Комбинатда соф рений металли олинди

Комбинатда соф рений металли олинди


Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси меҳнат жамоаси оламшумул муваффақиятга эришди. Корхонада рений металли соф ҳолда олинди.

Маълумот учун рений металли кукуни Мис эритиш заводининг нодир металлар ишлаб чиқариш цехида тайёрланадиган перренат аммонийдан олинади. Жараён водород тиклаш усули билан амалга оширилади.

Рений металлини соф ҳолда олиш ишлари бўйича лаборатория синовлари 2016 йилда бошланган эди. Синов ишлари бу йил ўз якунига етди. Натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди. Синов жараёнлари натижасида 99,9% соф ҳолда рений металли олинишига эришилди.

Комбинатда келгусида ушбу маҳсулот саноат масштабида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу металл Менделеев даврий жадвалида 75-ўринни эгаллаб, ўзига хос ноёб физик-кимёвий хоссаларига кўра кўплаб соҳаларда қўлланилади.

Жумладан, нефтни қайта ишлаш саноатида катализатор тайёрлашда асосий компонент ҳисобланади. Авиасозлик, электротехника соҳаларида деталлар учун асосий элемент сифатида фойдаланилади.

Ядро саноатида эса ушбу металлдан термопаралар тайёрлашда фойдаланилмоқда. Бу реакторда юқори ҳароратни ўлчаш имконини беради.

Шунингдек, тиббиётда турли оғир хасталикларни даволашда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларидаги махсус ускуналарни тайёрлашда қўлланилади.

Заргарликда эса ренийдан қимматбаҳо буюмларни безаш учун қоплама сифатида фойдаланилади.

Жаҳон бозорида 1 гр ренийнинг ўртача нархи 9 доллар атрофида туради.

ОКМК Ахборот хизмати

Report Page