ШИФОКОРЛАР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Фарғона вилояти вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази, вилоят силга қарши курашиш диспансери ҳамда USAID нинг Марказий Осиёда сил касаллигини тугатиш бўйича лойиҳаси ҳамкорлигида шифокорлар ва журналистлар иштирокида матбуот конференцияси ўтказилди.
Тадбирда сил касаллигининг олдини олиш, даволаш бўйича амалиётга тадбиқ этилаётган усуллар ҳақида сўз борди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.

– Бундан 10 йил илгари сил касалиги ҳақида сўз кетганида, одамларни ваҳима босарди, – дейди диспансер бош врачи Элёр Алиев. – Бугунги кунга келиб, унга ташхис қўйиш механизми ва даволаш усули ҳам тубдан ўзгарди. Шунинг учун ҳам беморлар сони кўп эмас. Мавжуд беморларда ҳам оғир ҳолатлар кузатилгани йўқ. Шундай бўлсада, биз аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришимиз зарур. Ижтимоий тармоқларда ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Телеграм тармоғида “Саломатлик сабоқлари” номли саҳифа мавжуд бўлиб, унда барча ўзининг қизиқтирган саволларига жавоб олиши мумкин. Сил – бедаво дард эмас. Фақат унга вақтида эътибор берилиб, даволанилса, албатта, ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Сил — юқумли касаллик бўлиб, унинг тарқалишига асосий сабаблардан бири бу аҳоли ўртасида тиббий маданиятнинг етарли эмаслиги, соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик ҳисобланади. Конференцияда аҳоли ўртасида тарғибот ишларининг таъсирчанлигини янада ошириш борасида муҳим таклифлар ўртага ташланди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.