ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИ ТАРИХИ: 8 МАРТНИ КИМ ЎЙЛАБ ТОПГАН?
@unutilgan_tarix
Бутун дунёда кенг нишонланувчи 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами тарихи, нега байрам куни сифатида айнан март ойининг саккизинчи куни танланганлиги ва бу ташаббус ортида ким(лар) турганлиги ҳақида қуйидаги мақоладан батафсил сўз юритилади.
Клара Цеткин ҳақида қисқача
Клара Цеткин исмли аёл хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаол курашчи бўлган. Унинг исми Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш билан узвий боғлиқдир. Германия ва халқаро социалистик ва хотин-қизлар ҳаракатининг энг таниқли фаолларидан бири Клара Цеткин ХХ аср тарихига нафақат фаол коммунист, балки Европа аёллар ҳуқуқлари учун кураш ҳаракатининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган аёл ислоҳотчи сифатида ҳам кирган. Цеткиннинг асосий хизматларидан бири унинг Халқаро хотин-қизлар кунини белгилаш тўғрисидаги таклифи ҳисобланади.

Клара Цеткин (Айснер) 1857 йилда Саксониянинг Виедерау шаҳрида қишлоқ ўқитувчиси оиласида туғилган. Ёшлигиданоқ Клара тенгдошлари орасида қизиқувчанлиги ва мустаҳкам хотираси билан ажралиб турган, у ҳатто 9 ёшида Гёте ва Шиллернинг барча асарларини ўқиб, шеърларини ёд олган, 12 ёшида тарихчи Томас Карлейл томонидан ёзилган "Француз инқилоби тарихи" асарини бошдан-оёқ хотирасига муҳрлаб, иқтибослар келтириб юрган. Лейпциг педагогика гимназиясидек нуфузли таълим муассасасида ўқиётган пайтида Клара социал-демократларнинг махфий йиғилишларига қатнаша бошлаган ва 1878 йилда кейинчалик Германия социал-демократик партияси номини олган Социалистик ишчилар партиясига қўшилган. Ўша пайтда у келажакдаги турмуш ўртоғи, россиялик муҳожир-инқилобчи Осип Цеткин билан учрашга ва у билан тез орада Германиядаги социалистлар таъқибидан қочиб, Цюрихга кетишга мажбур бўлган.
1882 йилда Цеткинлар Парижга кўчиб ўтишган, у ерда Осип ва Клара партия фаолияти билан шуғулланишни давом эттиришган. Даромад кам бўлсада, таржима ишлари ва социал-демократик газеталарда мақолалар нашр эттириш орқали тирикчилик қилишган. 1889 йилда Осип сил касаллигидан вафот этганида, у ва Кларанинг икки ўғли бор эди. Клара ўзига Цеткин фамилиясини қабул қилганига қарамай, у Осип билан расман никоҳдан ўтмаган.

Аёллар ҳуқуқлари учун кураш
Францияда яшаётган Клара Цеткин 1889 йилда Парижда бўлиб ўтган иккинчи Интернационал Таъсис Конгрессини тайёрлашда ва унинг ишида фаол иштирок этиб, аёлларнинг инқилобий курашдаги ўрни тўғрисида маъруза қилган. Германияда социал-демократларни таъқиб қилиш тўхтатилгач Клара ўз ватанига қайтиб келган ва 1892 йилдан Штутгартда аёллар учун "Тенглик" социал-демократлар партияси газетасини нашр эттира бошлаган.

1907 йилда Клара Цеткин социал-демократик партия аёллар бўлимининг бошлиғи этиб тайинланган ва Роза Люксембург билан биргаликда аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиши учун кураш олиб борган.

1910 йилда Копенгагендаги Халқаро социалистлар конференциясида Цеткиннинг таклифига биноан Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Байрам кунини белгилашда 1857 йил 8 мартда Нью-Йоркнинг тўқимачилик корхоналарида аёл ишчилар томонидан ўтказилган улкан намойишлар асос қилиб олинган.

Охирги бошпана —Совет Иттифоқи
1917 йилда Биринчи жаҳон урушига қарши бўлганлиги учун Социал-демократик партия раҳбарияти Цеткинни "Тенглик" газетаси таҳририятидаги ишидан четлаштирган. Худди шу йили у Мустақил Социал-Демократик партияни ташкил этишда қатнашган. 1918 йил декабрда Германия Коммунистик партияси ташкил этилганидан сўнг эса янги партияга социал-демократик партия аъзолари бўлган ишчиларнинг кириб келишини фаол равишда қўллаб-қувватлаган. 1920 йилдан 1933 йилгача Цеткин кетма-кет равишда Коммунистик партиядан Рейхстагнинг ўринбосари этиб сайланган ва шу билан бирга Коминтерннинг Халқаро хотин-қизлар котибиятини бошқарган. 1920 йилда Клара илк маротаба Совет Иттифоқига ташриф буюриб Ленин ва Крупская билан учрашган. Кейин ҳам бир неча марта Коминтерн конгрессларида қатнашиш учун Москвага келган Клара Ленин ва Крупская билан қалин дўст бўлиб қолган.

1932 йил июлда Рейхстагга ўтказилган муддатидан олдинги сайловлар натижасида миллий социалистлар Германия парламентида кўпчилик овозни қўлга киритганларида Клара Цеткин Москвада эди. Рейхстагнинг энг кекса аъзоси сифатида у янги чақириқнинг биринчи сессиясини очиш ҳуқуқига эга бўлган ва ўзини ёмон ҳис қилганига қарамай Берлинга йўл олган. Сессияда нацизм хавфи тўғрисида оташин нутқ сўзлаб одамларни бирлашган антифашистик фронт яратишга чақирган. Германияда барча сўл партиялар тақиқлангандан сўнг Цеткин сўнгги манзили бўлган Совет Иттифоқига бош олиб кетган.

Клара Цеткин 1933 йил 20 июнь куни 76 ёшида Москва яқинидаги Архангелск туманида вафот этган. Немис инқилобчисини дафн этиш маросимида 600 минг киши иштирок этган. Цеткин тарихда аёллар ҳуқуқлари учун жасурлик билан кураш олиб борган, дунёда аёлларнинг ҳам ўз айтар сўзлари борлиғини намойиш эта олган буюк аёл сифатида қолган.
@unutilgan_tarix