Конституция нормалари иқтисодий ўзгаришлар ва ислоҳотларни акс эттирадими?

Конституция нормалари иқтисодий ўзгаришлар ва ислоҳотларни акс эттирадими?

Назарали Норбаев, Қаҳҳор Жумаев, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходимлари

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича бошланган ҳаракатлар аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Хўш, бугун Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришлар ва ислоҳотлар  Конституциясига ўзгартириш киритишни талаб этадими? Умуман, Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан тайёрми?

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 53-моддасига асосан, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги 5 йилда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, инвесторлар ҳуқуқларини кафолатларини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш ва уларга имтиёз, преференциялар бериш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини қисқартириш, иқтисодиётни рақамлаштириш, ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек солиқ ва банк-молия тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар шулар жумласидандир.

Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистонда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотларнинг айримларига тўхталадиган бўлсак, 2019 йил 25 декабрда инвестиция фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи 3 та қонун бирлаштирилиб, тўғридан-тўғри амал қиладиган “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни кабул қилинди ва ушбу қонун билан инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилди ҳамда юртимиздаги инвестицион муҳит янада яхшиланди.

2019 йил 3 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармойиши қабул қилиниб, ушбу Фармойиш билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича янгича тизми яратилди ва бу орқали уларнинг мулк ҳуқуқи кафолатлари янада кучайтирилди.

Шунингдек, 2021 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор жисмоноий ва юридик шахсларга ер участкаларини хусусийлаштириш ва ердан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг объекти сифатида эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилди.  

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ тизими тубдан такомиллаштирилди ва солиқлар тури 16 дан 9 тага қисқартирилди, солиқ органлари назорат қилувчи орган эмас, балки солиқ тўловчиларга ёрдам кўрсатувчи органга айланди.

Бундан ташқари, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида Ўзбекистон иқтисодиётида янги йўналиш жорий этилиб, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш орқали иқтисодиётни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси яратилди.

Шу билан бирга, 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилиниб, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банклари орқали эркин сотиш ва сотиб олиш ҳамда сотиб олинган маблағларни ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлди, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча экспортчи корхоналарнинг чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товар, иш ва хизматлар учун тўловлар фақат миллий валютада амалга ошириладиган бўлди.   

Юқорида санаб ўтилган ислоҳотлар бевосита жамиятдаги иқтисодий ва ижтимоий муносабатларнинг ривожланиши натижасида амалга оширилди.

Давлатнинг асосий қонуни ҳисобланган Конституция ушбу ўзгаришларга ўз реакцияси (таъсири)ни кўрсатиши ва замонга мослашиб бориши лозим.

XXI асрда Конституцияга ўзгартириш киритиш дунё давлатларида нормал ҳолат сифатида қаралмоқда ва кўплаб давлатлар жамиятдаги иқтисодий-ижтимоий муносабатларнинг ривожланишидан келиб чиқиб,

ўз конституцияларига тегишли ўзгартиришлар киритмоқдалар.

Масалан, охирги 22 йил давомида 57 та давлатда янги Конституция қабул қилинган ва 90 га яқин давлатда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган. Хусусан, ушбу даврда Швейцария Конституциясига 19 марта, Австрия Конституциясига 18 марта, Исроил Конституциясига 17 марта ва ҳажми жиҳатдан дунёда энг катта Конституция ҳисобланган Ҳиндистон Конституциясига 15 марта ўзгартиришлар киритилган.

Жамият ҳаётида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳиятини мамлакат Конституциясида акс эттириш ушбу ислоҳотларнинг натижадорлигини янада кучайтиради. 

Масалан, 2021 йил 15 ноябрда “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, жисмоноий ва юридик шахсларга ер участкаларини хусусийлаштириш ва ердан бозор муносабатларининг объекти сифатида эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳуқуқнинг берилиши Ўзбекистон шароитида иқтисодий муносабатлардаги ўта муҳим ислоҳот бўлиб, уни мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаб қўйишга ҳеч кандай тўсиқ мавжуд эмас. Аксинча, ер участкаларини фуқароларга хусусий мулк қилиб берилиши тўғрисидаги норманинг асосий қонунда мустаҳкамлаб қўйилиши фуқароларнинг давлатга нисбатан ишончи ортишига ва давлат томонидан фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари кафолатларини кучайтирилишига олиб келади.

