KlimMametov

KlimMametov

Shukurjon Islomov

Бир касбни танлаб шу соҳанинг ичига кириб борганинг сари кўплаб сафдошларга, устозларга дуч келасан, улардан нималарнидир оласан. Аммо шундай инсонлар бўладики, ундан касбий билим ва тажрибадан ташқари кўпроқ нарса оласан. Фақатгина қандай ишлашни эмас, юриш-туришдан тортиб, қандай яшашни ҳам. Мен учратган ана шундай кишилардан бири Клим Маметовичдир.

Бу исмни биринчи эшитган одам ажабланади – ўзбекми ўзи у киши? Ўзбек, Қозоғистонда туғилган, тоза ўзбек. Исмига келсак, машҳур совет маршали Климент Ворошилов шарафига қўйилган. Мамат ака эса, отасининг исми. Клим Маметовичнинг ўзи айтишича, қўшнилари “Мамтака” деб чақирган. “Мен ўзи иқонликман, шоир Миртемирнинг қишлоғидан”, деб қўяди туғилган жойи ҳақида гап кетганда. Иқон бу Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги каттакон қишлоқ.

Клим Маметович билан 2000 йилда биринчи марта кўришганман. Кўпчилик билан биринчи учрашувинг эсингда қолавермайди, аммо у билан биринчи кўришганимиз яхши эсимда. Мактабни битирадиган йилим. Ўша йиллари Тошкент шаҳрининг Бешёғочида “Устоз-консалт” номли марказ очилган бўлиб, унда талабалар хомаки имтиҳон топшириб аввалдан билимини синаб оларди. У пайтларда интернет ноёб. Шу ерда синовдан ўтиш учун баҳорда дадам билан водийдан Тошкентга келдим. Клим Маметовични эса дадам билан ишхонада кўрдим. Жингалак сочига мош-гуруч оқ оралаган, ўзбекдан кўра кавказликка кўпроқ ўхшайдиган, келишган қоматли, аммо сезилар-сезилмас букчайиб юрадиган, кулранг кўзлари одамга синовчан боқувчи бу киши менга тикилди-да “Даданг бақувват-ку, сен нега бунчалик ориқсан?” деди. Дадам ўрнимга ҳазил аралаш жавоб беришди: “Ёғли гўшт емайди, ош еса сабзисини ажратиб ташлайди”. Мен эса биринчи марта Тошкентда бўлиб турганим учун у гапни дарҳол сенсирашдан бошлагани ёқмади, маҳалла-кўй, яқинлар исмимни тоқ айтмасди. Шундан кейин Клим Маметович қаерга ўқишга топширишим, тайёргарлигим билан қизиқди. Физика-математикадан тайёрланаётганлигимни эшитди-да:

-       Мен сенга бешта савол бераман, - деди. – Агар саволларимга жавоб бера олсанг, ўқишга кирасан. Агар жавоб беролмасанг, яхшилаб тайёрлан.

Албатта, у бу вақтда қабул комиссиясида ҳам, университетда ҳам ишламасди, мени киритиб қўйиш ваколати йўқ эди. Саволлари эса синов учун эди холос. Аслида савол эмас, математикадан мисол ва масалалар экан. 4та мисолини дарҳол ечиб бердим. “Хорошо” деб қўйди. Бешинчиси ҳосилага доир бўлиб, шарнинг ичига чизилган энг катта ҳажмли кубнинг параметрларини аниқлаш тўғрисида эди. Уни ҳам кечқурун ишлаб эртасига “Устоз-консалт”га жўнаганим сабабли ечимни дадамдан бериб юбордим. Клим Маметович эринмасдан текширибди.

Кейинчалик Клим Маметович билан бир неча бор учрашдик, университетда ундан таҳсил олдим, бирга ишладик. Унинг шогирдларини тез-тез саволга тутиб туриш, диққат-эътиборини синаш одати бор экан ва биринчи учрашувимиздаёқ бунинг гувоҳи бўлибман. Гоҳида сиз билан мутлақо иши бўлмас, компютер ёки китоб билан машғул бўлиб турганингизда эса дабдурустдан “Хўш, нимани ўқидингиз?” деб қоладиган одати бор. Синовчи саволлари эса тугамайди. Жавоб беролмасангиз, тушунтиради. “Ҳе, мен сизнинг яшингизда...”, деб гапни бошлайди. Бордию, аввал ҳам тушунтирган нарсасини унутган бўлсангиз, тамомсиз. “Нега эслаб қолмайсиз?” деб гоҳида асабийлашиб қолади. Жавобларингиздан қониқса, “Ну, молодец” деб мақтаб қўяди ва ўзига ёққан бошқа мавзуга ўтади. Бунақа вақтда астойдил тинглаш керак.

Бир гал тўсатдан “Фурье қатори” ва “Автокорреляцион функция”ни сўраб қолди. Мактаб математика ва физика курсидан саволларига, хусусан, синус-косинуслару тўлқин хусусиятларини сўрашига ўрганиб қолгандим, аммо бу мавзулар бутунлай эсимдан чиқиб бўлганди. Тўғри, буларсиз сейсморазведка назариясини биламан деб бўлмайди, аммо амалий ишда буларга ҳар куни ишинг тушавермайди. “Клим Маметович, эсимдан чиқибди, сал вақт беринг” деб рухсатини олиб дарҳол гуглладим, аммо ўшанда ҳам тушуниш қийинлигидан таърифини автоматик равишда (тушунмасдан) ёдлаб айтиб бердим. Жавобимдан қониқмади-да ручка-қоғоз олиб бир бошдан тушунтириб берди.

