Корея Республикасида ишлаш учун имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган, аммо пандемия шароитида жўнаб кета олмаган фуқаролар мурожаати юзасидан
http://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБугун, 27 апрель куни АОКА залида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда Корея Республикасида ишлаш учун имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган, аммо пандемия шароитида жўнаб кета олмаган фуқаролар мурожаати юзасидан расмий изоҳ берилди:
«Жорий йилнинг 22 апрель куни Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган 100 нафарга яқин фуқаролар томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биноси олдида тўпланиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганлиги, ҳозирги вақтда шартномаси келиб, жўнаб кетишини кутиб турганликлари, мазкур масала қачон ҳал бўлиши ва Корея Республикасига қачон кетиши ҳамда нима учун Е-8 виза тури орқали фуқаролар жўнаб кетаётганлиги, аммо Е-9 визаси эгаларига рухсат берилмаганлиги юзасидан мурожаат йўлланган.
Ушбу мурожаатларга батафсил жавоб бериш мақсадида қуйдагиларни маълум қиламиз.
Корея Республикасининг малака талаб этилмайдиган Е-9 ишчи визаси тўғрисида маълумот
1. Е-9 визаси – Корея қонунчилигига мувофиқ малака талаб этилмайдиган ишчи виза ҳисобланади.
Е-9 визасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида тузилган Англашув меморандумига асосан ўзбек ишчилари бандликка рухсат бериш тизими (EPS) орқали вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда жўнатилади.
Мазкур виза орқали ишчи кучи етишмовчилигининг олдини олиш учун фуқаролар кичик ва ўрта бизнес корхоналарига, хусусан саноатдаги ишлаб чиқариш соҳасига жалб этилади.
Мазкур виза эгалари учун шартнома муддати 4 йил 10 ойни ташкил этади.
Бандликка рухсат бериш тизими (EPS) орқали вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда фуқаролани йўллаш учун масъул идоралар Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси бандлик ва меҳнат вазирлиги, ишчи органлар эса Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (HRD Korea) ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳисобланади.
Ушбу виза тури бўйича Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар, ўрнатилган тартибда корейс тили бўйича EPS-Topik ҳамда малака тест имтиҳонларидан ўтишлари шарт.
Тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқаролар корейс иш берувчилари танловлар базасига Агентлик томонидан маълумотлари киритилади ва Корея томонига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун жўнатилади.
Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати тест имтиҳонларини ўтказиш, фуқароларнинг маълумотларини кўриб чиқиш ва ва ўрнатилган тартибда ташкилий тарзда Корея ҳудудига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кириб боришини таъминловчи ягона ваколатли орган ҳисобланади. Бошқа ташкилотлар бу ваколатга эга эмас.
Тизимга мувофиқ, Корея иш қидирувчи чет эллик фуқаролар танловлар базасига киритилган номзодлар корейс иш берувчи корхоналари томонидан танланганидан сўнг, уларга меҳнат шартномаси ва мазкур меҳнат шартномасига мувофиқ визалар тақдим этилади.
Корейс иш берувчиси хорижий ишчиларни тасодифий танлаш орқали танлаб олади.
Корея томонидан маълумотлари тасдиқланган фуқаролар, тасдиқланган кундан бошлаб 2 йил муддат танловлар базасида иштирок этадилар.
2. 2020 йил 1 апрелидан Корея Республикаси касалликларни олдини олиш ва профилактика қилиш штаби қарорига мувофиқ Бандликка рухсат бериш тизими орқали ишчи кучини юборувчи 16 та давлатдан хорижий ишчиларнинг кириб келишига мутлақо таъқиқ қўйилган. Ҳозирда фақатгина Камбоджа давлатига Корея томонидан ишчилар кириб боришларига тўлиқ рухсат берилган.
Ҳозирги кунда биринчи маротаба шартнома лойихаси келганлар сони жами 1009 нафарни, қайта шартнома билан келганлар 550 нафарни ташкил этмоқда.
2020 йилда (пандемияга қадар) Агентлик томонидан 97 нафар фуқаро иш жойларига ташкилий тарзда жўнатилган.
2020 йил 10 июндан бошлаб ҳозирги кунга қадар Агентлик Корея Республикасидан таътилга келган фуқароларни иш жойларига кириб боришларида кўмаклашиб келинмоқда. (таътилга келган фуқароларни иш жойларига кириб боришлари, Корея хукумати томонидан белгиланган талабларга асосан амалга оширилмоқда).
