Чуғул миллий қаҳрамони - Кўрпачаботир !
Бизга "Чулун таппи" пресс-конференция чақирибди" деган хабарни эшитишимиз билан қўлимизни оёғимизга олиб Чулун таппиникига йўл олдик. Айтиб бўладими, яна ҳар сафаргидек блогерлар залнинг тўрини эгаллаб олган бўлсалар биз яна орқада қолиб кетишимиз мумкин. Аммо Чулун таппиникига боргач, барчаси бошқача бўлиб чиқди. Залнинг ўртасига Чулун таппи кўрпачани солиб олиб, компьютерига термулиб бир нарсаларни ёзиб ўтирибди. Бир ёнида сўнгги маркадаги бир нечта телефонлар, иккинчи томонида эса уларга заряд берадиган симли ва симсиз зарядлагичлар. Бир балодан қолган балогирлару, улардан ҳам ортда қолган журналистлар Чулун отага ҳайрат билан термулиб турибдилар. Компьютери ва телефонлари орқали берилиб бир нарсаларни ёзиб бўлган Чулун таппи ниҳоят барча аппаратларни заряда қўйиб олиб бизларга қараб гапира бошлади.
Чулун таппи :
- "Чулун ота" бизни бу ерга нима сабабдан чақирди экан ?" деган савол сизларни қийнамасидан олдин мақсадга ўтиб қўя қолай, нима дейсизлар ? Биласизлар, мен миллийлик мавзусига бефарқ эмасман ва мен учун Чуғул ўзлиги муқаддас туйғу саналади. Шу сабабдан, мен бекорчиликдан қилишга иш топмасдан бир нарса ҳақида ўйладим. Менинг Ботмон, Ҳайронман, Сийпайдирман деган американинг ғалати қаҳрамонларининг Чуғулистонга кириб келишига қарши олиб борган аёвсиз ва самарасиз курашларимдан хабарларингиз бор. "Ютқазган курашга тўймас" деган чуғул мақолига амал қилган ҳолда мен ниҳоят ўзимизнинг табиий, реал ва миллий хусусиятларимизга мос чуғул қаҳрамонини яратишимиз керак деган қарорга келдим.
Шундай қилиб, бугун мен сизларга ўз тимсолим бўлмиш Чуғулистоннинг янги қаҳрамони - Кўрпачаботирни таништирмоқчиман.
Кўрпачаботир бошқа қаҳрамонларга ўхшаб учмайди, сакрамайди, деворларга ёпишмайди. Унинг жисмоний жойлашган жойи асосан кўрпачанинг устидан иборат бўлсада, амалда унинг жанг майдони, қаҳрамонлик фаолиятининг ҳудудлари ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёни эгаллаб олади. Кўрпачаботир ўтирган жойида Фейсбук, Инстаграм, Твиттер, Телеграм ва бошқа тармоқларда ўзига очиб олган профили ва баъзан профиллари орқали бутун дунёдаги душманларга қарши жанглар қилади, эзгу миш-мишларни тарқатади. У ҳеч кимдан қўрқмайди, ҳеч кимга тан бермайди ва жинси, ирқи, оғирлиги, ҳунуклик даражаси, билагининг каттлигидан қатъий назар истаган одамга қарши жангга киришиб кетаверади. Унинг қаршисидаги рақиби академик ёки профессорми, олимпиада чемпиони ёки моҳир учувчи, ўз соҳасининг билимдони ёки бутун инсониятга хизмат қилиб қўйган арбобми, унга фарқи йўқ. Агар унинг фикрига қарши чиқадиган бўлса ёки у бир нарса деганида "Сенинг гапинг маъқул" демайдиган бўлса юзи кўзи демай ҳақоратлайди, сўкади, қарғайди, хуллас боплаб ёзиб ташлайди.
