“Китоб – қалбни ёритувчи нур!”

“Китоб – қалбни ёритувчи нур!”

Buxoro.uz

Шубҳасиз, китоб — қалбни ёритувчи нур, тафаккурни бойитувчи хазина, камолот чўққиси ва маънавий комилликка етакловчи ҳамроҳ. Бугун мамлакатимиз бўйлаб мунтазам ўтказилаётган “Менинг биринчи китобим”, “Энг яхши китобхон”, “Китобхон оила” каби китоб байрамлари, тарғибот–ташвиқот тадбирлари, сайиллар ёшларни китобхонликка чорлаш, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларни янада ошириш ва шу орқали маънавий дунёсини бойитиш, она-Ватанни севиш, садоқат туйғуларини шаклланишига, шунингдек, бунёдкорлик ғояларини юзага чиқаришдек эзгу ишларни ўзида мужассам этганлиги билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, вилоят марказидаги умумтаълим мактабларида китоб ярмаркаси, ижодий учрашув ва тақдимотлар ташкил этиб келинмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси ҳамкорлигида “Маънавият сарчашмаси” газетаси таҳририяти ташаббуси билан мунтазам ташкил этиб келинаётган тарғибот тадбирлари ҳам “Китоб – қалбларни ёритувчи нур” деган эзгу тамойилга хизмат қилади.  

Ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш мақсадида ташкиллаштирилаётган ижодий учрашувларда Халқаро Турон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Рўзимурод Маҳмуд, ўнга яқин шеърий китоблар муаллифи Ҳоди Боқул, шоир Мақсуд Бозор сингари ижодкорлар қатнашиб, адабиётнинг ўзига хос сеҳри, сир-асрори борасидаги фикр-мулоҳазалари, маҳорат дарслари орқали таълим даргоҳларида адабий муҳит шаклланишига ҳисса қўшаяптилар. Ҳар бир ўқув муассасасидаги “Энг китобхон синф”, “Энг китобхон ўқитувчи” ва якунда “Энг китобхон мактаб” номинациялари бўйича ғолиблар рағбатлантирилмоқда.

Китобга эътибор турлича бўлган бугунги кунда ўз келажаги ва камолотини айнан китобда, илм олишда деб билган авлод сафи кенгайиб бораётгани қувонарли, албатта. Зеро, шу мақсадда дастлабки чоракда вилоят марказидаги 16 та таълим масканида китоб ярмаркаси, ижодий учрашув ва китоблар тақдимоти ташкил қилинган. Шулар орасида “Энг китобхон мактаб” бўлишга даъвогар сифатида 7-, 35-, 39-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари ва 8-, 34-, 25-сонли ўрта умумтаълим мактаблари жамоаларини эътироф этиш мумкин.

Обид Қўлдошов,
“Маънавият сарчашмаси” газетаси муҳаррири

Report Page