Кўпхотинлик : рухсатми ёки тақиқ ?

Кўпхотинлик : рухсатми ёки тақиқ ?

Дониёр Рўзметов

Дунёнинг бир неча давлатларида, жумладан Францияда наша чекишга рухсат бериш ва уни қонунлаштириш ҳақида қизғин баҳслар бормоқда. Қайд этиб ўтиш керакки, дунёнинг Уругвай ва Ямайка каби давлатларида нашани етиштириш, сотиш ва истеъмолга қилишга рухсат берилган ва бошқа айрим давлатларда унинг истеъмолигагина рухсат берилган.

Франция дунёвий давлат бўлса ҳам, маданий жиҳатдан қадимги анъаналарига содиқ давлат ҳисобланади. Шу сабабдан, яқинда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидаги номзодлардан айримларининг “Францияни нашани қонунлаштириш” тўғрисидаги таклифлари ҳақида тарафлар ўз нуқтаи назарларини билдирмоқдалар.

Нашани қонунлаштириш тарафдорларининг асослари таҳминан қуйидагича :

- Францияда нашани етиштириш, сотиш ва истеъмол қилиш таъқиқланган бўлишига қарамасдан Францияда наша яширинча йўллар билан сотилмоқда ва истеъмол қилинмоқда.

- Агар Францияда наша қонунлаштириладиган бўлса, уни истеъмол қиладиган инсонлар жиноятга қўл урмасдан, нашани қонуний равишда дўкон ёки дорихоналардан олиб истеъмол қилаверган бўлар эдилар.

Франциянинг нашани қонунлаштиришга қарши бўлган тарафдорларининг бу борадаги фикрлари эса таҳминан шундай :

- Наша муаммосини ҳал қилиш учун нашани қонунлаштириш масъулиятсизликдир.

- Наша хавфли модда бўлмаганида шундоғам таъқиқланмаган бўлар эди. У инсонларни гиёҳванд қилиб қўйиб, уларнинг умрларига завол бўлиши мумкин бўлганлиги учун таъқиқланган.

- Нашани қонунлаштириш давлатда янги нашавандларнинг пайдо бўлишига сабабчи булади. Масалан сигарета қонуний бўлганлиги сабабли уни истеъмол қилувчиларнинг сони кўп. Наша эса ўзининг гиёҳванд қилиб қўювчи ҳусусияти билан сигаретадан анча хавфлидир.

Шу сабабдан, наша муаммосини ҳал қилиш учун уни қонунлаштириш эмас, балки аксинча унга қарши курашни янада кучайтириб, яширинча равишда унинг савдоси билан шуғулланаётганларни топиб, қаттиқ жазолаш керак...

... “Дунёдаги энг қадимий касб” деган кинояли ибора бор. Бу ибора инсоният мавжудллигидан бери ҳар доим мавжуд бўлиб келган “фоҳишалик”ка нисбатан ишлатилади. Қадим замонлардан бери фоҳишалик ҳар доим қораланиб келган бўлса, замон ва маконларга қараб, унга нисбатан жамиятларнинг муносабати “юмшоқроқ” ёки “қаттиққўлроқ” бўлиб келган.

Сўнгги пайтларда, демократия ва эркинликлар туфайли феминист ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар сиёсатчиларнинг эътиборларини фоҳишалик мавзусига ҳам тортиб келадилар. Тўғрироғи, улар сиёсатчилардан фоҳишаликнинг қонунлаштирилишини талаб қиладилар.

Фоҳишаликни қонунлаштиришнинг тарафдорлари ўз талабларини таҳминан шундай фикрлар билан “асослайдилар” :

- Ҳоҳлайсизми ёки йўқми фоҳишалик ҳар доим мавжуд бўлган, ҳозир ҳам мавжуд ва келажакда ҳам мавжуд бўлади.

- Таъқиқлар сабабли фоҳишалик жиноий тўдалар томонидан яширинча амалга оширилиб, унда фоҳишаликка кириб қолган қизлар инсон савдосининг қурбонига айланмоқдалар ва уларнинг тақдирлари билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Шунинг учун, фоҳишаликнинг қонунлаштирилиши авваламбор яширин фаолият олиб борувчи жиноий тўдаларнинг “бизнес”ларига болта уради ва ҳоказо.

