КАСПИЙ КИМНИКИ ? ДЕНГИЗМИ ЁКИ КЎЛ!
Дониёр РўзметовКаспий денгиз бўлди нима, кўл бўлди нима ? Денгизнинг ҳам эгаси бўладими ? Шу каби саволлар билан Каспий денгизининг муҳимлигини кўздан қочириш мумкин. Ваҳоланки Каспий денгизнинг мақоми ва унинг кимга тегишлилиги катта геосиёсий мавзулардан бири бўлиб, қўйилган саволларнинг жавобларига қараб айрим давлат ва халқларнинг тақдирлари ҳал бўлиб кетиши мумкин.
МАҚОМНИНГ АҲАМИЯТИ
1921-1940 йилларда собиқ СССР ва Эрон ўртасида тузилган шартномага кўра Касбий денгизи мазкур иккала давлатга тегишли ҳисобланган ва унинг тақдирини иккаласи ўртасида ҳал қилиб олишган. 1991 йилда СССР йўқолиб кетгач, Каспий денгиз атрофида Эрон ва СССРнинг меросхўри Россиядан ташқари Озарбайжон, Туркманистон ва Қозоғистон каби давлатлар ҳам пайдо бўлдилар ва улар ҳам ўзларининг ҳақларини талаб қилдилар. Табиийки, бу билан СССР ва Эрон ўртасидаги шартнома йўққа айланади.
Каспий денгизнинг мақоми қайси давлат қандай ҳуқуқларга эга бўлиши, нималарни ҳал қила олиши ва қанча ҳуқуқларга эга бўлишини белгилаб беради. Каспий денгизи сув ҳавзасининг кўллардан катталиги сабабли денгиз деб айтилиши, аммо халқаро сув ҳавзаларига қўшилмагани учун денгиз деб айтилмаслиги ҳам мумкин. Энг аҳамиятлиси, агар унга денгиз мақоми берилса, у Халқаро сув ҳавзалари тўғрисидаги конвенцияларга бўй суна бошларди ва бу Эрон ва Россияга, айниқса Эронга тўғри келмас эди. Эрон учун Каспийни кўл деб ҳисоблаб, 5 давлат ўртасида тенг тақсимлаб қўйган маъқул эди.

"Сувларни бўлиб олишнинг аҳамияти нима?" деб ўйлаш мумкин. Каспий денгизининг ҳудудлари нефт ва газга бойлиги ҳисобга олинса, мазкур ҳудудларнинг аҳамияти тушунарли бўлади. Нефт ва газни Каспийнинг ҳудудидан олиб ўтиш ҳуқуқи ҳам тарафларнинг келишувига боғлиқ. Бундан ташқари, Каспий денгизи дунёдаги энг кўп ва сифатли балиқ икралари етиштирувчи ҳудуд эканлиги ҳисобга олинса, қайси давлат қанча балиқ ушлашга ва икра олишга ҳаққи бор ёки йўқлиги ҳам Каспийнинг мақомига боғлиқ бўлиб қолади.
Каспий денгизи Орол денгизининг каттароқ ва мураккаброқ варианти. Орол денгизининг мақоми "кўл" ҳисобланади ва у бор йўғи иккита қардош давлатнинг ўртасида келишилади. Собиқ Иттифоқ йўқолган пайтда Оролнинг ҳудудида ўзгаришлар бўлмаганлиги сабабли унинг чегаралари борасида ҳам муаммо юзага келмаган. Шу сабабдан, агар Оролнинг ҳудудидан нефт ёки газ топилса, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзларига тегишли бўлган тарафларга хўжайинлик қилаверадилар.
Каспий денгизи мисолида эса янги давлатларнинг пайдо бўлганлигидан ташқари ўз манфаатларини қаттиқ ҳимоя қилувчи Россия ва Эрондай давлатларнинг борлиги ҳам муаммони янада мураккаблаштирган. Масалан узоқ йиллар давомида Россия Туркманистоннинг Каспий ва Озарбайжон орқали газ трубалари ўтказиш режасига тўсқинлик қилиб келган. Эрон эса Озарбайжон ҳарбий кучлари билан бир неча бор келишмовчиликларга борган.
ҚАРОР ВА ЕЧИМ
Тарафлар узоқ йиллар давом этган тортишувлардан сўнг Каспий денгизига "махсус" мақом беришга қарор қилганлар. Бунга кўра, денгизнинг сув қисмининг мақоми (деярли) "денгиз" ҳисобланиб, у халқаро нормаларга бўй сунади. Фақат денгизнинг ҳудудида чегарадош 5 давлатнинг ҳарбий кучларигина ҳаракатланишга ҳақлари бор. Масалан Россия Суриядаги уруш доирасида ўзининг узоқ масофадан зарба берувчи янги қуролини Каспий денгизи ҳудудларидан амалга оширди.
Бундан ташқари, нефт ва газ ташишда фақат ҳудудлари лойиҳага даҳли бор бўлган давлатларнинг ўзлари келишсалар бўлди, 5 та давлатнинг розилиги шарт эмас. Масалан, Туркманистон Озарбайжон ҳудуди орқали газ-нефт трубалари ўтказмоқчи бўлса, буни Озарбайжон билангина ҳал қилади ва Россия унга аралашмайди. Агар Россия жуда халақит бермоқчи бўлса, халқаро ҳуқуқлардаги экологик сабабларни илгари суриши мумкин бўлади.
Каспийнинг ер ости қисмининг мақоми эса "кўл" бўлиб, у Эрон хоҳлагандай 5 та давлатнинг ўртасида бўлиб олинади ва ҳар бир давлат ўзига тегишли бўлган ҳудудларда қидирув, қазув ва нефт қазиб чиқариш билан шуғулланиши мумкин.
ХУЛОСА
Бирон ҳудуд ҳақида гап кетганида у ер ости, ер усти, сув ҳавзаси, ҳаво ёки коинотнинг ҳудуди бўладими, ташландиқ чўл ёки минг йиллик музликлар ҳудуди бўладими унинг аҳамиятини камайтириб кўриш керак эмас. Ҳар бир нарсанинг сиёсий, геосиёсий, иқтисодий, ҳарбий, экологик ва ҳоказо аҳамияти бўлади. Каспий денгизи ҳам шундай аҳамиятга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади. Шу сабабдан, унинг мақоми борасидаги баҳс ва мунозаралар узоқ давом этган. Ҳозирга келиб тарафлар якдил келишувга эришгандайлар. Агар бошқа манфаатлар тўқнашуви юзага келмаса келажакда бу келишув тарафларнинг тараққиётларига ижобий ҳисса қўшаи деб ўйлайман.
"Уч замон" каналига ҳали обуна бўлмаганлар учун ҳавола:
👉 https://t.me/uchzamon