Коррупция - иллат

Коррупция - иллат


Пискент туман ҳокими Р.Рихсиев раҳбарлигида коррупцияга қарши курашиш масаласига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Унда ҳоким ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва тумандаги барча корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда туман прокурори А.Жўраевнинг туманда коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлар юзасидан маърузаси тингланди. Барча ташкилотларда олиб борилаётган тушунтириш ишлари, мутасаддилардан кафолат хатлари олинганига қарамай, коррупция исканжасига тушиб қолиш ҳолатлари учраб турганлигини таъкидлаб ўтилди. 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 10 нафар мансабдор шахс турли кўринишдаги коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган. Қонунбузилиш ва суиистеъмолликлар соғлиқни сақлаш, халқ таълими, банклар, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, электр таъминоти корхонаси, СЭОМ ҳиссасига тўғри келади. Туман прокурори жорий йилда коррупция билан боғлиқ жиноятлар натижасида 642 млн 300 минг сўм зарар келтирилганлигини айтиб ўтди.

Иқтисодий тараққиётда банклар фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Лекин банк хизматлари кўрсатиш, кредит ажратишда таъмагирлик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари бўйича 3 та жиноят иши қўзғатилган. 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади, банк ходимларининг ўзи жиноий фаолиятга бошчилик қилса, уларга давлат, фуқаролар ва тадбиркорларнинг маблағини қандай ишониб топшириш мумкин?

Шунингдек, йиғилишда халқ таълими, соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция ҳолатлари кузатилаётгани тилга олинди. Соҳага алоқадор айрим ходимлар ўқишга, ишга жойлаш ҳақида ваъдалар билан таъмагирлик, порахўрлик қилмишлари учун жавобгарликка тортилган.

Хусусан, 13-мактаб ўқитувчиси Г.Х. фуқарони 3500 АҚШ доллари эвазига ўқишга жойлаш, контракт тўловлари учун 3 млн 800 минг сўм пулни олган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинган. Тиббиёт ходими Д.У. тиббиёт бирлашмасига ишга киритиш учун 400 АҚШ доллари талаб қилиб, фирибгарлик йўли билан олаётган вақтда ҳуқуқ тартибот органи ходимлари томонидан ушланган.

Йиғилиш давомида порахўрлик тараққиёт кушандаси эканлиги, оқибатлари нафақат жиноят содир этаётган шахснинг қадр- қимматига балки ота-онаси, фарзандлари олдида ҳам обрўсизланишига олиб келиши ҳақида ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.

Report Page