Кумушкон биринчи туристик қишлоққа айлантирилади

Кумушкон биринчи туристик қишлоққа айлантирилади



Сўнгги вақтларда юртимизда туристик қишлоқлар ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йилнинг 1 ва 3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида ҳам бунга доир қатор топшириқлар берган эди.

22 июнь куни ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси масъул ходимлари Тошкент вилояти Паркент тумани Кумушкон маҳалла фуқаролар йиғинига туристик қишлоқ ташкил этиш мақсадида хизмат сафари билан ташриф буюришди.

Шу куни Кумушкон қишлоғида экоҳашар уюштирилди. Маҳаллий аҳоли қишлоқда олиб борилаётган ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишди. Тошкент вилоят туризмни ривожлантириш департмент раҳбарияти ва Қўмита ходимлари ҳам ўтказилаётган ҳашарга ўз ҳиссалари қўшиб, қишлоқ аҳолиси билан яқиндан суҳбат қуришди.

Ҳашар баҳона дийдорлашаётган қишлоқ аёллари-ю, куч-ғайрат билан ишлаётган кишиларнинг кайфиятлари аъло эди. Кўтаринки руҳда ўтаётган тадбир жажжи болакайларга ҳам қувонч улашди.

Қўмита ходимлари Кумушкон қишлоғи аҳолисини туризм фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Бундан ташқари, қўмита ходимлари қишлоқ ва унинг атрофларида туристик маршрутлар, “селфи объект“лар, шунингдек, янги туристик объектлар ташкил этиш мумкин бўлган ҳудудлар билан яқиндан танишишди.

Қишлоқ йўлларида пиёда сайр қилган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси масъул ходимлари Кумушкон қишлоғи экотуризм ихлосмандлари учун ажойиб маскан эканлигини, сайёҳлар учун етарли қулайликлар яратилса, юртимизнинг биринчи туристик қишлоғига айланишини таъкидлаб ўтишди.



Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги

Миллий PR маркази

Report Page