Фоҳишаликни қонунлаштиришга қарши бўлган тарафлар бу фикрларга қўшилмайдилар. Улар ўзларининг фикрларини таҳминан қуйидагича илгари сурадилар :

- Фоҳишалик жамиятнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, инсонларнинг турмуш ҳаётларининг бузилишига ҳамда жиддий ижтимоий муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундан ташқари санитар-гигиена, саломатлик ва одоб-аҳлоқ масалалари ҳам бор.

Фоҳишаликни яширинча қилмоқдалар деб унга рухсат бериш жиноятчиларнинг фаолиятига болта урмайди, аксинча уларга ўз фаолиятларини қонуний йўл билан амалга ошириш имконини беради.

Фоҳишалик муаммосини ҳал қилиш учун уни қонунлаштириш эмас, балки уни яширинча қилаётганларга қарши курашни кучайтириш керакдир...

... Ижтимоий тармоқларда “Кўпхотинлилик” мавзуси тез-тез урфга кириб туради. Дастлаб, бу мавзуда ҳазил постларни ёзиб юрардилар. Бора-бора, кимлардир ўйинқароқлик билан, кимдир хирсларининг амри билан, яна кимлардир ўзларининг диний ёки эскиликни улуғловчи ғояларини илгари суриш мақсадида бу мавзуни авж олдирдилар.

Кўпхотинликни ёқлаётган ёки тарғиб қилаётганлар (асосан эркаклар, чунки аксарият аёллар қарши бўлмоқда) нинг илгари сураётган “асос”лари таҳминан қуйидагилар :

- Ислом дини бунга рухсат беради.

- Ўзбекистонда кўпхотинлилик кенг тарқалган. Фақат у қонун билан таъқиқланганлиги учун ҳамма жойларда яширинча қилинмоқда.

- Хотинининг устига хотин оладиганлар мухтож аёлларга яхшилик қиладилар.

Уларнинг фикрича, шу ва шунга ўхшаган асосларга кўра, Ўзбекистонда кўпхотинлиликка рухсат бериш керак экан.

Ҳозирданоқ айтиб қўя қолай : мен Ўзбекистонда кўпхотинлилик бўлишига қаршиман !

Чунки, биринчидан, Ўзбекистон республикасининг қонунчилигида “Кўпхотилилик” таъқиқланган ва мен шу давлатнинг фуқароси сифатида унинг конституцияси ва қонунларини ҳурмат қилишни ўз бурчим деб биламан.

Иккинчидан, дунёнинг тараққий этган ва инсон ҳуқуқлари таъминланган жамиятларининг барчасида “Кўпхотинлилик” таъқиқланган. Фақатгина қолоқ ёки диний диктатурага асосланган давлатларда (асосан монархияларда, лекин диний республикаларда ҳам шундай)гина кўпхотинлилик сақланиб қолган.

Учинчидан, Ўзбекистонда яшириб кўп хотин қилиб юрган бўлсалар, бу билан “Кўпхотинлик”ка рухсат бериш эмас, аксинча унга қарши кураш чораларини кучайтириш керак бўлади.

Тўртинчидан, Ўзбекистон республикасида дини, ирқи, ЖИНСИ ва ҳоказолардан қатъий назар барча фуқаролар давлатнинг муҳофазасидадир. Яъни Ўзбекистонда аёлларни давлатнинг ўзи боқиб олади, уларни кимдир Ўрта асрлардагидай қилиб иккинчи хотинликка олиши шарт эмас.

Ва охиргиси, ислом дини нима сабабдан ва қандай шартларга кўра кўпхотинликка рухсат берганлигини ҳамма, жумладан ёлғондан динни пеш қилаётганлар ҳам яхши биладилар. Ислом дини кўпхотинликка рухсат берган пайтларда ўша ҳудудларда шунга зарурат бор бўлган. Масалан, ҳозирги кунларда Тибет ва Африканинг айрим ҳудудларида қиз болалар етишмаслиги сабабли “Кўп эрлилик”ка (Полиандрия) рухсат берилган. Шунинг учун, аёлларга кўп эрли бўлишларига рухсат бермаймизку.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистоннинг шароитида демографик ва ижтимоий омилларни ҳисобга олиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда “Кўпхотинлилик”ка зарурат йўқ. Нафақат зарурат йўқ, балки “Кўпхотинлилик” ўзбек жамияти учун зарарлидир. Тушунтираман.

Никоҳ айрим инсонларнинг тасаввуридагидай масжидда ёки ҳокимиятда тантанали нутқ ўқилгандан кейин эр билан хотиннинг қовушишларидангина иборат эмас. Бу ишни қилиш учун никоҳ шарт эмас. Никоҳ – қайси давлатда, қайси динда, қайси жамиятда бўлишидан қатъий назар инсонларга ҳуқуқ ва мажбуриятлар берувчи юридик шартномадир.

Ўзбекистонда никоҳ шартномаси эр ва аёлга тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларни беради. Эркак аёлни “ уч талоқ” деб кўчага ҳайдаб юбора олмайди ёки аёл эркакни мол-мулкини қўлга киритиб олиб, уни осонликча кўчага ҳайдаб чиқара олмайди. Никоҳдаги эркак ва аёл ажрашадиган бўлса, уларнинг мол-мулклари уларнинг ўрталарида тенг тақсимланади. Улар вафот этсалар, уларнинг мол-мулклари уларнинг фарзандларига мерос бўлиб қолади.

Қисқа қилиб айтганда, ўзбек жамиятида турмушнинг формуласи : “1 Эр + 1 Хотин ” дир.

Бу формула “Эр+Эр”, “Эр + Хотин +Хотин”, “Хотин + Хотин”, “Хотин + Эр +Эр”, “Эр + Бола” (педофилия) ва ҳоказо кўринишларга ўзгартирилиши жамият фаолиятининг бузилишига олиб келади. Шу сабабдан, ўзбек қонунчилиги бу формулани бузишни қатиян таъқиқлайди.

Ўзбекистонда мавжуд дейилаётган яширинча кўпхотинлилик ҳолатлари асосан хирс ва тўқликка шўхликнинг натижасидир. Бундай “турмуш”ларнинг оқибатларини уни бошидан кечирганларгина яхши биладилар. Кўпхотинлилик мумкин бўлган замонларда ҳам у жамиятларда ва давлатларда кўп бузғунчиликларга сабабчи бўлган. Бунга оддий мисол қилиб, подшоҳ ва хонларнинг аёллари ўртасидаги зиддиятлар ва уларнинг ворисларининг ўрталаридаги тахт талашишларнинг оқибатида улкан империяларнинг емирилиб кетганлигини кўрсатиш мумкин.

Шунинг учун, Ўзбекистон давлати кўпхотинликни таъқиқлаб, унга жазо белгилаган эканми, бу бежиз эмас. Кўпхотинлиликнинг оқибатлари камида ўзбек жамиятида тартибсизликни келтириб чиқариши, кўпида эса давлатчилигимизнинг асосларига путур етказиши мумкин. Албатта, мақсадлари шуларни кўзлаган қора ниятли инсонлар бу гапларни яхши биладилар ва ўзбекларнинг орасида кўпхотинлилик мавзусининг авж олиши улар учун айни муддаодир.

Лекин бу гапларни билмайдиган, фақат қисқа муддатли хирсларини ўйлаб, кўп хотинлиликни қўллаб-қувватлайдиган инсонлар келажак авлодларнинг ҳаётларига бефарқ бўлмасликлари керак...

... “Барибир бу ишни яширинча қилиб юрибдилар, шунинг учун уни қилаверишга рухсат бериш керак !” Мен жамиятдаги иллатларга нисбатан бундай муносабатда бўлишимиз нотўғри деб ўйлайман.

Дунё жамиятларида ўғрилар яширинча ўғрилик қиладилар, уни йўқ қилиш учун ўғриликни қонунлаштириш керакми ? Кўплаб давлатларда порахўрлар яширинча порахўрлик қиладилар, порахўрликка қарши курашиш учун порахўрликни қонунлаштириш керакми ? Минг афсуслар бўлсинки, қотиллик жинояти баъзан юз бериб туради. Унинг олдини олиш учун қотилликни қонунлаштириш керакми ?

Мен ижтимоий тармоқларда (ва бошқа жойларда) “Кўпхотинлилик” мавзусини тарғиб қилиниши хавфли ташаббус деб ҳисоблайман. Бизлар аввало ўзимиз, қолаверса фарзандларимизнинг келажаклари учун масъулиятли бўлмоғимиз лозим!

"Уч замон" каналига аъзо бўлиш учун ҳавола👉 https://t.me/uchzamon

Report Page