Корзинка карантин даврида 2.0

Корзинка карантин даврида 2.0

Зафар Ҳошимов
Суратда HR бўлимидан ҳамкасабам ва корпоратив харидлар бўлими раҳбари. Бу мутахассисларимиз компаниямизнинг махсус ажратилган офисида ПСР тест топшираётган бошқа ходимларни назорат қилиб, уларга кўмаклашмоқда. Бир сўз билан айтганда, қаҳрамонлар.

Ушбу лонгрид мижозларимиз, ҳамкорларимиз ва ҳамкасабаларимиз учун фойдали бўлишига аминман.


Айни вақтда барчамиз бошимиздан ўтказаётган иккинчи карантин чоралари олдимизга мутлақо янги кўрсатма ва талаблар қўйди.

Эпидемиянинг янги тўлқини сезиларли тарзда кучайди ва деярли барча ташкилотларни қоплаб олди, кўплаб оилаларга таъсир ўтказди.

Афсуски, бизнинг тармоғимиз ҳам бундай даҳшатли тўлқин зарбасидан четда қолмади.


Мен мавжуд машаққатларга қарамай, барча филиалларимиздаги меҳнат самарадорлигини сақлаб қолиш, бутун ходимларимиз жамоасига иш жойларида, харидор ва ташриф буюрувчиларимизга эса маркетларимизда зарур хавфсизлик ва қулайликни таъминлаб бериш мақсадида Korzinka тармоғи жамоаси қандай чоралар кўраётгани ва қадамлар ташлаётгани ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман.


1) Тармоқнинг бутун офис таркиби масофадан, онлайн шаклда ишлаётганига, мана, бир ҳафтадан кўп бўлди.

Ташкилотда ҳар қандай учрашув ва йиғилишлар бекор қилинди.


2) Маркетларда биз барча карантин чора-тадбирларини ўтказишда давом этяпмиз: тиббий ниқоблар, санитайзерлар, қўлқоплар, ҳароратни ўлчаш, кассалардаги экранлар, масофа сақлаш учун белгилар мавжуд, шунингдек, гавжумлик ва тиқилинчнинг олдини олиш учун ташриф буюрувчиларни навбатма-навбат ичкарига киритяпмиз.


3) Ходимларнинг ҳароратини кунига бир неча марта, камида 3 марта ўлчаяпмиз. Ҳарорат 37 гача кўтарилса, биз зудлик билан уларга ишдан жавоб берамиз.


4) Ҳолсизлик, ҳарорат аниқланиб, ишдан озод этилган ёки саломатлиги сабаб ўзлари ишга чиқмаган барча ходимлар умумий маълумотлар базасига киритилмоқда.


5) Компаниямиз врачи (ажабланманг, ҳа, бизда шундай мутахассис ҳам бор) тезда ходим маълумотларини кўздан кечиради, унга қўнғироқ қилиб, симптомларни аниқлаштиради.


6) Симптомларга ёки коронавирус симптомларига яқин аломатга эга ходимлар, ҳатто тўла соғайганман, дея ҳисоблашсада, COVID-19'га тест топширмагунича ишга қўйилмайди.


7) Ҳозирда тест топшириш ва унинг натижасини олиш қанчалик қийин эканлигини ҳаммамиз билиб турибмиз. Биз ташкилот даражасида хусусий тиббиёт муассасаси билан келишиб олдик ва ходимларимиз, баъзан уларнинг оила аъзолари учун ҳам компания ҳисобидан тезкор тестларни ўтказяпмиз.


8) Ходимда ушбу касаллик аниқланган тақдирда, маркетнинг бутун жамоаси ёки тармоқнинг маълум бир бўлими 14 кунлик карантинга олинади.


9) Карантиндаги жамоа сафида яна бошқа кимдир касаллик симптомлари ҳақида маълум қилса, улар ҳам тест амалиётидан ўтказилади.


10) Карантин сабабли ишдан озод этилган ходимлар ўз иш жойлари ва мажбурий сабабларга кўра ишлай олмаган вақти учун ҳам тўлиқ маошини сақлаб қоладилар.


11) Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва СЭОМнинг маҳаллий бўлинмаларига бемор тўғрисида хабар берамиз, компания врачи эса давлат тиббиёт муассасаси билан бирга касалликка чалинган ходимларга ССВ томонидан тасдиқланган талабларига кўра масофадан уйдаги муолажа учун йўриқлар кўрсатиб туришади.


12) Иш жойида, ишчи ҳудудлар, ошхоналарда ходимларнинг диққат-эътиборини мўътадиллаштириш ҳамда маркетлар жамоаси орасида бир вақтнинг ўзида вирус юқтириб олиш ва унинг тарқалиши олдини олиш, шунингдек, коронавирус аниқланган ҳолда персоналнинг тез ва самарали алмаштирилиши учун маркет ходимлари штати икки кесишмас сменаларга бўлинган. Улар ҳар ҳафта алмашиб ишлайдилар. Кундалик дезинфекция ишларидан ташқари, бутун маркет ҳудудида ҳар смена алмашувида катта ювиш-тозалаш ва чуқур дезинфекция ишлари ўтказилади. Фаолиятнинг бундай тартиби апрель ойиданоқ логистика тизимимизда қўлланиб келмоқда. Уни энди биз маркетларда ҳам амалга оширяпмиз.


Фурсатдан фойдаланиб, мен барча харидорларимизга мурожаат қилмоқчиман.

Бизнинг барчамиз ҳозир бир кемада, коронавируснинг тарқалишига қарши машаққатли курашда тўсиқ ва баррикадаларнинг бир томонидамиз. Ходимларимизга ҳам осон бўлаётгани йўқ. Улар ҳар кун мавжуд хавф-хатарларни била тура ишга чиқаркан, кичик бўлсада, жасорат кўрсатадилар.

Ҳурматли мижозлар, мен сизлардан барча хавфсизлик чораларига қатъий амал қилишингизни, айниқса, ниқобларингизни тўғри тақиб олишингизни (бурундан пастга, ҳатто ияк остига тушириб олманг), тақдим этилган антисептик воситалар билан қўлларингизни яхшилаб дезинфекция қилишингизни, харид давомида эса бир марталик қўлқопларни тақиб олишингизни (ишлатиб бўлингандан сўнг улар ҳар ерга эмас, балки чиқиш қисмида ўрнатилган махсус ўрага ташланади) сўраган бўлардим. Ва, албатта, агар малол келмаса, сотувчи ва кассирларимизга нисбатан ҳурмат сақлаб, бироз илтифотли бўлинг. Балки уларнинг қандайдир камчиликлари бордир, бироқ улар ҳам инсон, улар айни дамда барчамизни, лозим бўлса, энг асосийси — озиқ-овқат билан таъминлаш учун ишлаяптилар.


Келтирилган чоралар ритейлер ҳамкасабаларимиз фаолиятини ташкил этишда ёрдам берса, чин кўнглимдан шод бўламан.


Барчага эзгулик тилайман. Хаста бўлманг. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг.

Зафар Ҳошимов


Report Page