Кредит олиш бўйича 595 мингта аризанинг 302 мингдан ортиғи (57%) асослантирилган ҳолда қайтарилган

Кредит олиш бўйича 595 мингта аризанинг 302 мингдан ортиғи (57%) асослантирилган ҳолда қайтарилган

https://t.me/aoka_uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги

ПҚ-55-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Ягона электрон платформа (“oilakredit.uz”) орқали ўзини ўзи банд қилиш, турли хил кичик ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш (ривожлантириш) мақсадларига кредитлар ажратиб келинмоқда.

Бунда кредит аризасини топширишдан маҳсулот етказиб бериш (хизмат кўрсатиш)гача бўлган барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда Ягона электрон платформа орқали (СМС-хабарнома, электрон почта, телеграм-бот ва шахсий кабинет асосида) амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан кредит олиш мақсадида келиб тушган 595 мингдан ортиқ ёки 18,1 трлн. сўм миқдоридаги аризалар ҳоким ёрдамчилари томонидан ўрганиб чиқилиб, аризаларнинг

57 фоизи, яъни 302 мингдан ортиғи ёки 10,4 трлн. сўмлик қисми дастлабки мониторингда фаолият тури бўйича шарт-шароитлари ва имконияти етарли эмаслиги, зарур кўникмага эга бўлмаганлиги каби сабаблар билан платформа орқали асослантирилган ҳолда қайтарилди.

Таққослаш учун: 2021 йил январь-июль ойларида аҳолидан келиб тушган аризаларнинг атиги 19 фоизи сектор раҳбарлари ва МФЙ раислари томонидан рад этилган.

Бу ўз навбатида, ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти кредит маблағларини самарали ва мақсадли йўналтирилишида муҳим аҳамият касб этаётганлигини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, маҳсулот ва асбоб-ускуналарни етказиб бериш ҳамда хизматлар кўрсатишда марказлашган таъминот тизимидан воз кечиб, электрон савдо майдони орқали уларни харид қилишда эркин танлов ва рақобат муҳитини ўз ичига олган “Маркетплейс” эркин савдо майдони (“smart-market.uz”) ишга туширилди.

Хусусан, кредит олувчилар ўзлари платформадаги мавжуд маҳсулот, асбоб-ускуна, хизматлар нархлари ва хусусиятларини таққослаб, мустақил равишда танлаш имконига эга бўлди ҳамда ҳужжатларни (олди-сотди шартномасини тузиш, маҳсулот қабул қилиш далолатномасини имзолаш, кредит маблағини сотувчига ўтказишга топшириқ бериш) электрон тарзда расмийлаштирмоқда.

Электрон савдо майдонида барча маҳсулот етказиб берувчи корхоналар томонидан маҳсулот, асбоб-ускуна ва хизматларни сотиш бўйича таклифлар эркин жойлаштирилади.

Малумот учун: Бугунги кунда ушбу савдо майдонида рўйхатдан ўтган ҳолда маҳсулот ва хизматларни таклиф этаётган тадбиркорлик субъектлари сони 15,5 мингдан ортиқни, улар томонидан иссиқхона қуриш, боғдорчилик, чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа йўналишларда жойлаштирилган таклифлар сони қарийб 148 мингтани ташкил этмоқда.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида Ягона электрон платформа орқали белгиланган ҳужжатларни расмийлаштиришда:

1. Кредит олувчи:

- тижорат банки билан кредит шартномаси тузилгандан сўнг 15 иш куни ичида маркетплейс тизимида маҳсулот етказиб берувчи билан маҳсулот ва хизматларни етказиб бериш тўғрисида шартнома тузиб, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаши;

-  товарлар шартнома тузилган кундан бошлаб 10 кундан (хизматлар эса

20 кун) ортиқ бўлмаган муддатда етказиб берилишини маҳсулот етказиб берувчидан талаб қилиши;

2.  Маҳсулот етказиб берувчи:

- кредит олувчига маркетплейс тизимида танлаган товарлар шартнома тузилган кундан бошлаб 10 кундан (хизматлар эса 20 кун) ортиқ бўлмаган муддатда етказиб берилишини таъминлаши зарур.

Ўз навбатида, Ягона электрон платформа орқали жорий йил давомида

(10 август ҳолатига) аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 250 мингтадан ортиқ лойиҳаларига жами 6 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди.

Эслатма. Юқорида келтирилган низом талабларига риоя этмаслик тегишли ҳужжатлар бекор қилиниши ва кредит ажратилмаслигига асос бўлиши мумкин.


Report Page