Куч-адолатдадир!
#фикрОАВридаги мухолифатга шароит йўқ деган фикрларга мутлоқ қўшилолмайман. Бугунги кунда расмий мухолифат учун ҳамма имкониятлар яратилган. Уларни ўқимаган, ёки била туриб тан олмайдиган, енгил йўл билан ҳокимиятга эришмоқчи бўлганларга фақат битта маслаҳат – ўзингизни ҳурмат қилмоқчи бўлсангиз Қонунларни ўрганинг! Қонунлар адолатга элтадиган катта куч ҳисобланади.
Энди мухолифат масаласига келсак. Янги Ўзбекистонда мухолифатнинг фаолият юритиши учун барча ҳуқуқий ҳамда сиёсий асослар яратилган. «Сиёсий партиялар тўғрисида» ва «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунларда партияларни тузиш талаблари аниқ ёритилган. Масалан, «Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонуннинг 6-моддасига (Сиёсий партияни тузиш) кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида 8 та ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади. Масалан, Адлия вазирлиги «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этди. Сабаби, аризалар ва илова ҳужжатлари тегишли қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим этилган. Биринчидан, улар Ўзбекистонда партияни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг фуқаро имзоси талаб қилинса, «Ҳақиқат ва тараққиёт» партияси давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича бор-йўғи 9 873 та имзо тўплаган. Иккинчидан, қайд этилишича, 7 апрелдаги аризага 7 675 та (қўшимча 944 та) ва 7 июндаги аризага 1 254 та имзо қўйган фуқароларнинг рўйхатлари илова қилинган. Ўрганиш жараёнида аниқланишича, имзолар рўйхатида кўрсатилган шахсларнинг 42 нафари вафот этган. Бу имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли гумонлар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди. Шунинг учун ҳам «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партияси давлат рўйхатидан ўтказилмади. Ёки Эрк партияси томонидан номзоди сурилиши режалаштирилган Жаҳонгир Отожоновнинг сиёсий хатти ҳаракатлари, ҳукумат босими эмас, халқ иродаси ва хоҳиши натижасида тўхтатилди. Ўз сиёсий дастури нари турсин, мустақил фикрига эга бўлмаган, юрт манфаати ва халқ хоҳишини ҳамда мамлакат барқарорлигини ўзида тасаввур эта олмайдиганлардан нима кутиш мумкин? Фақат қўпорувчилик ва тинчликка раҳна солишдир.
Феруза Усарова,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик маркази илмий ходим.