Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўтказиладиган EPS-Topik UBT тест синовлари юзасидан 

Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўтказиладиган EPS-Topik UBT тест синовлари юзасидан 

https://t.me/aoka_uz

2020 йилда пандемия сабабли Корея Республикасига барча ишчи кучи етказиб берувчи давлатлар қаторида, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг оқими сезиларли даражада қисқарди. 2021 йил 5 ноябрь куни Корея Республикаси махсус комиссиясининг қарорига асосан чет эллик ишчиларни Корея давлатига киришига рухсат берилгач, пандемия чекловлари шароитида фуқароларни ташкилий тарзда ишга жўнатиш бошланган эди.

Икки давлатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ҳозирги вақтда ушбу жараёнлар тўлиқ тикланмоқда.

Шу муносабат билан, Корея Республикасида ишлаш истагидаги фуқаролар учун 2022 йилда корейс тили бўйича EPS-Topik ҳамда малака тест имтиҳонлари бўлиб ўтиши режалаштирилди.

Ушбу имтиҳонларда иштирок этиш учун жорий йил 28 апрель куни labormigration.uz дастурий мажмуасидан 16 601 нафар номзод рўйхатдан ўтди.

  Ўзбекистон ва Корея Республикалари Бандлик ва меҳнат вазирликлари ўртасида тузилган “Ишчиларни Бандликка рухсат бериш тизими асосида Корея Республикасига юбориш тўғрисида”ги англашув меморандумига мувофиқ, рўйхатдан ўтган номзодлар учун корейс тилидан EPS-Topik тест имтиҳони 2022 йил 2 июндан 15 июлгача бўлиб ўтади.

  Имтиҳон Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани Лутфикор кўчаси 33-уйда жойлашган Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курслари биносида ўтказилади.

  Имтиҳонда иштирок этиш учун номзодлардан қандай ҳужжат ва маълумотлар талаб этилади?

Биринчиси, фуқаролик ва хорижга чиқиш паспорти;

Иккинчиси, 3,5 х 4,5 ҳажмдаги оқ фонли ва рангли 2 дона фотосурат.

 Имтиҳонда иштирок этувчи номзодлар рўйхати labormigration.uz дастурий мажмуасида эълон қилинган.

 Шу билан бирга, имтиҳонда иштирок этувчи номзодларни огоҳлантириб ўтамиз.

1. Фуқаролик ҳамда хорижга чиқиш паспортини олиб келмаган номзодлар имтиҳонга киритилмайди.

2. Фуқаролар имтиҳонга белгиланган вақтдан 1 соат олдин кўрсатилган манзилга етиб келиши ва рўйхатдан ўтиши лозим.

3. Белгиланган сана ва вақтидан кеч қолган фуқаролар имтиҳонга киритилмайди.

4. Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати шартларига кўра, EPS-Topik UBT тест имтиҳонлари такрор ёки қайта аппеляция тарзида ўтказилмайди.

5. Тест имтиҳонида электрон воситалар, хусусан, мобил телефон, электрон соат, шпаргалка кабилардан фойдаланиш қатъиян ман этилади.

6. Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига мувофиқ, EPS-Topik UBT тест имтиҳони қоидаларини бузган фуқаролар 3 йил давомида тест имтиҳонида қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади.

 EPS-Topik UBT янги тартибда жорий қилинган бўлиб, бунда имтиҳонни янада шаффоф ўтказиш кўзда тутилган. Имтиҳон вақтидаги ҳар бир ножўя ҳаракатлар камера орқали аниқланиб борилади.

 Тест имтиҳони чет эл вакиллари иштирокида ўтказилишини инобатга олинган ҳолда имтиҳон жараёнида навбатга риоя қилиш, тартибли бўлиш, шовқин қилмай, бошқа фуқаролар манфаатига путур етказмасдан иштирок этиш сўралади.

 Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларни Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишини кафолатламайди.

 Муаммо ва камчиликлар юзага келганда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига 71 202-33-55 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

 Навбатдаги савол, Германияга ишга кетиш имкониятлари ҳақида маълумот берсангиз?

 Ташқи меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида қатор ривожланган давлатларнинг ваколатли ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан келишувларга эришилмоқда.

 Шу жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германиянинг бир нечта иш берувчи ташкилотлари ўртасидаги келишувларга кўра, ҳозирги вақтда тиббиёт, меҳмонхона бизнеси, туризм, логистика каби соҳаларда бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

 Немис тилини В1 ёки В2 даражада биладиган ҳамда соҳада тажрибага эга фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин.

 Таъкидлаш жоиз, юқоридаги иш ўринлари учун номзодларни кетишдан аввал чет тили ва касбий тайёрлаш имкониятлари ҳам мавжуд.

 Навбатдаги савол, Англияда ишлаш бўйича ижтимоий тармоқларда эълонларга кўзимиз тушяпти, шу тўғрими?

 Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Англиянинг “Pro-Force” ташкилоти ўртасидаги келишувга мувофиқ, ушбу давлатда мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларидаги бўш иш ўринлари учун жорий йил 24 май куни 4000 дан ортиқ юртдошларимиз онлайн рўйхатдан ўтган.

 Яқин кунларда рўйхатдан ўтган номзодлар билан “Pro-Force” ташкилоти вакиллари томонидан онлайн танловлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.


Report Page