Катта ҳирмон олдидан

Катта ҳирмон олдидан


Пискент туманида ғалла ўрим-йиғими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Карантин тартиб-қоидаларига мувофиқ ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ботир Алимбеков, туман ҳокими Шуҳрат Ахмедов, вилоят деҳқон, фермерлар ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Рустам Қосимов, “Оҳангарондон” АЖ бошқаруви раиси Алишер Рихсиев, сектор раҳбарлари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, машина-трактор парклари ҳамда фермерларга хизмат кўрсатувчи бир қатор қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари вакиллари, отряд раҳбарлари, комбайн операторлари иштирок этди. 

-Жорий йил тумандаги 183 фермер хўжалиги томонидан 9 минг 100 гектар ерда буғдой етиштирилмоқда, - дейди Пискент туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мурод Абдураҳмонов. Бу йилги об-ҳаво шароити ғаллачилик учун мақбул келгани, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва белгиланган меъёрларга мувофиқ ўтказилиши натижасида мўл ҳосил яратилди. Гектаридан камида 80 центнердан ошириб ҳосил олишни режалаштирганмиз. 73 минг 247 тонна ғалла хирмони уйиш, давлатга 30 минг 33 тонна буғдой сотиш мўлжалланмоқда.

Семинарда етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш бўйича кўрилган тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.

Ўрим мавсумини уюшқоқлик билан ташкил қилиш учун туманда 24 отряд шакллантирилган. Юқори унумли 24 та "ДЖондер", "Claas", “Кейс” комбайни сафарбар этилган. Уларнинг ҳар бирига ғалла ташиш учун 5 тадан юк ташувчи машина бириктирилган.

Семинар давомида техникаларнинг мавсум олдидан техник кўрикдан ўтказилгани, ёнғинга қарши воситалар билан жиҳозлангани, отряд аъзоларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш, хавфсизлик бўйича билим ва кўникмалари кўрикдан ўтказилди. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ва комбайн операторлари иштирокида иш жараёнида ёнғинларнинг олдини олиш бўйича ўқув машғулоти ўтказилди.

Кўргазмали тарзда ўтган семинарда ўрим мавсумида вақт йўқотмаслик ва отрядларга қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган кўчма ётоқхоналар, дон қабул қилиш шохобчасида ташкил этилган тез тайёрланувчи озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси кўздан кечирилди.

Шунингдек, ўрим мавсумига тайёргарлик бўйича мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Туман ҳокими Шуҳрат Ахмедов томонидан мутасаддиларга отрядларни шакллантириш, вазифалар тақсимоти, комбайн операторлари ва ҳайдовчиларга иш ҳақи ажратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.  

Семинар якунида комбайн операторларига “Агробанк” АТБ ходимлари томонидан 500 сўмдан аванс пули, ун, ўсимлик ёғи, пиёз каби озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.


Report Page