Когон тумани: Хўжа Якшаба “Обод қишлоқ” дастури асосида янгиланмоқда
Buxoro.uz“Обод қишлоқ” дастури бугун чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жой, таълим муассасаси, дам олиш маскани, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янги қиёфасида ёрқин ифодасини топмоқда. Когон туманининг Хўжа Якшаба маҳаллласида ҳам бу дастур асосида кенг бунёдкорликлар амалга оширилаётгани фикримиз далили.
Айни кунда Хўжа Якшаба маҳалласининг 1 минг 22 та хонадони, 1 минг 155 та оиласида 5,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Ўрганишлар ва олиб борилган хатловга кўра маҳаллада 87 та оила кам даромадли сифатида баҳоланган, 353 нафар ишсиз, 651 нафар пенсия ёшидагилар, 64 нафар нафақахўр ногиронлар аниқланган. Аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда ҳудудда ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш баробарида муҳандислик–коммун икация тармоқларини шай ҳолга келтиришга эътибор қаратилган.
Жумладан, Хўжа Якшабадан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги “4Р-65" автойўлининг “Азизобод қ. — Когон ш" автомобиль йўлининг 30-38 километрлари жорий таъмирдан чиқарилиб, унда эскириб яроқсиз ҳолга келган йўл белгиларини металл корпусли юқори интенсив нур қайтарувчи янги йўл белгиларига алмаштирилган. Когон автомобиль йўлларидан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан “Истиқбол”, “Тун-ироқ”, “Сорғун”, “Мустақиллик” маҳаллалари қаторида Хўжа Якшаба маҳалласининг 4 километрга яқин ички йўллари шағаллаштирилган.
Бундан ташқари, дастур доирасида маҳаллада республика ва маҳаллий молиявий манбалари ҳисобидан йўл, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти ва бошқа инфратузилмалар тубдан янгиланмоқда. Жумладан, маҳалла марказидан мактабга борадиган 2 километрга яқин пиёдалар йўлаги барпо этилиб, умумий узунлиги 9 километрга тенг йўл асфальтлаштирилгани, шу билан бирга, 23 километр масофага ичимлик суви тармоқлари тортилгани айни муддао бўлди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг энг улуғ ва энг азиз байрами кунларида Хўжа якшаба маҳалласидаги кўпдан буён таъмирталаб ҳолда ётган 3-сонли умумтаълим мактабининг замонавий қиёфа касб этган, қўшимча ўқув биноси фойдаланишга топширилгани нафақат ўқувчи ва педагогик жамоа, балки шу ерлик аҳоли учун кўпдан кутилган қувончли воқеа бўлди.
“Обод қишлоқ” давлат дастури асосида замон талабларига мос таъмирдан чиқарилган 734 ўринли мазкур таълим даргоҳида ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча қулайлик яратилган. Бунда Ўткир Ҳамроев раҳбарлигидаги "Бухоро таъмир бунёд курилиш" масъулияти чекланган жамияти бунёдкорларининг хизмати беқиёс бўлди. Қурилиш-таъмирлаш ишларига умумий қиймати 4 миллиард 100 миллион сўм маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, аҳолига интернет тармоқларини яхшилаш мақсадида 5 километр узунликда оптик толали алоқа линиялари тортилгани, шунингдек 4 километрга электр тармоқлари тортилиб, элликка яқин таянч устуни ўрнатилаётгани, обод бўлаётган йўллар тунги ёритиш чироқлари билан таъминланаётгани, умуман, йўл, электр энергияси, табиий газ тармоқларида реконструкция ва модернизациялаш ишлари якунланаётгани кўпларни хурсанд қилмоқда. Албатта, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, маҳалла ва қишлоқларда зарур шарт шароитни яратиб бериш борасидаги бу каби бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати