Когон шаҳрида хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фойдаланишга топширилди

Когон шаҳрида хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фойдаланишга топширилди

Buxoro.uz

Мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш борасида қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ана шундай амалий саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ Когон шаҳридаги “Истиқлол” маҳалласида  хотин-қизлар тадбиркорлик маркази иш бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 март куни имзоланган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил қилинган марказ аёлларнинг бизнес юритиш кўникмаларини шакллантиради, уларга зарур маслаҳатлар беради ва амалий ёрдам кўрсатади. Шунингдек, марказ узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни касблар бўйича қайта тайёрлашга ҳам кўмаклашади.

Шунга мувофиқ Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, бу ерда тикувчилик, аёллар сартарошлиги, ахборот тэхнологиялари, RESEN-ART, бухгалтерия ҳисоби ва уй ҳамширалиги йўналишларида ўқув курслари ташкил этилган. Касбга ўқитиш йўналишларида малакали тренерлар фаолияти йўлга қўйилган. Ўқув курсларига асосан “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”ларда рўйхатда турган хотин-қизлар жалб этилади.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар тегишли тартибда шакллантириладиган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади. Махсус дастурларни муваффақиятли ўзлаштирганларга тавсияга кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит берилади.

Йиғилганлар марказда яратилган шарот-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page