Кириш
Eldar AsanovСаҳар. Кекса Хуршед эринибгина Вахшнинг ёқимли, жилвагар қўйнидан бош кўтаради. Уйқуси очилмаган одамдек, секин кўтарилади. У юқорилагани сари туннинг қора сояси деворлар остига чекина боради. Кейинчалик зулматни бутунлай даф қилган Хуршед осмон тоқига, ҳаммадан юқорига ўрнашиб олади. Аммо унинг ғурури узоққа чўзилмайди. Кун оёқлагач, боя девор остида ғойиб бўлган зулмат энди унинг бу томонидан бош кўтариб, нур лашкарини енгади. Сувдан бир амаллаб чиқиб олган Қуёш чекина-чекина ахийри барханлар ортига бекинади. Ёруғлик ва зулмат кураши ҳар куни шу тариқа кечади.
Эндигина тонг отган бўлишига қарамай, шаҳар ари уясидек ғувиллайди. Одамлар паришонҳол ўтиб-қайтади. Аёллар шоша-пиша тош кўчани супуради, йиртиқ-ямоқ кийиниб олган эркаклар эса кўзлари қип-қизил назоратчилар нигоҳи остида ҳар ер-ҳар ерда уйиб қўйилган тош ва ахлат уюмларини инқиллаб-синқиллаб таший кетади. Ҳарбий кийиниб олган пакана одамлар ҳаммаёқни синчиклаб кўздан кечиради. Бирор камчилик бўлса, яқинидаги назоратчига кўрсатади, у эса, ўз навбатида, бешта ишчини ҳайдаб келади. Якка-якка отлиқлар кўча-кўйда уймалашиб юрган болалар, хотин-халаж, гадоларни бақир-чақир билан йўл четига ҳайдайди. Узоқроқда гуруҳ-гуруҳ найзабардорларнинг қораси кўзга ташланади-ю, кўп ўтмай гоҳ ўнгдаги, гоҳ сўлдаги торкўчаларда ғойиб бўлади.
Қўриқчилари қуршовида тулпорининг қадамларига монанд силкиниб кетаётган каралраг Миҳраман безовталигини сездирмайди. Лекин ичидан нима ўтаётганини ўзи билади. Нима қилсин ахир, кутмаганди ҳаммаси бунақа тезлашиб кетишини. Шунча вақтини йўқотди. Боз устига, ҳалиги йиғилиш… Сал қолди ҳаммаси барбод бўлишига. Лекин эплади. Буёғига ҳам улгуради. Шаҳарда шундай тартиб ўрнатганки, подшонинг ўзи ҳавас қилса арзийди. Миҳраман мийиғида кулиб қўяди.
Сўнг нигоҳини аста ердан узади. Атроф одамга тўла. Авом назоратчиларнинг нигоҳи остида йўл четига тизилмоқда. Авом норози. Албатта, ярим кечаси уйқунгни бузиб, кўчага олиб чиқишса, сенга ҳам ёқмайди. Барибир уйқу ширин. Гарчи похол устида ётган бўлсанг ҳам. Ярим кечаси похол устида пишиллаб ётган бирорта ялангоёқни шошилинч турғизсанг, у уйқуси очилмаган кўзларини ишқалаб, «Каттакон раҳмат уйғотганинг учун. Белимни зах ернинг ёвуз қучоғидан халос этдинг», деб миннатдорлик билдирмайди, табиийки.
Шу боис авом норози. Лекин чидашади. Мана, каралрагнинг ўзи ҳам бедор-ку. Дилхушнуд пар ёстиқларни бегона қилиб келди. Бу похолдан ажралишдан кўра қийинроқ бўлса керак. Яна ким билсин. Чумолига жон қанчалар ширинлигини англаш учун чумоли бўлиб туғилиш керак.
Каралраг одамлар арзимаган, паст нарса – уйқу туфайли норозилигини, ўзи эса негадир беихтиёр айнан шу ҳақда мулоҳаза юритаётганини ўйлаб, халқдан ҳам, ўзидан ҳам нафратланиб кетади. Буюк ишлар олдинда турганда-я?
- Бўла қолсаларинг-чи! Тезлашинглар! – ўшқиради баджаҳл назоратчи, сабрсизлик билан ер тепинаркан. Одамларнинг қўрқа-писа тезлашганларини кўриб, ўзининг кичкина ҳукмронлигидан лаззатланади. – Тезроқ , тезроқ! Уч қатор бўлиб!
Каралраг овоз келган томонга қарайди.
Назоратчи ва унинг қаршисида уймалашаётган йигирматача одам ёнидан ўтаётган Миҳраман кўз қири билан жараённи кузатади. «Пасткаш» кўнглидан ўтказади каралраг, «Соҳибим, содиқ қулингиз!» деб оёғига йиқилган назоратчига жирканиб қараркан. Юзида бу муносабатини ифодаламай, бамайлихотир ўзиб кетади.
