Коронавируснинг янги мутацияси янада хавфли экани аниқланди

Коронавируснинг янги мутацияси янада хавфли экани аниқланди


FliRT варианти вакциналарга нисбатан чидамлироқ экани таъкидланмоқда.

Баҳорнинг иккинчи ярмида, айрим мамлакатларда олимлар COVID-19 билан касалланишнинг сезиларли ўсишини қайд эта бошладилар. Буюк Британияда касалланишлар сони май ойининг биринчи ҳафтасида 21 фоизга ошди. АҚШда эса шу ойнинг дастлабки икки ҳафтасида ўсиш 28,2 фоизни ташкил этди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўсишнинг аксарияти FLiRT вируси варианти билан боғлиқ.

COVID-19 варианти бу номни аминокислоталарнинг қайта тузилиши натижасида келиб чиққан ўзига хос мутациялар туфайли олди. Вариантнинг ўзига хос тор турлари мавжуд. Уларнинг барчаси JN.1 вирусининг шохлари бўлиб, у ўз навбатида пайдо бўлганидан кейин доминант бўлган маълум Omicron версияси насл-насабининг бир қисмидир.

FLiRT варианти бўйича дастлабки тадқиқотлар шуни кўрсатдики, унинг мутациялари вирусни бошқа вариантлар ва мавжуд вакциналардан орттирилган иммунитетга нисбатан чидамлироқ қилиши мумкин. Бу FLiRT тарқалиши қобилиятини оширади.

АҚШ ва Буюк Британиядан ташқари, вируснинг ушбу варианти Австралия ва Ҳиндистонда аллақачон аниқланган. У бошқа мамлакатларда аллақачон тарқалиб кетган бўлиши мумкин, аммо ҳамма жойда ҳам вируснинг қайси мутация эканини тезда аниқлаш имконсиз.

Жонс Хопкинс университетининг фикрича, яқинда ковиднинг ҳар қандай варианти билан касалланган одамлар FLiRT версиясидан анча юқори иммунитет ҳимоясига эга. Бироқ, эмлашнинг самарадорлиги паст бўлиши мумкин, чунки бу вариант бўйича махсус лаборатория тадқиқотлари ҳали ўтказилмаган.

Олимлар FLiRT варианти ковиднинг ёзги тўлқинига олиб келиши мумкинлигини истисно қилмайди. Аммо пандемиянинг қайтиши ҳақида гапиришга ўрин йўқ. Ҳозирча вирус аҳолининг заиф қатламлари учун хавф туғдирмоқда.

Манба: kun.uz

Сохиба Комиловна

Report Page