“Коррупционер-домла” кетди деб хурсанд эдик, аммо…

“Коррупционер-домла” кетди деб хурсанд эдик, аммо…

@xalqlive

ТДПУ талабалари ва университет маъмурияти "коррупционер" деб иддао қилаётган ўқитувчининг ишга қайтишидан норози. Маълум бўлишича, илмий кенгаш қарори билан талабалардан пора олган ўқитувчи ишдан бўшатилгач, норози ўқитувчи судга мурожаат қилган ва суд уни ишга тиклаш ҳақида ҳукм чиқарган. Талабалар ва университет маъмурияти суд қароридан норози. Мана бу мақолада бир гуруҳ талабаларнинг шу ҳақдаги фикрлари берилади.

2020-йил бошида президентимиз томонидан олий таълим тизимида коррупсияни олдини олиш ҳамда “ҳалоллик вакцина”си жорий қилиш мақсадида 10та олий таълим муассасаси ректорлари ўзгартирилган эди. Жумладан, Низомий номидаги Тошкент давлат университетида ҳам раҳбарият ўзгариб, университетдаги мавжуд коррупция ҳолатларини олдини олиш ва бунга йўл қўйган профессор-ўқитувчиларга қатъий чоралар қўллаш бўйича эзгу ишлар бошланди.

Коррупцияга йўл очган шундай ходимлардан бири Хорижий тиллар кафедраси мудири Ш.Р. ўз вазифасини суистеъмол қилганлиги ҳамда лавозимига нолойиқ эканлиги сабабли ишдан озод этилди. Ушбу жараён кўплаб талабалар орасида пинҳона бўлса-да хурсандчилик билан қабул қилинганди. Чунки кўпчилик талабалар уни яна қайтиб келиб босим ўтказишидан чўчишарди. Биласизми нима, ўзбек талабалари орасида, талаба зоти энг кўп қўрқадиган нарса, бу ҳақиқатни очиқ айтиш. Сабаби талаба ҳақиқатни очиқ айтиши ортидан, ўқитувчи ёки лавозимли ходим унга босим ўтказиб, хатто ўқишдан қолдириб юборишидан қўрқади. Лекин Ш.Р.дай ўқитувчилар бирин-кетин янги раҳбарият текширувлари ортидан, ишдан кетишни бошлаганда, қандай тушуниш мумкин билмадиг-у, аммо кўплаб талабалар хурсанд бўлишди. 

Лекин хурсандчилик узоққа чўзилмади. Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди томонидан Ш.Раҳимовани қайта ишга тиклаш бўйича қарор чиқди. Нега деган савол бошимизда чарх айланарди. Нега коррупция бўйича, шундай домлалар устидан раҳбариятга арз қилсаг-у, ходим ишдан кетиб-кетмай ҳам, “коррупсционер”ни қайта бизга, бўлажак миллат педагогларига яна устозлик қилса? Бизга коррупционер домла қўлида ўқиш раво кўриляптими шунда? Наҳотки коррупционер ишга қайта тикланса? Қани адолат, қани бу ерда президент сиёсати?

Қизиғи суд бир томонлама, яъни, Ш.Р.нинг фойдасига кўра ўтказилганлиги, гувоҳларнинг талаблари тўлиқ инобатга олинмасдан олиб борилганлиги маълум бўлди. Шунча гувоҳларнинг фикри инобатга олинмади. 

Ўнлаб талабалар Ш.Р.нинг устидан шикоятлар ёзишига қарамасдан, университет даргоҳининг энг мўтабар кенгаши Илмий Кенгаш тафтиш ўтказиб, ушбу ходим бўйнига барча камчилик ва хатоларини исботи билан қўйишига қарамасдан, нега қайтда ишга тикланмоқда? 

Талабалар 2018 йилдаги коррупция ҳолати ҳақида хабар бериб ёзган ариза. Талабанинг исми унинг илтимосига кўра ўчирилди. Яна бир исми ўчирилган ўқитувчига нисбатан фактлар йиғилaётгани хабар қилинди.

Бугунги кунда университетда бизга таълим берувчи профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, интернет тезлигини яхшилаш, ахборот коммуникатсяия технологияларни яна кенгроқ жалб қилиш учун кўп ишлар қилинмоқда. Лекин қачонгача олий таълим муассаслари ҳақида фикр юритилганда, Ш.Р.га ўхшаганларни деб коррупциялашган тизим кўз ўнгимизга келади. 

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, таълим соҳасида масъул ходимлар ўртасида пора олиш билан боғлиқ ҳолатларни йўқотиш қийин. Тўғри, коррупция аталмиш бало бошқа соҳаларда ҳам йўқ эмас, албатта. Буни ҳар қандай кўзи ва қулоғи бор одам рад эта олмайди. Aммо таълимдаги коррупция бу – ана шу иллатни ишлаб чиқариш заводидек гап. Унинг мамлакат тараққиёти ва жамият ҳаётидаги салбий оқибатини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида олий таълим тизимини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш борасида кўп ва хўб фикрлар билдирилган эди. Aммо судларнинг бу каби қарорлари тизимга яна нохолис кадрларни қайтармоқда. Натижада талаба ёшларнинг ҳам эртанги кунга ишончи йўқолмоқда.

Энди ТДПУ ижобий томонга ўзгаради, нолойиқ ўқитувчилар бизга бошқа босим ва зуғум ўтказа олмайди, шахсан президентимиз тайёрлаган ректор бизни сифатли ва ҳалол таълим олишимиз учун барча ишларни қилади деб турганимизда, суд нафақат коррупционерни ишга тиклади, балки университет бюджетидан унинг ҳисобига моддий маблағ ундириб бериш бўйича ҳам қарор чиқарди. 

Коррупционерни коррупция қилганига барча исбот бўла туриб, уни оқлаш етмаганидек, унга муқаддас таълим даргоҳининг бюджетидан (бу пулларни талабалар ўқиши учун қўшимча шароитлар, имкониятлар яратишга сарфлаш мумкин эди) миллионлаб сўм моддий маблағ ундириб берилди,қани адолат?

Бу борада, адолат учун “тарози кўтарган Фемида” қўлидаги тарози паллалари қонуний тарзда солиштирилмаган деган хулосага келишга мажбур бўляпмиз. 

Биргина мисол, 2018-йил июн ойида Тошкент давлат педагогика университетида Ш.Р. билан боғлиқ коррупция холатлари бўйича талабалар томонидан раҳбариятга ариза берилган, аммо бу ўша пайти ноаниқ сабабларга кўра босди-босди қилинган. Кафедра мудирига бундай ишларни қайта такрорламаслиги бўйича огоҳлантирилган, холос. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, бу ҳолатлар такрорланишда давом этган.

Тасаввур қилинг собиқ кафедра мудири Ш.Р. қайта ишга тикланса, у бундай ишларни яна такрорламайди деб ким кафолат бера олади? Олий таълим муассасаларида бундай педагоглар фаолият олиб бораверса, олий таълим тизимини қандай қилиб президентимиз айтганидек коррупсиясиз соҳага айлантирамиз? Коррупцияни давом эттиришга йўл очиш Президент қарорига, ислоҳотларга, антикоррупцияга қарши иш қилиш эмасми?

ТДПУ талабалари

Изоҳ: Муаллифлар (талабалар)нинг ушбу иддаолари канал маъмурияти фикрига мос келмаслиги мумкин.

Каналга уланиш:

➡️ t.me.xalqlive

Report Page