Конституция — фаровон ҳаётимиз ва тараққиётнинг асосий пойдевори

Конституция — фаровон ҳаётимиз ва тараққиётнинг асосий пойдевори

Buxoro.uz

Ўзбек халки қадимдан эркинликка, тинчликка, фаровонлик ва комилликка интилиб яшаган. Дунё халқлари томонидан халқимизнинг бағрикенг, тинчликпарвар, меҳмондўст сифатида баҳоланиши асосида ҳам уларнинг ана шу орзу-умидлари ва интилишлари ётади. Истиқлолнинг беназир неъмати, халкимиз даҳоси ва тафаккурининг ҳосиласи, давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий рамзи, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ишончли кафолати бўлган Конституциямиз қабул қилинганига 30 йил тўлди. Буюк келажак сари шахдам одимлаб боришимизнинг зарворли даврида Асосий қонунимиз Ўзбекистонда барпо этилаётган демократик ҳуқуқий давлат ва инсонпарвар фуқаролик жамиятининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, авваламбор, истиқлолимиз мевасидир, қолаверса, унда халқимизнинг порлоқ келажаги белгилаб берилди. Унинг муқаддимасида: «Ўзбекистон халқи: инсон ҳуқуқларига ва мамлакатимиз мустақиллиги ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён килиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади», - деб эълон қилинган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маънавий-маданий асослари яратилди. Жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгармоқда.

“Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар давлат сиёсатининг ўзагини ташкил қилмоқда.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида Конституциямиз нормалари янада такомиллаштирилди ва ижтимоий ҳаётга тадбиқ этилилдики,, юртимизда позитив динамикада сифатий ўзгаришлар натижасида фуқароларимизнинг турмуши ва ҳаётида ўз аксини топди, дунёқараши ўзгарди, давлат ва унинг раҳбарига ишончи юксалди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги беш йилда суд мустақиллиги, сайлов тизими, маҳалла институтини мустаҳкамлаш ва бошқа ижтимоий йўналишларда Конституциянинг 21 та моддасига 32 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу даврда Ҳаракатлар стратегияси доирасида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган бош тамойил асосида 77 та қонун, 32 та Президент фармон ва қарорлари, 57 та Ҳукумат қарори ҳамда 38 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Натижада қонун устуворлиги соҳасида халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни 5 поғона кўтарилди ва аҳоли даромадлари икки карра оширилди.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари илгари сурган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”ни амалга ошириш асносида изчил конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асосий қонунни бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотлар мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки замонавий глобаллашув шароитида бутун дунё мамлакатлари жадал тарзда конституциявий ривожланишнинг ўз моделини изламоқда. Шу билан бирга, Конституция давлатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳар қандай жамиятда Конституция ижтимоий тараққиёт суръатларига таъсир кўрсатадиган муҳим манба, тараққиёт мўлжалларини белгилаш имконини берадиган маёқ вазифасини ҳам ўтамоғи даркор. Бунинг учун эса мазкур ҳуқуқий ҳужжат жамиятда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-маданий жараёнлардан бир қадам олдинда бўлмоғи, жамият аъзоларини ортидан эргаштирмоғи лозим.

Конституциявий ислоҳот ҳозирги ва келажак барқарор ривожланишнинг зарур юридик заминидир. Хусусан, у ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро назорат ва мувозанатни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга, ҳисобдорлик, шаффофлик, иштирок ва келажакни кўра билишни оширишга кўмаклашувчи конституциявий “қоидалар”ни ўзгартириш йўли билан “самарали бошқарувнинг” ҳаётий аҳамиятга эга инструменти бўлиши мумкин. Президентимиз айтганидек, “Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим”.

Кейинги йилларда эса “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили ислоҳотларнинг бош қоидасига айлантирилди. Келажакда ушбу тамойил асосида амалга ошириладиган ўзгаришлар тенденциявий тус олиши учун энг аввало “инсон – жамият – давлат” тамойилини конституцион норма сифатида мустаҳкамламоқ зарур.

Халқимизда ҳар қандай катта ишни бошлашдан олдин кўпчилик билан маслаҳат қилинади. Маслаҳатлашув жараёнида жўяли таклифлар билдирилади. Қизғин муҳокамалардан сўнг кўпчиликнинг рози-ризолиги билан якуний қарорга келинади. Бош қонунимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида ҳам айнан шундай йўл тутилди. Президентимиз таъбирига кўра, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқ билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, ички ва ташқи илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилиш зарур.

Халқимиз билан муҳокама натижасида Конституциямизнинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар билан бирга 15 та янги модда ва битта янги боб киритилмоқда. Лойиҳада фуқаролар томонидан тақдим қилинган 160 мингга яқин таклифлардан ҳам кенг фойдаланилган. Фуқароларимизнинг лойиҳа муҳокамасидаги кенг иштироки туфайли Бош қонунимиз чиндан ҳам халқ Конституцияси бўлади. Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, бу ишлар ўзимизни кўз-кўз этиш учун эмас, балки халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, эртага ҳар бир юртдошимиз Конституция билан фахрланиши, “Бу менинг Конституциям” деб ғурурланиши учун амалга оширилаётганини англашимиз зарур.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизнинг бош мақсади, мамлакатимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига кўтариш, халқимиз учун тинч, фаровон, турмуш шароитлари яратиб беришга хизмат килишдан иборат. Зеро, Конституция Ўзбекистон халқи учун кенг имкониятлар ва порлоқ келажак эшигини очиб бераётган олтин калит бўлиб, барчамиздан Асосий конунимизни ва шу конун асосида қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мукаммал ўрганиб, ўзлаштириб, уларга амал килиб, ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш талаб этилади. Бу эса мамлакатда адолатли фукаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлатни қуришнинг энг муҳим талабидир.

Нусратилла Баракаев,
Бухоро муҳандислик-технология институти ректори

Report Page