"Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури"га кўра 100 млн сўмгача кредитлар гаросиз берилади.
АОКАда ўтказилган брифингда Бизнесни ривожлантириш банки ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов буборада батафсил маълумот берди:
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-306 сонли қарорига мувофиқ, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури амалга оширилмоқда.
Дастурда иштирок этувчи кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш чоралари этиб қуйидагилар белгиланган:
а) молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишида:
тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача муддатга йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратиш ва (ёки) асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг бериш.
Бунда, 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилади.
Қиймати 1,5 миллиард сўмгача бўлган асосий воситаларни 7 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қарзга бериш;
24 ойдан ортиқ фаолият юритаётган ва охирги 12 ойда айланма маблағлари миқдори 1 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлган ҳамда камида 10 нафар кишини доимий иш билан таъминлаган кичик тадбиркорлик субъектларининг янги лойиҳаларига ва мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтиришга оид лойиҳаларига бўш турган давлат мулки объектлари ва ер майдонлари, асбоб-ускуналар, бино-иншоотлар ва бошқа кўринишдаги моддий активлар билан 20 фоизгача, бироқ 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган қийматда улушдор бўлиб кириш;
инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, юқори технологик стартап лойиҳаларига давлат илмий дастурлари доирасида 2 миллиард сўмгача грант маблағларини ажратиш;
б) консультатив қўллаб-қувватлаш йўналишида:
лицензия, рухсатнома ва сертификатлар олиш масалалари, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, экспорт ва импорт операциялари, шартномаларни расмийлаштириш;
давлат харидларида иштирок этиш, шунингдек, ер участкалари ва бино-иншоотларни сотиб олиш ёки ижарага олиш ва лойиҳалаштириш;
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги имтиёз ва преференциялар, мавжуд бошқа енгилликлар ва имкониятлар бўйича маълумот ва маслаҳатлар бериш.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2024 йилда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурида кўзда тутилган мазкур молиявий ва консультатив кўмаклашиш дастаклари изчил жорий этилади.
Дастурда қуйидагилар иштирок этишлари мумкин:
камида бир йил мобайнида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунармандлар, касаначилар, нодавлат таълим ташкилотлари, уч ва ундан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектлари;
оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз бизнес лойихаларини муваффақиятли амалга ошириб, ижобий кредит тарихига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар.
Ҳозирда давлат идоралари ва масъул ташкилотлар томонидан Дастурни амалга ошириш бўйича тегишли амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
“Бизнесни ривожлантириш банки” “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс Дастурини самарали амалга ошириш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк ҳисобланади.