Коронавирусга қарши кураш чораларининг қонунийлиги: Адлия вазирлиги энг долзарб саволларга ойдинлик киритди

Коронавирусга қарши кураш чораларининг қонунийлиги: Адлия вазирлиги энг долзарб саволларга ойдинлик киритди

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


#Сўраган_эдингиз

Жорий йилнинг 13 июль куни АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларнинг қонуний асослари тўғрисида саволларга жавоб берди.


Савол: Нима учун фавқулодда ҳолат (вазият) шароитларига ўхшаш чекловлар ўрнатилганига қарамай, фавқулодда ҳолат ўрнатилгани ҳақида расман эълон қилинмаяпти?

— Дунё мамлакатлари тажрибасининг таҳлили коронавирус қарши кураш бўйича вазиятни баҳолаш ва унинг натижадорлиги киритилган тартибнинг шакли: фавқулотда ҳолат, фавқулотда вазият, комендантлик соати, карантинни алоҳида ёки биргаликда жорий қилинганлигига боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда.

Республикамиз қонунчилиги фавқулотда ҳолат, фавқулотда вазият, карантин тартиби киритиллишига имкон беради.

Конституциянинг 93-моддаси 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этиши мумкин.

“Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг

2-моддасига мувофиқ, одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат фавқулодда вазият, деб аталади.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3 ва 31-моддаларига биноан, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирларини кўзда тутувчи чекловчи тадбирлар (карантин) киритилиши мумкин.

Ўзбекистонда ўтказилаётган эпидемияга қарши тадбирлар кўпроқ “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг талабларига мос келади ва қуйидагиларни қамраб олади:

– мамлакат ҳудудларининг санитария муҳофазаси (санитар-карантин назорати ўтказиш ва чекловчи тадбирлар (карантин) киритиш орқали таъминланади);

– инфекцион касалликлар ўчоқларида дезинфекция тадбирлари ўтказиш, мажбурий тиббий кўриклар

Ҳозирда коронавирус инфекцияси билан курашда чекловчи тадбирлар (карантин) мавжуд тартиблар ичида энг мутаносиби бўлиб турибди ва ўзининг натижасини бермоқда. Зарурат туғилганда, карантин ўзгартирилиши ёки бошқа тартиблар билан бирга киритилиши мумкин, ҳаммаси вазиятдан келиб чиқади.

Бу борада коронавирус билан оммавий зарарланишнинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича қонунларда кўзда тутилган мақсадларга етишиш учун кўрилаётган чоралар мутаносиб ёки етарли эмаслиги ҳақидаги “хаваскор таҳлилчилар”нинг фикрга асло қўшилиб бўлмайди.

Таҳлиллар кўрсатишича, 2020 йилнинг 11 июль ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусдан ўлим ҳолатлари ҳар 1 млн. аҳолига

2 нафарни ташкил этмоқда. Бу мамлакатда коронавирус илк қайд этилганидан буён ўтган тўрт ойдан кейинги кўрсаткичдир. Шу даврда дунёнинг 35 та давлатида ушбу кўрсаткич 100-1230 нафар оралиғида бўлиб турибди, дунёдаги ўртача кўрсаткич эса ҳар 1 млн. кишига 72 нафар бўлиб турибди. Ўзбекистон бу борада 159-ўринда жойлашган, агар мамлакатимиз аҳолиси сонини инобатга олсак, бу энг яхши кўрсаткичлардан биридир. Бошқа томондан, бу ҳолат Ўзбекистон чеклов чораларини ўз вақтида киритиш эвазига 2,5-20 минггача бўлган кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолганини англатиши мумкин.

Пандемия қачон тугашини, унинг оқибатлари қандай бўлшини ҳеч ким билмайди. Шу боис коронавирусга қарши курашга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз, ваҳимага берилмаслигимиз, асоссиз хабарларга ишонмаслигимиз ва уларга қарши кескин курашишимиз лозим.

Биз ушбу глобал воқеликдан сабоқ чиқаришимиз, нафақат ўзимизнинг тажрибамиздан, балки бошқаларнинг ҳам ютуқ ва камчиликларидан амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақида хулоса чиқаришимиз даркор.

 


Report Page