Конституция ҳақида нималарни биламиз
Конституция ҳар бир давлатнинг асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Унинг меъёрлари нафақат давлат тузуми, давлат ҳокимияти ва бошқарувини ташкил этиш принципларини, балки ижтимоий ҳаёт меъёрларини ҳам белгилаб беради.
Бугун дунёнинг қарийб барча давлатларида конституция асосий қонун ҳисобланади ва бошқа ҳар қандай чиқариладиган қонун, қарор ҳамда фармонлар унга мувофиқ тарзда қабул қилинади. Шу туфайли конституция «Бош қомус», «Асосий қонун» деб ҳам аталади.
Конституция сўзи лотинча constitutio - «қурмоқ», «ташкил этмоқ» сўзларидан олинган. Конституциянинг тарихи қадим-ги грек давлатлари ва Рим империясига бориб тақалади. Ўрта асрлар конституциялари орасида 1529 йилда қабул қилинган Литва князлиги конституцияси энг қадимийси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда алоҳида қонун билан қабул қилинган Конституцияси мустақил Ватанимиз тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Конституциямиз истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи бўлиб, Бош Қомус сифатида давлатни давлат қиладиган, миллатни миллат қиладиган қонунларга асос бўлиб келмоқда.
«Ўзбеккўмир» АЖ «Ангрен кўмир кони» филиалида 20 ноябрь куни ўтказилган маънавий-маърифий тадбир айнан ана шу мавзуда бўлди. Унда Бош Қомусимиз, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамияти, шунингдек мустақил давлатимиз рамзлари бўлган Давлат Байроғи ҳақида фахр-ифтихор билан сўз юритилди.
Филиал касаба уюшма қўмитаси раиси Бозорбой Ҳасанов бошлаб берган тадбирда азиз меҳмон − таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков Ўзбекистон ва дунёда бўлаётган муҳим воқеаларни ғоятда қизиқарли тарзда шарҳлади. Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши, демократик, ҳуқуқий фуқаролик жамияти қуришда Асосий Қонунимизнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Айни пайтда давлатимиз Байроғи ҳақида ҳам ғурур билан сўз юритди.
«Ўзбеккўмир» АЖ Ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаев тадбирда сўз олиб, бугунги медиа майдондаги вазият, бу борада юз бераётган ўзгаришлар ҳамда корхона Ахборот хизмати амалга ошираётган ишлар хусусида маълумот берди. Меҳнат жамоалари ўртасида китоб, газета мутолаасини кучайтириш, келгуси йил учун вақтли матбуот нашрларга обуна уюштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Савол-жавоб тарзида кечган тадбир унинг иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Нодира Ғаниева,
«Ўзбеккўмир» АЖ «Ангрен кўмир кони» филиали касаба уюшма қўмитаси иш юритувчиси