Пандемия даври бошидан буён, Ўзбекистон Республикасининг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда ўзбек ишчиларини Корея Республикасидаги иш жойларига кириб боршиларини таъминлаш бўйича бир қанча музокаралар ўтказилди. Хусусан жорий йилнинг 10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири маслаҳатчиси ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув ўтказилган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Агентликнинг Кореядаги ваколатхонаси томонидан доимий равишда музокаралар ўтказилиб, зарур маълумотлар берилиб келинмоқда.
Шу кунга қадар, Корея Республикаси томонидан Е-9 визаси бўйича шартномаси келган фуқаролар масаласи, икки давлатдаги коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб кўриб чиқилиши маълум қилиниб келинмоқда.
Е-9 виза эгалари биринчи бор кириб бориши жараёнида албатта Корея кичик ва ўрта бизнес Федерацияси томонидан ўтказиладиган ўқув курсларида иштирок этишлари ҳамда 14 кунлик карантин ўташлари масаласи вазиятни қийнлаштирмоқда.
Бу йил тест имтихонини ўтказиш эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ўтказилиши кутилмоқда, тест бўлиб ўтиш саналари бўйича агентликнинг расимий веб саҳифаси, телеграм каналлари орқали маълумот олишингиз мумкин.
Корея Республикасининг 5 ойлик мавсумий ишларига Е-8 визасига асосан хорижий ишчиларни жалб қилиш тизими тўғрисида маълумот
Е-8 визаси – Корея қонунчилигига мувофиқ қишлоқ хўжалиги соҳасига хорижий ишчиларни жалб қилиш визаси ҳисобланади.
Корея Республикаси қишлоқ хўжалиги соҳасида ишчи кучининг етишмаслиги сезиларли даражада ошганлиги натижасида Корея Республикаси ҳукумати томонидан мавсумий ишларга хорижий ишчи кучини жалб қилиш борасида қарор қабул қилинган.
Е-8 визасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг маҳаллий округи яъни ҳокимлиги ўртасида тузилган Англашув меморандумига асосан ўзбек ишчилари қишлоқ хўжалиги соҳасида вақтинчалик 5 ойлик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тарзда йўлланади.
Мазкур виза орқали ишчи кучи етишмовчилигининг олдини олиш учун фуқаролар фермер хўжаликлари ва қишлоқ ҳўжалиги корхоналарига жалб этилади.
Мазкур виза эгалари учун шартнома муддати 5 ойни ташкил этади.
Ушбу виза тури бўйича Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар, ўрнатилган тартибда корейс тили бўйича суҳбатдан ўтишлари зарур. Суҳбат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан корейс тили мутахассислари иштирокида очиқлик, шаффофилик ва адолатлилик принциплари асосида ташкил этилади.
Суҳбатдан муваффақиятли ўтган фуқароларга маҳаллий ҳокимлик тақдимномасига мувофиқ Корея Республикасининг Адлия вазирлиги қошидаги Иммиграция хизмати томонидан телекс визалар юборилади.
Корея Республикасининг махаллий ҳокимлиги танлаб олинган фуқаролар маълумотларини кўриб чиқиш (текшириш), тасдиқлаш ва фуқароларни ташкилий тарзда ишга жойлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади, Агентлик эса ушбу жараёнларни ташкиллштиришда кўмаклашади.
Виза тасдиқномаси келган фуқаролар ўрнатилган тартибда юқумли касалликларларга комплекс тиббий кўрикдан ўтказилади. Хар томонлама соғлом фуқаролар кетишдан олдинги 14 кунлик карантин ҳамда кўниктириш дарсларини ўзлаштиришлари талаб этилади.
Карантин жараёнларидан ўтган ҳамда виза тасдиқномалари Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси расмийлаштирилган фуқаролар ўрнатилган тартибда Корея Республикасига ташкилий тарзда кириб боришлари Агентлик томонидан ташкиллаштирилади.
Корея Республикасининг тегишли идораси томонидан Е-8 визаси бўйича фуқарларга Корея Республикаси кириб бориш учун рухсат берилганлиги сабабли Агентлик томонидан ташкилий тарзда жўнатиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Е-9 визаси Корея Республикасининг Бандлик ва меҳнат вазирлиги, Е-8 визаси эса Корея Республикасининг Адлия вазирлиги тасарруфига киради. Ушбу тизимлар мутлақо бир бирига яқин ҳамда боғлиқ эмасдир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари томонидан имзоланган англашув меморандумларига мувофиқ Корея томонидан тақдим этилаётган квоталар ҳамда шартномалар сони сўнгги йилларда кескин камайиб бораётганлиги кузатилмоқда».