Кока колами ёки Зам зам

Кока колами ёки Зам зам


Бисмиллаҳ


Coca cola Ёки Zam Zam сиз қайбирини танлайсиз?


(Эринмасдан ўқиб чиқинг, бу сиз учун фойдалидир!)


Биламизки шу пайтгача кока-кола, пепси каби ичимликларнинг ҳаром эканига қатъий ва очиқ далилни кўрмадик. Бинобарин, уни истеъмол қилиш жоиз. Аммо айрим мутахассислар бундай ичимликлар асосан тижорий мақсадлар билан ишлаб чиқарилишини, улар инсон саломатлигини мустаҳкамлаш учун хизмат қилмаслигини айтишади. Баъзилар эса унинг соғлиққа зарарлари ҳақида ҳам ёзишади.


#Колалар_тарихидан_бир_қултум


«Кока-Кола» 1886 йилда Американинг Атланта шаҳрида собиқ армия офицери, доришунос Джон Стит Пембертон томонидан ихтиро қилинган. «Пепси-кола»ни эса 1890 йили Ню-Берн шаҳрида (Шимолий Каролина) фармацевт Калеб Брэдхэм ишлаб чиқарган.


Йиллар давомида бу икки ичимлик халқлар ўртасида катта шуҳрат қозонади ва 100 йилдан ошиқ давр мобайнида бутун оламга ёйилади. Улар жаҳон бўйича энг кўп сотиладиган ичимликдир. Википедиянинг ёзишича, ҳозир дунёда бир секундда 8000 стакан «Кока-Кола» ичилади. Аммо бундай манзара асосан бизнес оламидаги тарғибот маҳсули бўлиб, кўп одамларнинг юзаки фикрлашлари ва турмушда модага қарам бўлиб қолаётганлари натижаси ҳамдир.


«Фанта» ва яна бир неча хил ичимликлар «Кока-Кола»га қарашли тобе фирмалар томонидан ишлаб чиқарилади.


#Кола_ва_саломатлик


Мутахассислар ҳар қандай газли ичимликни сурункали тарзда истеъмол қилиш ошқозон ва ичакка салбий таъсир ўтказишини айтишади. Шунингдек, таркибида юқори даражали шакар моддаси бўлган шарбатлар айниқса тиш учун зарарлидир. «Кока-Кола» таркибидаги шакар бир стаканга 8 қошиқ нисбатда бўлиб, бу ҳаддан зиёда юқори миқдор саналади.


«Доимий равишда «Кока-Кола» истеъмол қилувчилар орасида қандли диабетнинг иккинчи типи билан касалланишнинг кўплиги ҳақида ишончли далиллар бор…


«Кока-Кола» таркибидаги фосфор кислотаси тишни пломба қилишдан аввал тиш эмалини эритишда фойдаланилади. «Мифларни барбод қилувчилар» («Разрушители мифов») теледастурининг биринчи мавсуми бешинчи сонида «Кока-Кола» тишни бутунлай емириши мумкинлиги ҳақида айтилган…»


(http://ru.wikipedia.org/wiki/Кока-Кола#cite_note-10)


#_Кока_Колага_қарши_даъволар


Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси И. А. Смыков «Кока-Кола» истеъмол қилишнинг соғлиққа жиддий зарари ҳақида даъво билан чиққан.


Турли манбаларда ёзилишича, 2009 йили турк ҳукуматининг ва Туркия хайрия жамғармаларидан бирининг талаби билан «Кока-Кола» компанияси устидан маҳкамага даъво аризаси киритилган. Даъвогар ўзининг тадқиқотлари натижасида ичимлик таркибида ўсимликлар зараркунандаси бўлмиш ҳашаротдан (русчаси: кошенильный червец) олинадиган ранг берувчи кармин (E120) моддасини топганини айтган ва баъзи динлар, жумладан яҳудийлик озиқ-овқатга ҳашаротлар қўшишни тақиқлашини келтирган. Маҳкама олдига истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоялаш учун «Кока-Кола» таркибининг рецепти ошкор қилиниши талаби қўйилган.