У ҳамма нарсани ҳаммадан яхши билади ва соҳаси, жанри, тури, мураккаблик даражасидан қатъий назар истаган мавзуга ўз фикрини билдираверади. Унга тушунтиришнинг ва уни инсофга чақиришнинг кераги ва фойдаси йўқ. Унинг мақсади ҳақиқат, адолат деган баландпарвоз ва мавжуд бўлмаган нарсаларни юзага чиқариш эмас. Унинг тамойиллари бундай нарсалардан баландроқ ва ҳаётийроқдир : рақибни мот қилиш, нима бўлсаям паст кетмаслик ва вазиятда ютиб чиқиш унинг бош мақсадидир. Ушбу эзгу мақсадлар йўлида у барча воситаларни ва ўз бисотидаги барча сўз қашшоқликларини ишлатади. Кўрпачаботирни бошқа миллат вакиллари ўзларига мослаб, "Дивандаги таҳлилчи" деб ҳам айтадилар.
Кўриб турганларингиздай, кўрпачаботир замонавий қаҳрамон бўлиб, шу сабабдан унинг жанг қуроллари компьютер, телефон, планшет ва жанг қилиш имконини берувчи аппаратлардир. У қуролларини ўқлаб олиши учун уларни зарядлаб туради. Баъзан электор токи узилиб қолиши мумкинлигини ҳисобга олиб, у бир нечта зарядлагичларни ғамлаб олиб қўйган. Айтганларидай "Жанг пайтида жангдагидай ҳаракат қилиш керак".
Муҳбир :
- Чулун ота, илгариги замонларда қаҳрамонлик деганлари сал бошқачароқ бўлар эди. Масалан қаҳрамонлар ўз душманлари билан юзма юз кўришиб, улар билан жанг қилганлар ва уларни ақлан ҳамда жисмонан яксон этганлар. Кўрпачаботир ҳам ўз кўрпачасидан туриб, рақибларининг олдиларига бориб, улар билан юзма-юз кўришса, тўғридан-тўғри гаплашса ва жанг қилса бўлмайдими ?
Чулун таппи :
- Албатта бўлмайди. Ахир қаҳрамонимиз кўчаботир эмас, Кўрпачаботирку. Ҳар бир қаҳрамоннинг ўзига ҳосликларини ифодаловчи ҳусусиятлари бор бўлади. Масалан, ўша сиз айтган қадимий қаҳрамонларни олиб келиб Кўрпачаботирнинг ўрнига ўтирғизиб қўйсангиз улар Кўрпачаботирдай жанг қила олган бўлармидилар ? Табиийки, йўқ. Чунки уларнинг хусусиятлари бошқача бўлган. Улар юзма-юз жанг қилиш учун яралган қаҳрамонлар бўлганлар.
Сизга айтсам, шу саволни беришингизни олдиндан билиб, мен бир амалий тажриба ҳам қилиб кўрган эдим. Бир-икки марта ижтимоий тармоқлардаги рақибларим билан юзма-юз кўришиб кўрдим. Тўғрисини айтсам, бу умуман бўлмағур фикр эканлигига амин бўлдим. Чунки кўз кўзга тушганда тўқнашув барибир ижтимоий тармоқдагидай шиддатли бўлмас экан. Кўришиб жанг қиламан деб олдиларига борсам урушишнинг ўрнига улар билан яхши чиқишиб кетиб, барчаси дабдала бўлса бўладими. Бундан ташқари, агар рақибинг сенинг кимлигингни билмаса ва сен унинг кимлигини билмасанг, инсонда журъат жасорат миллион марта юқори бўлар экан.
Шундан кейин шамолга қарши учиш, оқимга қарши сузиш шарт эмас экан деган хулосага келдим. Кўрпачаботир тинчгина ўз кўрпачасидан туриб жанг қилгани яхши экан.
Шу десам, энди сизларга рухсат. Телефонларим бироз заряд олган бўлиши керак. Боя яхши бир мавзуда кучли иқтисодчини ҳақоратлаб чиқиб кетгандим. Асабийлашиб, менга жавоб ёзиб, жавоб кутавериб, мариновка бўлиб қолгандир. Тайёр бўлиб қолган бўлса, сихга ўтказиб, кабоб қилиб оловда пишириб, ямлаб ютиб юборай. Катта кетаётувди, бир Чуғул қаҳрамони Кўрпачаботирнинг кимлиги кўрсатиб қўяй.
Самолёт бўлинглар !
Дониёр Рўзметов