Клим Маметович туркистонликларга хос шаклда “О”ни “А”лаштириб, “А”ни эса “Э”лаштириб талаффуз қилади. “-ни” ва “-нинг”ни фарқлаб гапиради, нутқида китобий сўзлардан кўп фойдаланади. “Хурсан бўпкетипман” демайди, “Мен қувониб кетдим”, дейди. “Онайиз, дадез” эмас, “Онангиз, дадангиз” дейди. Аввал “нега бу киши китобий гапиради?” дедим, кейин “ҳар хил миллатлар, шевалар учрашган ерларда ишлаб, ҳаммага тушунарли бўлиши учун охири тоза адабий тилда сўзлашга қарор қилган бўлса керак”, деб ўйладим. У Тошкентда Политехника институтини битиргач, узоқ йиллар Қозоғистонда ишлаган. Охирги 20 йилликда эса Ўзбекистонда яшаб, ишлаб келмоқда.

*                          *                          *


Бир йили Клим Маметович билан қишда Қашқадарёда бирга ишлаганмиз. Эрталаб бомдод вақти кирмасдан Қаршидан Толлимаржонга йўл оламиз. Қаҳратон совуқ, бир соатдан ортиқ йўл босамиз. Нонушта дала базада бўлади. Қоронғида Клим Маметович яна бир ҳамкасбимиз Акмал ака билан УАЗда келиб бизни ётоқдан олади. Олдинги ўриндиқда у мудраб ўтиради, кейинроқ уйқуси очилгач, саломлашамиз. Осон эмас, етмишдан ошган одамга. Секин-секин тонг оқара бошлагач, уйқуси тарқаб, савол бергиси келиб қолди:

-       Шукур, сенга бир савол бераман, қани топармикинсан. Сенга 10 йил олдин фалон ерда кўришганимизда бир мавзуда гапирганман. Шу қандай мавзу эди?

Ҳақиқатан, 10 йил олдин ҳар куни у билан кўришавермаганмиз, чунки бошқа-бошқа жойда ишлардик. Аммо ўн йиллик нарсани қаёқдан ҳам эслардим. Узумга қизиқар эди, “марғилон узумлари ҳақида эмасми”, деб тусмоллаб кўраман, “йўқ” дейди. “Эслолмадим, нима ҳақда эди, сал учини чиқаринг”, дейман. Клим Маметович дарров ҳужумга ўтади:

-       Нега эслолмайсан? Оддий гап-сўз эмас эди. Кел, сенга ярдам берай, бир адам ҳақида гаплашганмиз.

Одамдан кўпи борми, деб яна қидириб кетаман.

-       У жуда таниқли, машҳур адам, - деб ёрдамлашган бўлади Клим Маметович. – Яна ярдам бераман: даданг билан ҳам у адам ҳақида гаплашганмиз.

Эсимга келган машҳур олимларни, артистларни санайман, аммо улар бўлиб чиқмайди. Клим Маметович аччиқланган бўлади. “Мен сени хотиранг кучли десам.. Агар базага боргунимизча тополмасанг, сени “девичя памят” дейман. Ўйла”.

УАЗимиз асфалт тугаб, лой-тупроқ йўлга киради. Базага оз қолди. Аммо мен жавобни тополганим йўқ. Шофёр “секинроқ юрайми” деб қўяди, шерикларимиз кулишади. Клим Маметович мурувват қилган бўлади:

-       У одам шоир, энди ҳам тополмайсанми?

Бирдан унинг Муҳаммад Юсуф ва Шавкат Раҳмонга мухлислиги эсимга тушиб “Муҳаммад Юсуф” деб юбораман. “Наконец-то. Вот тепер хорошо” деб қўяди. Кейин Муҳаммад Юсуф ҳақида эслай бошлайди.

-       Мен Қозоғистондан Ўзбекистонга келиб водийда иш бошлаганимда бир марғилонлик журналист келган, бирга ўтирганмиз. Малик Бойматов эди исми. Муҳаммад Юсуфнинг охирги шеърларини тўплаяпман, китоб қилиб чиқараман, деганди. Қани, шу китоб чиқдими, шуни билмоқчиман сендан.

Муҳаммад Юсуфнинг ўтганидан кейин бир нечта тўпламлари, сайланмаси чиқди. Охирги шеърлари ҳам шуларнинг ичида эди. Бу шеърларни билардим.

-       Албатта, чиққан, Клим Маметович, - дейман. – Сиз билан гаплашганимни яхши эслайман, фақат иш кўплигидан эсимдан чиқибди. “Оқ булут”, “Бор бисотим олди ёшлигим”, “Андижон” деган шеърлари охиргилари. Бу китобларни топиб бераман. Ҳаттоки, у шеърларини ёддан айтиб беришим мумкин.

Шундан кейин Клим Маметовичнинг юзи ёришади. Акмал ака “синовдан ўтдиз, зачёт” деб қўяди. Базага боргач, нонуштани қилиб, интернетдан Муҳаммад Юсуфнинг ўша шеърларини ва бошқа яхши шеърларини топиб принтердан А4 вараққа чиқариб бераман. Клим Маметович кўзойнакни қўндирганча варақни юзига яқинлаштириб шеърларни синчиклаб ўқийди, ора-орада “поразително” деб қўяди.

Компаниянинг бош геологи бурғилашга ерости структураларини тайёрлаш масаласида кириб қолади. Клим Маметович унга “Мўмин Валиевич, тўхтаб туринг”, дейди-да, шеърлар варағини кўрсатади. Бош геологга бошқа ходим бундай демайди, аммо Клим Маметович компаниянинг энг ишонган мутахассиси, унга эътибор қилиш керак. Клим Маметович унга шеър ўқиб беради:

Тошканда тонг шундай бошланар:

Қулоқ йиртар баланд пошналар,

Ўзим ташна, менга ташналар —

Ялангоёқларни соғиндим.

Поразително, тўғрими?

Report Page