Кичик саноат зонаси – бизнес учун қулай имконият
Тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда кичик саноат зоналари алоҳида аҳамиятга эга.
Тумандаги Мингтут маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги ташкил этилган “Мингтут” кичик саноат зонаси 51,5 гектар майдонни ташкил этиб, шундан 10 гектари “Ёшлар кичик саноат зонаси” сифатида белгиланган.
Бугунги кунда бош режалар ишлаб чиқилиб, дастлабки лойиҳаларга кўра “Мингтут” кичик саноат зонасида тадбиркорлар учун 116 та лотлар, “Ёшлар кичик саноат зонаси”да эса 35 та лотларга ажратилган.
Айни кунларда Ўзбекистон туманида ёшлар иштирокидаги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида бўш турган майдонда ташкил этилган 10 гектарлик ер майдонидаги кичик саноат зонасига ёш тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари жойлаштирилмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев мазкур кичик саноат зонасида бўлиб, амалга оширилаётган қурилиш ишлари ва тадбиркорлик субъектларининг истиқболли бизнес лойиҳалари билан танишди.
Туман ҳокими туман “Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” ва бошқа мутасаддиларга йўл, коммуникация тармоқларини тортиш ишларини тўлиқ якунига етказиш, лойиҳа ташаббускорларини саноат зоналарига жойлаштириш юзасидан зарурий кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтди.