдек, маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.