Бу каби нормаларни хорижий давлатлар Конституциясида ҳам кўриш мумкин. Масалан, РФ, Қозоғистон, Қирғизистон, Греция, Италия ва Руминия каби давлатларнинг конституцияларида ер фуқароларга хусусий мулк сифатида берилиши мумкинлиги тўғрисида нормалар мавжуд.

Юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни ҳамда хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида (55-модданинг 2-қисми сифатида) “Фуқаролар ва юридик шахслар ерга хусусий мулк сифатида эгалик қилиши мумкин” деган нормани киритиш мақсадга мувофиқдир.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, охирги 5 йилликда давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди ва

бу борада бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилди ва бугунги кунда ушбу орган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутиб келмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида 2019 йилда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (ҳозирда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги) ташкил этилиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг кенг табақаларини тадбиркорлик билан шуғулланишга жалб этиш унинг асосий вазифаси сифатида белгиланди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили август ойида тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқот ўтказиш тизими йўлга қўйилди, бу эса ўз навбатида тадбиркорларга улар фаолиятида юзага келаётган ва уларни қийнаётган тизимли муаммолар юзасидан бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилиш имконини берди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил

3 декабрдаги ПҚ-31-сон қарори билан маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилиб, улар зиммасига маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш вазифаси юклатилди.

Тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган ушбу муҳим ислоҳотлар ҳам у ёки бу тарзда давлат Конституциясига ўзгартириш киритишни талаб этади.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда

“2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди ва мазкур Фармон билан жамият хаётининг бошқа жабҳалари каби иқтисодий соҳада ҳам

келгуси 5 йилда муҳим ислоҳотларни амалга ошириш белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳам келгусида мамлакат Конституциясига тегишли ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжини вужудга келтириши мумкин.

Масалан, Тараққиёт стратегиясида яқин келажакда давлат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим вазифалардан бири сифатида келгуси 5 йилда мамлакатимиз иқтисодиётига 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан

70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш белгиланган.

Ушбу мақсадни амалга ошириш ўз навбатида давлатдан инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришни ҳамда уларга зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишни талаб этади ва фақат шундан кейингина инвесторларни миллий иқтисодиётга жалб этиш мумкин бўлади.   

Инвестицияларни жалб этиш ҳар бир давлатнинг иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этади, чунки хорижий инвестициялар, биринчидан ушбу давлатнинг иқтисодиётини ривожлантиришга ёрдам берса, иккинчидан инвестиция киритган давлатларнинг иқтисодиёт соҳасидаги тажрибасидан фойдаланиш имконини беради, учинчидан айнан ушбу давлатлар билан экспорт-импорт муносабатларини ривожлантириш ва дунё давлатлари билан интеграциялашиш учун шароит яратади.    

Шу нуқтаи назардан, инвесторлар ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатланиши ва ҳимоя қилиниши билан боғлиқ нормани мамлакат Конституциясида акс эттириш мақсадга мувофиқдир ва бу келгусида давлатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришга муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Бу каби нормалар Туркия, Болгария ва Филиппин каби хорижий давлатларнинг конституцияларида назарда тутилган.   

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда жамиятнинг иқтисодий ҳаётида содир бўлаётган ўзгаришлар Конституцияга ўзгартиришлар киритишни ҳамда Конституцияни ушбу ўзгаришларга мослашиб боришини  талаб этади.

Жамият ҳаётининг ажралмас қисми бўлган иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар ва ислоҳотларни инобатга олган ҳолда аҳолининг барча қатлами Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклифлари билан ушбу муҳим жараёнда иштирок этишлари ва бу орқали ўзларининг сиёсий ҳуқуқларидан фаол фойдаланишлари лозим.

Назарали Норбаев, Қаҳҳор Жумаев,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходимлари


Report Page