Кеча истеъмолчиларга қанча электр энергияси ва газ таъминоти етказилди?

Кеча истеъмолчиларга қанча электр энергияси ва газ таъминоти етказилди?


АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев ушбу савол юзасидан маълумот берди:

Кеча, 5 январь куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

5 январь куни электр станциялар орқали жами 238 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва истеъмолчиларга 223,1 млн кВт·соат электр энергияси етказиб берилди.

 Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 47,5 млн кубометр табиий газ, 21,7 минг тонна кўмир ҳамда 2,8 минг тонна мазут ёқилди.

 Республика табиий газ истеъмоли 149,7 млн кубометрни ташкил қилди.

 Кеча мамлакатимиздаги 1 минг 361 та метан заправка орқали истеъмолчиларга 13,1 млн кубометр табиий газ етказиб берилди. Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали 600 тонна суюлтирилган газ сотилди.

 Автобензин ва дизель ёнилғиси эҳтиёжни қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, кеча “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 3 минг 184 тонна автобензин етказилди.

 Шунингдек, биржа савдоларига қўйилган 3 минг 105 тонна автобензиннинг 3 минг 40 тоннаси ҳамда 1 минг 520 тонна дизель ёнилғисининг 352 тоннаси сотилган.

 Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик асосида ишлаяпти.

 Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам зудлик билан бартараф этиб борилмоқда.

 Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган 7 та носозлик бартараф қилинди.

 Таъминотдаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушган 156 та мурожаат махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

 Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича 190 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

 Тармоқларда юзага келаётган носозликларни тезкор таъмирлаш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадалар туну кун ишлаб, жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.

 Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

Ҳурматли истеъмолчилар! Электр таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Фейсбук ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

 


Report Page