Маълумки, «Кока-Кола» таркиби пропорциялари қаттиқ сир сақланади. Компонентлар формуласини бир вақтнинг ўзида компаниянинг 3 юқори лавозимли аъзоси билиши мумкин холос. (http://ru.wikipedia.org/wiki/Кока-Кола)


Шунингдек, халқ ичида бу ичимлик таркибига чўчқадан олинадиган моддалар қўшилиши ҳақидаги гаплар тарқалган.


«Кока-Кола» компанияси ўзининг расмий сайтида буларни миш-миш деб атаган ва бу ичимлик таркибида ҳашарот ёки чўчқадан олинадиган моддалар йўқ, дея баёнот берган.


Баъзи мусулмон жамоалари ва Ислом давлатлари томонидан турли вақтларда «Кока-Кола» компаниясига қарши айбловлар янграган. Ширкатнинг Исроил билан бевосита ҳамкорлик қилиши ҳақидаги даъволар кучайиб, бойкот ҳаракатлари оммалашган. 20 асрнинг 50 йилларидан Риёзда «Кока-Кола» заводи фаолият кўрсатган эди. 60 йилларга келиб завод ёпилган ва ширкат мулки мусодара қилинган. Миср ва Иорданияда (1994 й) Исроил билан «Тинчлик шартномаси» тузилиши сўнггидан компания яна ўз ишини давом эттирган.




#_Билиб_қўйган_яхши


Википедияда «Кока-Кола»дан фойдаланишнинг муқобил усуллари» деган сарлавҳа оcтида бундай ёзилади:


«Кока-Кола» ювувчи восита сифатида


«Кока-Кола» зангни яхши тозалайди (аммо бўёқ асарини қолдиради). Бундай таъсир ундаги фосфор кислотаси ҳисобига амалга ошади. Шунингдек, маълумки, «Кока-Кола» чойнак тагидаги доғларни ва унитаз кирларини кеткизади. Аммо «Кока-Кола»дан бундай мақсадларда фойдаланиш тавсия қилинмайди, чунки бу ишлар учун таркибида кислотаси бор махсус воситалар мавжуд…


Актюбеда чиқадиган «Диапазон» газетасининг ёзишича, Қозоғистоннинг энг тоза шаҳри, деб танилган Уральск шаҳрининг Ғалаба майдони 2009 йил 9 май байрамида «Кока-Кола» ёрдамида ювилган.


Америка йўл полицияси авариядан сўнг асфальтдаги қон доғларини кетказишда «Кока-Кола»дан фойдаланади. 


(http://ru.wikipedia.org/wiki/Кока-Кола#cite_note-10)


«Кола» ва «Пепси» кабилар ҳақида шаръий ҳукм


Фиқҳ асослари суянадиган қоидалардан бири шуки, нарсаларга баҳо беришда бирламчи асос жоизлик ва рухсатдир («ал-ибоҳа»). Бу қоида то рухсатни тўхтатадиган бирор асос, далил пайдо бўлмагунча амал қилаверади. Бинобарин, ҳар қанча миш-миш ёки шубҳалар тарқалмасин, маст қилувчи моддаси йўқ экан ё эса нажас аралашгани исбот қилинмаган экан, бу ичимликни ҳаром, дейишга асос топилмайди. Аммо соғлиққа зиён келтириш жиҳатидан бўлган даъволар агар ўз тасдиғини топса, бу ҳам маҳсулотни ҳаром дейиш учун етарли ҳужжат бўлади.




#Муқаддас_зам_зам_фойдаси_ҳамда_мўжизаси!


Муқаддас зам-зам булоғининг сирлари ўрганилмоқда, бу эса дунё олимларини ҳайратга солмоқда


- Дунёда муборак нарсалар кўп. Улар Аллоҳ томонидан унинг ўзига хос илм ила яратилган бўлиб, мана қанча даврлар ўтса ҳамки, бу неъматлар инсон учун хизмат қилиб келаётир, аммо айримларининг сири ҳали ҳамон мавҳум. Биз бу муборак неъматларнинг фақат Аллоҳдан эканлигига иймон келтиришимиз, уларнинг хизматидан фойдаланганимиз учун Яратганга шукр қилишимиз, тарихи ва инсониятга уларнинг яна қандай фойдаси борлигини ўрганишимиз лозим.


Юқорида айтиб ўтганимиз бундай муборак неъматлар сайёрамизда бисёр. Ана шулардан бири муқаддас зам-зам булоғидир. Чўлнинг ўртасида 4000 йилдан бери бузилмасдан, ифлосланмасдан, сувўтлари босмай оқаётган илоҳий чашма ҳар йили ҳаж ва умра учун келган миллионлаб мусулмонни сув билан таъминламоқда. Унинг пайдо бўлиш тарихи, неча юз йиллардан бери ҳожилар чанқоғини қондириб келаётгани, манбасининг асли қаердан эканлиги ва шунга ўхшаш бир қанча сиру синоатлари бугун Ғарб ва Шарқ олимлари томонидан ўрганилмоқда, илмий йўллар билан асосланмоқда, Аллоҳнинг яна бир мўъжизаси ҳақида инсонларга ҳикоя қилинмоқда. Келинг, аввало, бу булоқнинг тарихига қисқача назар ташласак.


#Зам_зам_тарихи


Бу неъмат Аллоҳ таоло ўз ҳалили ва пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг чанқоғини қондириш учун ўз мўъжизаси ила ердан сув чиқарилган қудуқдир. Иброҳим алайҳиссаломга пайғамбарлик мартабаси берилганидан сўнг, у кишининг ягона вазифаси тўғри йўлдан адашган ва осий бўлган қавмларини тўғри йўлга бошлаш, бут-санамларга эмас, ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақириш бўлди. Қавмлари у зотнинг сўзларига кирмади ва ҳатто отаси Озар унга ғазаб қилиб: “Мени тинч қўй, бу чўпчакларингни менга айтма. Агар яна қайтиб мени безовта қиладиган бўлсанг, сени калтаклайман”, деди.


Шунда Иброҳим алайҳиссалом маҳзун бўлди ва хотини Ҳожар ва ўғли Исмоил алайҳиссалом ни олиб, Макка шаҳри томон йўлга тушди. У ерга етиб боришгач, Иброҳим алайҳиссалом хотини ва ўғлини шу ерда қолдириб, ўзлари қайтиб кетмоқчи бўлдилар. Шунда хотини Ҳожар: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, бу жойда сув ҳам, бирор егулик ҳам бўлмаса, бизларни ташлаб қаерга кетмоқчисиз ёки Раббимиз шунга буюрдими?”, деб сўради. Иброҳим алайҳиссалом у кишига тасдиқ жавобини бердилар. Зеро ҳақиқатда Аллоҳ шуни истаганди. Албатта, бунда ҳам бир ҳикмат яширин эди. Шунда рафиқалари: “Ундай бўлса кетаверинг, Аллоҳнинг ўзи бизни хор қилиб қўймас”, деб у кишининг кетишларига рози бўлди.


Макка шаҳрида бирор дарё ёки анҳор йўқ эди. Жазирама боис ёш Исмоил чанқади. Онаси сув қидириб, Сафо тоғидан Марва тоғи томонга қараб йўлга тушди. Сув йўқ эди... Ҳеч қаерда йўқ эди. Онаизор сув топилиб қолармикан, деган умидда етти бор икки тоғ орасида у ёқдан-бу ёққа бориб келди. Шунда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ она-болага ёрдам қилиб, гўдак Исмоил ётган жойдан, унинг оёқлари остидан сув чиқариб берди. Онаси келиб қараса, ўғлининг оёғи остидан сув чиқиб, жилға бўлиб оқиб ётибди. Шунда Ҳожар онамиз сувга қараб: “Зам-зам” яъни, “Тўхта, тўхта”, деди. Шу сабаб бу сувнинг номи “зам-зам” бўлиб қолди. Чўлнинг ўртасида жойлашган бу булоқнинг атрофида Макка шаҳри қурилди. Бироз вақт ўтиб, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом аёлини ва ўғлини зиёрат этишга келганида, уларни мўл-кўллик ва баракат ичида кўрди.


#Кўмиб_ташланган_зам_зам


Орадан йиллар ўтиб, бу ерларга турли қабилалар кўчиб келишди. Исмоил (а.с.) ҳаётлик чоғларида зам-замнинг тасарруфи у кишининг қўлларида бўлган. У зот вафот этгач, унинг ўғли Нобит, ундан кейин эса Журҳум қабиласи эгалик қилди. Вақт ўтиши билан Журҳум қабиласи одамларга ёмонлик қилувчи, зулм эгаларига айланишди. Уларнинг бу ёвузлигини кўрган Кинона ва Хузоъа қавмлари уларга қарши биргаликда курашиб, Журҳум қабиласини Маккадан чиқариб юбордилар. Журҳумликлар мағлуб бўлгач, биздан сўнг зам-замни ҳеч ким топа олмасин деб, ҳажарул-асвадни ҳам, мақоми Иброҳимни ҳам, зам-зам булоғини ҳам кўмиб, сўнгги ғаламисликларини ҳам амалга ошириб, сўнгра шаҳардан чиқиб кетишди.


Улардан кейи Хузоъа қабиласи маълум муддат Байтуллоҳга бошчилик қилди. Бу қабиланинг сўнгги вакили Хулайл ибн Каъб ибн Амр ал-Хузоъий эди. Кейинчалик пайғамбаримз соллаллоҳу алайҳи саломнинг бешинчи боболари Қусой ибн Килоб Хулайлнинг қизи Ҳуббога уйланади ва ундан тўртта фарзанд кўради. Шундан сўнг, Қусойни мол-давлати ва обрўси, мартабаси ортиб, қайнотаси Хулайлнинг вафотидан сўнг, Байтуллоҳга бошлиқ этиб тайинланади.


Бу мутасаддилик унинг болалари Абдуманноф, Ҳошим, Абдулмуттолибларга ўтиб келади. Бу муборак зотларнинг барилари Байтуллоҳ зиёратига келувчи ҳожиларга мислсиз хизматлар кўрсатишган. Сув ва егулик борасида ёрдамларини аяшмаган. Шу ўринда, “Улар ҳожиларга бериладиган сувни қаердан олишган, зам-замданми?”, деган ўринли савол туғилиши табиий. Йўқ албатта. Чунки Журҳум қабиласи зам-зам қудуғини кўмиб ташлагандан, то Абдулмуттолиб уни топиб, қайта чиқаргунича бўлган муддат орасидаги ҳожиларга Макканинг маҳаллий суви берилган. Аллоҳ бу мўъжизавий қудуқни қайта очишни Абдулмуттолибга насиб этди. Дарҳақиқат, Абдулмуттолиб бу шарафли хизматга, таъбир жоиз бўлса, бундай улкан мукофотга лойиқ зот эди.


У ўзининг кучлилиги, ҳусни-хулқи билан Қурайш қабиласи ичида эътибор қозонганди. Кунларнинг бирида у Каъбаи муаззаманинг соясида ухлаб ётган эди. Тушида биров келиб, унга зам-замнинг кўмилган жойини кўрсатади ва уни кавлашга буюради. У бу тушни тўрт бор такрор кўрганидан сўнг, уни Раҳмоний туш эканидан ҳеч шак қилмай, ўша жойни кавлаб, зам-зам қудуғини топишдек бахтга сазовор бўлади. Шу билан IV аср давомида ном-нишонсиз йўқолган ва Жобир разияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ва Ибн Можжалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида: “Зам-зам суви нима ниятда ичилса, худди шундай бўлади”, деб марҳамат қилган муборак ва шифобахш сув қудуғи қайта топилади.


#Зам_замнинг_сирлари


Анча йиллардан бери ушбу муқаддас булоқ суви ва унинг таркиби борасида изланиш олиб борган мусулмон тадқиқотчилари билан бир қаторда япон ва немис мутахассислари зам-зам сувининг сирларини ҳужжатли фильм воситасида одамларга маълум қилишди.


Узоқ йиллардан бери зам-зам суви ва кристаллари устида тадқиқот олиб борган фан одамлари булоқнинг айрим сирларидан бирин-кетин воқиф бўлишмоқда. Немис мутахассиси доктор Кнут Пфайфер ана шундай олимлардан бири ҳисобланади. 


Рейн дарёсининг сувидан ичган кишининг қуввати камайишини аниқлаган Пфайфер сувлар устида тадқиқот ўтказаркан, унинг қўлига тасодифан зам-зам суви тушиб қолади. Мусулмонлар эъзозлайдиган ва бир-бирига ҳадя этадиган бу сув устида тажрибалар ўтказади. Тажрибалар сўнггида кишининг зам-зам сувини ичгандан 35 дақиқа ўтиб, роҳатланишини исботлайди. Тадқиқотини давом эттириб, ҳайратланарли ҳақиқатга дуч келади. Зам-замнинг уютувчи хоссаси бор эканлигини, бир пиёласи бир челак техник сувни тозалашини, бу хоссасига қарамай қувват ва шифо манбаи эканлигини исботлаган немис мутахассиси қуйидаги фикрларни билдиради: “Жуда ажойиб бир тажриба ўтказдим. Бир томчи зам-зам сувига юз томчи оддий сув аралаштирдим. Натижада кўрдимки, сувнинг ҳаммаси зам-замга айланибди. Сўнгра бир томчи зам-замга минг томчи оддий сув аралаштирдим. Бу сувнинг ҳам зам-замга айланганига гувоҳ бўлдим. Бунинг сабаби нима? Замзамда шундай бир қувват борки, бошқасини ўзгартиради, лекин ўзи ўзгармайди”.


#Мўъжизавий_кристаллар


Тадқиқотларга кўра, зам-зам сувининг ер юзига илк чиққан жойидаги ҳарорати 37 даража. Қандай ният билан ичилса, шу дардга даво бўладиган ва 66 номи бўлган зам-зам суви атрофдан келган турли овозлар қаршисида фарқли шаклларга айланмоқда. Буни исботлаган эса япон олими доктор Масура Ямотодир.


Зам-зам кристалларини илк бор микроскоп остида тадқиқ этган олим сувни турли овоз частоталарида синаб кўради. Сувнинг молекуляр (кристал) структурасининг турли частоталарга кўра ўзгаришини кузатган япон мутахассиси черков қўнғироғи овозида замзам кристалларининг қорайишини, Қуръони карим ва азон овозларида эса порлашини аниқлади. Тадқиқотда ҳар бир кристаллнинг худди Каъбаи муаззамага ўхшайдиган бир тўқима ташкил қилиши аниқланди. Японияда энг кўп сотилган китоблар қаторидан жой олган доктор Ямотонинг зам-зам бўйича ёзилган китобида бу табаррук сув физикавий ва кимёвий хоссалари жиҳатидан ер юзидаги барча сувлардан фарқланишини айтиб ўтган.


Ёшлигидан ҳаётини зам-зам тадқиқотларига бағишлаган турк насабли саудиялик муҳандис Яҳё Ҳамза Кочак Каъбанинг томчиларда яширинган ҳайратда қолдирувчи сирни япон мутахассисидан қандай ўрганганини шундай айтади: “12 йил аввал Лос Анжелесда бир конференцияда япон олими Масура Ямото билан танишдим. У сувнинг ўзига хос эсда сақлаб қолиш хоссаси, яъни хотираси борлигидан гапирар, бир овоздан бошқасига ўтганида сувнинг қандай ўзгаришини тушунтирарди. Конференция тугагандан кейин у билан гаплашдим. Биз мусулмонлар бир пиёла сувга Қуръони карим ўқиб, уни хастага ичирамиз. Бундан ташқари зам-зам сувимиз ҳам бор. Қандай ниятда ичилса, фойдасини беради. Шуларни тадқиқ эта оласизми, деб сўрадим. Мендан Қуръони Каримни ким ўқийди, деб сўради. Лос Анжелес ва Токиодаги Ислом марказларидан илтимос қилиши мумкинлигини айтдим. 10 йил сўнгра менга устида азон ўқилган сув ва кристаллар бўйича тажрибалари ёзилган бир китобни юбориб, ҳайратга солди. Тадқиқотни ўтказган ва бу бўйича мустақил бир китоб ёзган экан. Сув кристаллари бисмиллоҳ, Қуръони Карим ва азон ўқилганида шаклини ўзгартиради. Кристалларнинг кўриниши айнан Ҳарамнинг спутникдан олинган расмидай. Замзам кристали дунёдаги сув кристалларининг барчасидан фарқли. Баъзи фан олимлари бунинг сабабини ҳалиям тушуна олмаяпти”.


