Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган Олтинсой туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабида юз бераётган жараёнлар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан бир неча маротаба ўрганилди.
Ўрганишлар натижасига кўра, туманнинг “Обшир” маҳалласи ҳудудида жойлашган 21-сонли умумтаълим мактаби 2009-йилда 240 ўринга мўлжаллаб қурилган. 2021-2022-ўқув йилида 325 нафар ўқувчига 39 нафар педагоглар таълим бериб келишган. Уларнинг 17 нафари олий маълумотли 12 нафари эса тўлиқсиз олий, 10 нафари ўрта махсус ўқитувчилардан иборат бўлган.
Ушбу ўқитувчилар орасида олий ёки биринчи тоифали ўқитувчилари мавжуд эмас. Маҳаллий аҳоли педагогларнинг таълим беришидан қониқмаганлиги боис, 144 нафар ўқувчиларнинг ота-оналари фарзандларини қўшни 65-сонли умумтаълим мактабига олиб ўтишган.
Мактабга узоқ йиллар ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ҳамда директорлик қилган Туроб Жумаев ўзининг яқин қариндошларини мактабга ишга жойлаштирган. Бунинг натижасида таълим сифати тушиб, аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлган. 2022 йил 29 апрел куни лавозимидан озод этилган.
Шундан сўнг 2022-йил 13-май кунидан 17-июнь кунига қадар вақтинча директорлик лавозими Номоз Сатторов тайинланган. Бу билан ҳам мактабда вазият ўзгармаган. 2022 йил 17-июнь кунидан 2022 йил 8-июлъ кунига қадар Адҳам Хамраев вақтинча директор лавозимини бажарган. 2022 йил 8-июлъдан 3-август кунига қадар мактаб директорлик вазифасини вақтинча бажариш ёш ва ҳаракатчан ўқитувчи Ғиёс Жумаевга юклатилган. 2022 йил 3-август кунидан ҳозирга қадар Алишер Ўроқов ишлаб келмоқда. 2022-2023-ўқув йилида мактабда таълим сифатини ва кадрлар салоҳиятини ошириб қизил ҳудуддан чиқариш мақсадида ustozfondi.uz платформаси орқали ариза берган қуйидаги олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар таклиф этилган.
Фарғона вилоятидан 1-тоифали она тили адабиёт фани ўқитувчиси Бойқузиева Зулайҳо Маматқуловна, 1-тоифали инглиз тили фани ўқитувчиси Мирзаумаров Жонибек Мирзоулуғ ўғли, Андижон вилоятидан олий тоифали рус тили ва адабёити фани ўқитувчиси Исақова Хайринисо ҳамда 1-тоифали жисмоний тарбия ўқитувчиси Юсупова Камола, Самарқанд вилоятидан 1-тоифали бошланғич синф ўқитувчиси Ачилова Муҳаббат Темировна, Наманган вилоятидан 1-тоифали математика фани ўқитувчиси Шакиров Бахтиёр Аъзамжонович ҳамда олий тоифали тарих ўқитувчиси Зоирова Мавжуда Рустамовна Қашқадарё вилоятидан таклиф қилиниб ҳозирда иш фаолиятини бошлашган. Ушбу ўқитувчиларга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 2020 йил 30-июндаги қўшма қарорига асосан максимал дарс соатлари билан таъминланиб, уларнинг ёзма розилигини олган ҳолда бошқа тоифадаги ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимланганлиги сабабли ҳозирги вақтда тумандаги 65-сонли умумтаълим мактабига олиб кетилган ўқувчиларни 21-сонли умумтаълим мактабига қайтариш учун аризалар олиниб мактабдан мактабга ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда “Обшир” маҳалла аҳолиси талабига асосан директор вазифасини муносиб номзод топулгунга қадар директор вазифасини Ўроқов Алишер Умбарович бажариб келмоқда.
Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати