Туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш давр талаби

Туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш давр талаби

@eduuz

Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик маркази биносида республикадаги барча олий таълим муассасалари ректор, проректор, декан ва декан ўринбосарлари, шунингдек, кафедра мудирлари, ёшлар ва маънавий-маърифий ишлар бўлими бошлиқлари учун “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган онлайн форматда йиғилиш ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг спикери ўринбосари У. Иноятов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Р.Ҳакимов бош қомусимизга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар борасида тушунтириш берди.

Дастлаб, спикер ўринбосари У. Иноятов Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш зарурати ҳақида тўхталди.

Ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий- ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлди. Бу эса Бош қомусимизда "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат" тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.

Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Натижада, юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этмоқда. Бугун мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди.

Билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини кўрсатмоқда. Шу ўринда, бугун республикадаги барча олий таълим муассасалари ректор, проректор, декан ва декан ўринбосарлари, шунингдек, кафедра мудирлари, ёшлар ва маънавий-маърифий ишлар бўлими бошлиқлари учун ўтказилаётган йиғилишдан кўзланган мақсад уларга мазкур янгиланишларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини етказишдан иборат.

Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200дан ортиқ тузатишларни назарда тутмокда. Конституцияга ўзгартишлар "инсон-жамият-давлат" принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Сўнгги муҳокамалар натижаларига кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.

Report Page