Ким эди у яхши инсон?

Ким эди у яхши инсон?

Азиза Қурбонова

Саодат оғир қовоқларини юмиб, ухлашга уринди, икки ўғли икки ёнида, бири мудраб, иккинчиси аллқачон ухлаб ётибди. Уларга термулиб, “ношукрлик қилма, Саодат” деди ўзига ўзи. Катта ўғли ўзи билан ўзи қилаётган суҳбатни бузди. 

- Ойи, арафа нима дегани?

- Арафа... Арафа дегани байрамдан бир кун олдин, байрам олди кун дегани. Эртасига ҳайит байрами бўлади. Ҳайит байрами ҳамма бир-бирига яхшилик қиладиган кун.

- Арафада 7 та қўшнига овқат тарқатамизми?

- 7 та қўшни? Шунча қўшнига овқат тарқатиш шарт эмас, ким айтди?

- Нодирнинг ойиси шунақа дебди. Эртага Нодир янги кийимларини кийиб, велосипедини ҳайдаб, қўшниларга овқат таширкан. Сизам ош пиширасизми?

- Ҳа, эртага мактабингга бориб келасан, мен ишдан, уканг боғчадан келганидан кейин ош қиламиз, бирга тарқатамиз.

- Ойи, дадамгаям овқат олиб борамизми?

- Дадангга... йўқ, уни бошқа хотини бор, ўша ош пиширади энди!

Ўғли Сарвар индамади, сўнг онасидан узоқлашиб, орқасини ўгириб ётди. Саодат пиқ-пиқ йиғлади.

Саодат эрининг хиёнати учун йиғламади. Буни у кўпга келган тўй деб билади. Ҳар икки аёлнинг бирида шу муаммо, кимдир шу ҳолатга кўниб яшайверади, кимдир шартта ажрашади, кимнидир эса эри ташлаб кетади. Саодат шу учинчи тоифага киради. Эри икки бола билан уни ташлаб, ишхонасидаги котиба қизга эргашиб кетиб қолганига 3 йил бўлди. Катта ўғли адасини жонидан ортиқ кўргани учун кўнглини узолмайди, ота-онаси ўртасида жуда катта жарлик борлигини билса ҳам онасига отасини кўпроқ эслатишга, уни яхши кўрсатишга уринаверади...

Саодат ҳозир ўғлининг ҳафа бўлиб, мунғайиб қолганига ҳам йиғламади. Чунки у бу ҳолатга ҳам кўникиб кетган. У яхши билади, эри ташлаб кетган аёлларнинг ҳам 3 тоифаси бор: биринчи тоифа аёллар эрининг ҳоли жонига қўймай, аламидан болаларини ўртага солиб, бир нималар ундиришга ҳаракат қилади, кутилмаганда бориб кундошиникида тўполон қилиб келади. Иккинчи тоифа эса алиментни олади, нобакор эрдан дугоналарига нолиб яшайди, лекин ўз ҳаёт йўлида давом этади, эридан бошқа умид қилмайди. Саодат у тоифага ҳам, бунисига ҳам кирмайди, у бошқача аёл: у хиёнатни кўриб, бошини эгади-ю орқасига қайрилмайди, на умид, на алимент ва на алам- буларнинг ҳаммаси унга керакмасдек, олдиндан шунақа бўлиши керакдекяшайверади. Фақат... фақат бошида нега ўзи кўниккан ҳолатга болалари бўйин эгмаётганини тушунолмай қийналди, уларнинг саволларига қандай жавоб беришни билмай иккиланди. Охири ўзи учун ечим топди: бола ҳақиқатни билиши керак! Шунинг учун болалари отаси ҳақида гап бошласа, совуққина оҳангда, бақирмай-чақирмай, отасининг бошқа оиласи борлигини, унинг ҳатто чақалоқ боласи туғилганини, энди уларникига ҳечам келмаслигини айтиб беради. Болалари эса афсуски, ҳақиқатга ишонгиси келмайди. Улар ёлғондан бўлса ҳам “ҳа, даданг келади” деган гапни кутади...

Туғилганидан бери ортиқча ҳиссиётларга берилмайдиган Саодатнинг ҳозиргина уйғоқ боласи олдида пиқиллаб йиғлаб юборганининг сабаби бошқа. Жуда оддий ва жуда асосли сабаб: унинг арафада ош қилишга на бир масаллиғи, на бир сўми бор! Бир хоналиижара уйда икки боласи билан ёлғиз яшаётган онаизор кечагина бор пулини электр токини ёқиб беришлари учун тўлади. Катта қарздорлик учун токни узиб кетишганига 10 кун бўлганди, унгача болалари “ойи, неча чироқ йўқ, зерикиб кетяпмиз” деб ҳиқиллайверишди. Саодат қора кунга деб асраб қўйганларини тўлаб, қарзни ёпди, чироқ ёқилди. Бугун эса чўнтагида бир марта кўчага чиққулик йўлкираси бор, холос.

Саодат йиғлайверди, ўйлайверди, ҳам йиғлаб, ҳам ўйлайверди. Бир хаёли шартта кўч-кўрони, болаларини олиб қишлоққа, отасиникига кетаверишни ўйлади. Ахир “ҳайитга келдим” деб борса, ҳеч ким унинг қийналиб қолганини сезмайди-ку! “...Йўқ, бўлмайди, отам кўзимни очирмайди. Энг камида “...товар кўйлак кийган йигитга тегаман, деб ўша суюққа эргашиб кетгандинг, бошимни эггандинг, энди шаҳарга жўнатмайман, шу ерда қоласан”деб олиб қолади. Ўгай онам эса бурнини жийиради, эшикни қаттиқ ёпади, идиш-товоқни бир-бирига уради, йўқ бўлмайди!” Қишлоққа борганда отасиникида эмас, акасиникида турса яна гап-сўз кўпаяди, ота-ўғил орасидаги ўзи шундоқ ҳам нозик турган муносабатни бузади. Акасига қўнғироқ қилиб пул сўрай деса, яна бўлмайди. Жияни саратон касалидан даволаняпти, харажати ҳам, қайғуси ҳам ўзига етарли... Қўни-қўшниларидан олган қарзларини яқиндагина узиб бўлди, яна сўрашга юз чидамайди. Ишхонадан ойлик олишганига кўп бўлмади, эртага яна бирор ҳамкасбига ялиниб кўради-да... Аслида қарз сўраш қийин эмас, “йўқ” деган жавобни эшитиш жуда азобли... Афсуски, пулни тезда қайтаролмаслигини билгани учун ҳам ҳеч ким қарз бергиси келмайди. 

Соатнинг чиқ-чиқи, онасининг пиқ-пиқи Сарварни ухлатгани қўймади. “Ойим дадам ташлаб кетгани учун йиғлаяпти” деб ўйлади ўзича. Онасини овутгиси келди.

- Ойи, дадам келмаса келмас. Ўзимиз майиз солиб ош қиламиз, кейин мазза қилиб еймиз. Қўшнилар овқат олиб чиқса, қайтарамиз. Ҳайит байрамига ўртоғимнинг дадаси билан кетавераман. Фақат сиз “мениям ўғлимни олиб кетинг” деб кўринг. Нодирнинг отаси яхши одам, “майли” дейди. Кейин укамга хўрозқандлар олиб келаман...

- Сарвар, даданг учун эмас... Эртага гуруч, гўшт, сабзи сотиб олиш керак бўлади. Пулим қолмади, ўғлим... Укангнинг боғча пули ҳам бор бу ёқда...

- Ҳм... Ойи, ош қилиш шарт эмас, унда холвайтар қилинг, “ишкаладли овқат” деб тарқатамиз. Ҳамма ўртоқларимга ёқади.

- Холвайтар? Тўғри, шунақа қилса ҳам бўлади. Майли, ухла, ўғлим. Эрталаб ўйлаймиз.

Саодат енгиллашгандек, худди барча муаммолари барҳам топгандек бўлди ва чуқур уйқуга кетди. 

...Эрталаб уйғонганда тонг ёришиб бўлган, иккала ўғли ҳам, ўзи ҳам иш-мактаб-боғчага кеч қолишаётганди. “Қани бўл, бўл, тез бўлақолинглар! Сен оқ кўйлагингни кий, чойингни ичиб ол. Сен бу ёққа кел, пайпоқ кийдириб қўяй...”

Кичиккина оила апил-тапил чой ичиб, кийиниб уйдан чиқишди. Эшикни очиши билан бир дунё, лиқ тўла оқ пакетларга кўзи тушди.

- И-я, ойи, бу нималар? Ойи, буни ким олиб келди?- Сарвар шошилиб пакетларни оча кетди.

- Менга кола-а-а, колаа беринг!, - боғча ёшидаги Воҳиджон бозорликларга ёпишиб, хархаша қилишни бошлади.

Саодат бир зум нима қилишини билмай, сўнг шошилиб қўшниларининг эшигини тақиллатди. Уйқусираган қўшнилар “йўқ, бизники эмас” деган жавобни айтишди. Саодат “эрим мурувват кўрсатиб ташлаб кетганмикин” деб ўйлади. Қўнғироқ қилиб кўрсамикин? Ҳеч қачон! Хаёлини уқиб тургандек,Сарвар кўзлари ёниб:

- Ойи, буни дадам ташлаб кетган, ҳа, дадам совға қилган, уйга олиб кирайлик!,- деб қолди. Саодат чиндан ҳам эри болалари учун хайитлик олиб келган бўлса керак, деб ўйлади, ишга шошаётгани учун бозорликларни кўтарди-ю уйга олиб кирди, гўштни музлатгичга қўйди, қолганларини шундоқ столда қолдирди.

Бир боласини кўтариб, иккинчисини етаклаб кўчага чиқаркан, бошида хаёллар ғужғон ўйнар, ҳам енгил, ҳам оғир ҳиссиётлар билан юраги ҳапқирарди...

Ишга етиб борганида ҳамкасблари икки соат ичида пластик карточкага байрам пули тушишини айтиб қолишди. “Эҳ, нега шу кеча эсимга келмади, бўлар-бўлмасга йиғлаб ўтирибман-а, боламнинг ҳам руҳини синдириб, пулим йўқ, деб дарди ҳасрат қилибман. 12 ёш ўғлим бирданига улғайиб қолгандек, худди кексалардек фикрлайди, маслаҳат беради, кўнглимни кўтаради. Шу боламга биттагина янги кийим олиб беролмайман она бўлиб. Кун исиб кетганига анча бўлган, ҳали ҳам қалин ботинкада юрибди...” 

Саодат арафага тайёгарлик кўриш учун ишдан вақтлироқ чиқди. Йўл-йўлакай болалар дўконидан ўғли учун енгил пойабзал сотиб олди. Эртага ўғли ҳайитбайрамига чиққанида ўртоқлари олдида уялиб қолмайдиган бўлди. Яна бўғирсоқ, қуш тили учун керакли баъзи нарсаларни сотиб олди. Уйга қушдек қанот қоқиб учиб борди. Эрталабки, “эгаси номаълум” бозорликни кўздан кечирди. “Охири бахайр бўлсин, ризқ-насиба дегани шу бўлса керак” деб тезда ошнинг зирвагини қозонга солди, хамир қорди. Чиройли қилиб дастурхон безатди. Сарвар мактабдан қайтди. Унга хурсанд бўлиб, олиб келган совғасини кўрсатди, ўғли истагандек холвайтар ҳам пиширди. Сарвар “раҳмат” деди-ю лекин унинг юзлари кулмади.

- Ойи, мен укамни боғчадан олиб келаман, -деди Сарвар хўмрайиб.

- Шошмай тур, ўғлим нега ҳафасан? Қара, бугун пулимиз кўп, ишда байрам пули беришди, кимдир совғалар ташлаб кетди, нега хурсанд бўлмаяпсан?

- Ойи, буларни дадам ташлаб кетмаган экан. Мен кечаси ухлаб қолганингизда уларга телефон қилгандим, ойим қийналиб қолди, дегандим. Боя мактабда синфдошимнинг телефонини олиб турдим, “дада, кўп нарса олиб келибсиз, каттакон раҳмат” десам, “шу гапларни ойинг ўргатяптими, соат кеаси 2 да телефон қилдириб, нарса олиб бормаганимга аламини оляптими?” деб бақириб ташлади. У олиб келмаган экан, энди нима қиламиз, бировнинг нарсалари...- Сарвар ҳўнграб йиғлаб юборди. 

Саодат боласининг изтиробини кўриб, тишларини ғижирлатиб юборганини сезмай қолди. Ўзини совуққон аёлдек тутса ҳам, боласига катталардек қатъий муомала қилса ҳам у она эди, боласини бағрига босганча йиғлади. 

Иккови жимгина боғчага боришди, кичик ўғилни олиб уйга келишди, она ошни дамлади, болалар ўйинчоқ ўйнаб вақт ўтказишди, ҳафагарчилик унутилгандек бўлди. Бирин-кетин қўшниларнинг уйидан йўқловлар чиқа бошлади. Она косалардаги овқатни алмаштириб, устини ширинликлар билан безабберди, катта ўғил подъездма подъезд югуриб овқат ташиди. Сарварнинг кайфияти кўтарилди. Навбат Нодир ўртоғининг уйига етганда, ойисидан косага кўпроқ гўшт, бўғирсоқ солиб беришини илтимос қилди.

- Ассалому алайкум, ҳайит байрамингиз билантабриклайман!, - деди эшикни очган Нодирнинг ойисига.

- Раҳмат, ўғлим. Шошма-чи, эртага ҳайит байрамига Нодир билан борасанми? Эрта тонгда амакингни ўзи машинасига солиб олиб кетади.

- Бораман, ҳа, мениям олиб кетсинлар, бораман! 

- Уйга кир, ўртоғинг овқатланяпти. Бирга ўйнайсизлар.

- Йўқ, раҳмат. Ойим кутяптилар.

Саодат соатма соат улғаяётган ўғлини эрта тонгда уйғотди. Ювинтирди, кийимларини тайёрлаб берди. Сарвар ойисини байрам билан табриклади, кўп ўтмайНодирнинг дадаси Сарварни олиб кетди. 

Сарвар ўртоғи билан машинага чиққанда орқа ўриндиқдаги пакетларга ўйланиб қараб қолди. Машҳур супермаркетнинг номи ёзилган пакетни кўриб, кўп нарсани тушунгандек бўлди. “Ҳайит байрами – яхшилик байрами”, деб онаси бекор айтмаган экан... 

​Азиза ҚУРБОНОВА


Report Page