Яна назоратчининг овози эшитилади:
- Ана, соҳибимизнинг ўзлари шу ерда! Чаққон-чаққон қимирласаларинг-чи, қўйлар суруви! – кўзига кўринган биринчи аёлни итариб юборади, аёл оломон оғушига йиқилади.
- Кучинг аёлга етдими, ҳўкиз?! Соҳибинг билан девлар оғушига йиқилгур! – ўзига ишонган овоз янграйди. Оний сукут чўкади. Миҳраманни ўраб олган қўриқчилар саросимада ортларига ўгирилиб қарайдилар. Мағрурлик йўлига. Каралрагнинг қўриқчиси бўлсанг-да, ҳар куни ҳам бунақасини кўравермайсан. Шаҳарда телбалар кўп. Бири бақир-чақир қилиб югуриб юради, бири бемаъни гаплари билан кўча чангитиб юрган бекорчиларнинг кулгисига сабаб бўлади, бошқасига масхараомуз ҳазил ташласанг, жаҳл билан: «Канишкани мазах қилишга қандай ҳаддинг сиғди?» деб ўшқиради. Яна бирови нуқул болалардан калтак еб, йиғлаб юради. Хуллас, телбалар шаҳар ҳаётига шу қадар сингиб кетганки, фақат ажнабийларгина тийрак кўзларини мўлтиратиб: «Инсоф бор. Арзон. Олиб қолинг» деб жар солаётган жиннини кўриб қолса, уни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Бошқаларнинг эса юзига ҳанда югуриб, «Эвазига бирор аъзойимни берайми? Ишламаса ҳам бўлаверадими?» деб қистириб ўтади.
Лекин жонидан тўйганлар, соғми, жинними, жудаям кам. Йўқ деса ҳам бўлади. Шунинг учун бунақа воқеаларни диққат билан кузатишади. Эртага даврада ўтирганда «Мен кўрдим» дейиш нақадар тотли. Агар даврадагилардан фақат сен кўрган бўлсанг, янада яхши. Ҳикоянгга бир-иккита тўқима қўшиб кетасан.
- Зиндонда сўйишади, – пичирлайди қўриқчилардан бири.
- Терисини шилишларига дидраҳма, – жавоб беради бошқаси.
- Келишдик.
Миҳраман эса ҳеч нарса эшитмагандек йўлида давом этади. Тўғри, кўнглидан бир нима ўтди, лекин ҳеч кимга билдирмаслик керак. Яхшиси, вазиятдан чиқиб кетишни ўйлаган маъқул. Оғзи шалоқ ярамасни сазойи қилиш тугул, гапиришгаям эриниб турибди ҳозир. Қарғишнинг ўзи унча таъсир қилмади – кўп эшитган, тилига чиқармагани дилида айтади барибир.
Сукунатга яна назоратчининг бўғиқ хириллаши ёриб киради:
- Нима?! Нима дединг, итвачча?
- Эшитганинг, – ўжарлик билан такрорлайди қарғиш муаллифи бўлмиш йигит, кифтига қўнган қайсидир сафдошининг қўлини силтаб ташларкан. Икки ой илгари итдай ишлаб ундирган ҳосилини солиқ сифатида ҳарбий харажат кўпайгани баҳонасида кўтариб кетишди, индамади. Бир ой илгари уруш ҳолати деб марраларда ўн кун эшакдай ишлатишди, индамади.
Лекин энди чидай олмайди. Онасини ҳимоя қилолмаса, бош кўтариб юра олмайди.
- Кучинг аёлга етдими?
Назоратчи йигитга яқинлашади:
- Қарғагинг келиб қолдими?
- Шунақага ўхшайди.
- Нега илгари жим эдинг?
- Сен йўқ эдинг.
- Ёқмадимми?
- Севиб қолишади, деб ўйлаганмидинг?
- Жонингдан тўйдингми?
- Балки.
- Жуда чиройли қарғадинг. Худолардан ваҳий келдими?
- Балки.
- Сенга ваҳийни кўрсатиб қўяман, ит!
Йигитнинг юзига, кейин орқасига иссиқ қамчи зарбалари ёғилади. Қамчининг «шап-шуп» товуши Миҳраманнинг миясига беҳузур қадалади. Ҳеч нарса ёқмай турибди ўзи. Назоратчига эса биров қулоғига асал қуяётгандек ёқади. У роҳатланаяпти. Ҳукмдорлик!
- Мана сенга! – бақиради у; роҳатдан қўл-оёғи қалтираб кетади. Катта одамларни, масалан, каралрагни савалаш роса маза бўлса керак. Шугина хаёлнинг ўзи қанчалар ёқимли. Ҳеч қачон кўрмаган отасини, «ҳароми» деб устидан кулган болаларни савалаётгандек бўлади. Назоратчи қамчига кўпроқ куч беради:
- Мана сенга ваҳий! Ма, ол, Зардушт!
Оғриқдан ақли озаётган йигит югуриб бориб ўзини Миҳраманнинг оёғи остига ташлайди. Учта иссиқ қамчи силашидан сўнг ақли кириб қолди шекилли. Миҳраман отининг жиловини тортади.
- Раҳм қилинг, соҳибим! – аянчли бўғриқади йигит.
- Соҳибим, – гап бошлайди унинг кетидан етиб келган назоратчи. – Танасига ёвуз Акамана қамалиб олган бу безбет қулингиз сизни омматан қарғади.
Айтгандай, қарғиш шунчаки ҳақорат эмас, гуноҳ ҳам эди-я. Оббо омиларей. Миҳраманнинг энсаси қотиб кетади.
- Вазиятни кўрдингиз! – оёқ тираб олади йигит. – Халқ сизга содиқ. Олампаноҳни кутволишга жон деб йиғилмоқда. Аммо бунақа назоратчи… одамлигимизни унутиб қўйди. Аёл кишига қўл кўтарди! – унинг овози баландлайди. – Одамдек муомала қилишсин. Ҳозир ҳамманинг қорни оч, силласи қуриган, уйқуси чала. Мана, буни кўринг, – у яқинида турган бобойни кўрсатади. – Бир қарашда қовурғаси нечталигини билиб олса бўлади. Тишлари ҳам қовурғаларидан кўп бўлмаса керак. Лекин шу ерда. Аёллар, болалар… Ҳеч бўлмаса шулар тинч қўйилсин. Бизга молдай бефаҳм назоратчи керак эмас. Кетаверсин… молхонасига.
Ҳамма ҳайратда. Ажабтовур исён. Битта одамнинг исёни. Одамларни ўйлаяпти-ю, назоратчи-қўриқчилар тугул одамларам бепарво. Бир-иккитаси ачиниб қўяди, бир соатдан кейин эсидан чиқиб кетади. Йўқ, эсидан чиқмайди – бирор ҳафта қовоқхоналарда қўшиб-чатиб бир-бирига айтиб беришади.
- Афтидан, парчалашади, – пичирлайди боя гаров ўйнаган қўриқчилардан бири.
- Соҳибим, амр этинг, бу бетамизнинг жазосини берай! – ҳайқиради назоратчи. Каралрагнинг чап қўли кўтарилади.
Жимлик.
Миҳраман йигитга қарайди. Терга ботиб кетган юзини қамчининг қонли изи кесиб ўтган, юзига азоб муҳр босган, аммо кўзларида қатъият чақнайди. Хавфли!
- Ожиз қулимизнинг талабини эътиборга олиб, уни ваҳший назоратчи зуғумидан халос этгаймиз! – Назоратчининг ранги қув ўчади. Энди ҳукмронликни намойиш этиш навбати Миҳраманга келди. Унга ҳам фармонбардорлик ёқади. Ҳукмронликнинг қайси кўриниши кўпроқ роҳат бахш этаркин: барча сен қилган ишнин қилсами, ё сен айтган ишни қилсами? Йўқ, биринчисини ҳукмронлик деб бўлмайди.
Лекин ҳозир ҳузурлана олмайди. Кўнглига сиғмайди. Каралраг назоратчига юзланади:
- Уни зиндонбанд қилинг. – овозида қатъият ва қаттиққўлликдан кўра кўпроқ бепарволик эшитилди.
Йигит миқ этмай нафрат тўла нигоҳини каралрагга қадаб тураверади. Умуман, шунақа бўлишини сезиб турувди. Чиқмаган жондан умид деб каралрагдан сўраб кўрди, шу холос. Ҳамма нарса ўз жойида, ўзгаришсиз.
Шунга ич-этини емаса ҳам бўлаверади. Битта нарсадан ҳафа бўлиши мумкин: ичдан отилган исён пўртанасини тутиб тура олмаганидан.
Назоратчи қувончини яширмай, йигитнинг ёқасидан судраб кетади. Одамларнинг руҳи янада чўккан, боши эгик. Қўриқчиларнинг юз ифодаси бепарво. Фақат биттаси ҳафа.
- Зиндонга олиб кетди. Ўзи бўғизласа керак. Ютдинг, – қўриқчи қўйнига қўл солиб, шеригининг кафтига кумуш танга ташлайди.
Дарвоза томондан «Келишяпти!» деган бақириқлар қулоққа чалинади.