#Ҳужжатли_фильм_суратга_олинди


Зам-зам сувининг изини суратга туширган операторлар илк бор булоқ чиққан қояларни суратга олди. Бутун дунё соғликни сақлаш ташкилоти, Зам-зам тадқиқот ва мукаммаллаштириш институти, Саудия гидрогеологик ташкилоти мутахассислари, Жидда Қирол Абдулазиз университети домлалари ва Замзам лойиҳасида ишлаётган тадқиқотчилар ҳужжатли фильмда меҳмон бўлишди. “Муқаддас сув Замзам / Зубайда сув йўли” номли бу ҳужжатли фильмга Дурсун Ўзден режиссёрлик қилди.


Замзам сувини ичганда айтиладиган зикрлар


Мусулмонлар ҳар бир ишни гўзал одоб-аҳлоқ кўрсатиб қилишадики, четдан қараган инсоннинг кўзи қувнайди, уларга ўхшагиси келади. Неъматларнинг одоби, уларни яратган Аллоҳга шукр айтиш билан бошланади. Ана ундан сўнг исроф этмаслик, ўзгаларга ҳам улашиш ва ундан фойдалангандан сўнг Яратганга ҳамд айтиш кабилар юксак аҳлоқ намуналаридир.


Худди шундай зам-зам суви истеъмолида ҳам айтилиши керак бўлган зикрлар, ниятлар ва дуолар мавжуд.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замзам суви нима учун ичилса, шунга бўлади”, дедилар. Яъни, нима ният ила ичилса, ўша ниятига етади. Имом Муслим ривоятлари.


Замзам сувини ичаётиб, улуғ мақсадларни кўзлаш уламо ва солиҳ кишиларга хос ишдир. Баъзи уламолар, Замзам ичаётганда гуноҳлари мағфират бўлишини ва касалдан шифо топишини сўраб ичиш ҳамда қуйидаги дуоларни ўқиш мустаҳабдир, дейишган:


“Аллоҳумма ва инний ашрабуҳу литағфиро лий ва литафъала бий каза-каза фағфир лий”.


“Аллоҳумма инний ашробуҳу мусташфийан биҳи фашфиний”. (Маъноси: Аллоҳим, билдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замзам суви нима учун ичилса, шунга бўлади”, деб айтганлар. 


Аллоҳим, бу сувни мен гуноҳларим мағфират бўлиши ва мана шу-мана шулар бўлиши учун ичяпман. Аллоҳим, мени мағфират қил ёки мундоқ қил. Аллоҳим, у сув шифо бўлишини ният қилиб ичяпман, менга шифо бер).


Ибн Аббос розияллоҳу анҳу агар Замзам сувини ичсалар: “Аллоҳумма инний ас`алука ъилман нафиъан ва ризқон васиъан ва шифаан мин кулли даин”, деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳим, мен Сендан фойдали илм, кенг ризқ ва ҳар дардга шифо беришингни сўрайман.) Имом Ҳаким ривоятлари.


Ҳар бир инсоннинг энг муҳим вазифаларидан бири, ақли камолга етгани ҳамоноқ, ён-атрофидаги борлиқ ҳақида тадаббур юритмоғидир. Қуёш нега чиқади, кунлар нега алмашади, ёмғир, қор, инсонлар тақдири, тарих ва яна бир қанча ишлар хусусида чуқур тафаккур юритмоғи ва муҳим бир нарсани ҳеч қачон унутмаслиги даркор. Бутун борлиқ Ҳазрати Инсон хизматида. Нега? Чунки Аллоҳ ҳар бир бандасини, у ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир тирик жонни, азизу мукаррам этиб яратган. Бизнинг мақсадимиз ҳам, ниятимиз ҳам ана шу номга муносиб бўлиш, Инсон деган улуғ шарафга доғ туширмасликдир.


Интернет Манбаалари асосида таёрланди

Report Page