Бухорода 5 минг гектарда картошка экилмоқда
Buxoro.uzЯхши биламизки, сабзавотлар ичида қовуриб ва қайнатиб, ҳам дудлаб пишириладиган ва хуш кўриб истеъмол қилинадигани бу картошкадир. Картошка дунё деҳқончилигида етиштириладиган майдони жиҳатидан буғдой, шоли ёки маккажўхоридан кейинги ўринда туради. Балки шу боис ҳақли равишда “иккинчи нон” деган таърифни олган. Ривожланган мамлакатларни тажрибаси кўрсатадики, ҳар гектардан ўртача 400 центнер, яъни 40 тонна ва ундан кўп картошка йиғиб олиш мумкин ва бунинг учун замонавий интенсив технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Ёки маҳаллий шароитда, атиги 5 сотих ерда сабзи етиштириб, 2 тоннадан ошириб ҳосил олиш, уч ойда ўртача 12 миллион сўм фойдани қўлга киритиш мумкинлиги амалда исботини топган.
Айни кунда вилоятда эртанги картошка, сабзи ва бошқа сабзавот маҳсулотларини экиш ишлари жадал бораётгани, ер тайёрлаш ва уруғлик нав танлаш баробарида ўғитлаш, суғориш, парвариш қилиш, зараркунанда ва касалликларга қарши биологик ишлов беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби чора-тадбир ўз ўрнида, мўл ҳосил етиштиришнинг кафолати ҳам.
— Шу боис, жорий баҳор мавсумида вилоятда умумий майдони 5 минг гектарда Ҳиндистон ва Покистондан келтирилган сара навли картошка экиш ишлари жадал бошланган, – дейди вилоят ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аскар Жаводов. — Бу жараёнда таъминотчи бўлган 10 та агрокластер корхонаси томонидан 12 минг 500 килограм картошка уруғлиги жойлардаги фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тарқатилган. Шу кунги, яъни 28 март ҳолатида вилоят туманларида картошка экилган майдон 3 минг 479 гектарни ташкил қилмоқда ва бунда қолаётган 2 минг 718 гектар ерда ҳам яқин кунларда картошка экиш ишларини кечиктирмасдан амалга ошириш учун бор куч ва механизм жалб қилинган.
“Иккинчи нон” етиштиришда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Bahor Chenj Tekstile”, “WBM Romitex”, “Bukhara Agrocluster”, “Agrocluster R–Tex Qorako’l”, “Mergantex”, “Qorako’l Kumush kalava”, “Ark Eco textile cluster”, “BCT Agrocluster”, “Bukhara Zarhal Teks”, “Parvoz Xumo Ravnaq Trans” агрокластерлари бириктирилган туманларда 1 минг 250 тонна, Шофиркон туманида 1 минг, Қоровулбозор туманида 500, Когон ва Қоракўл туманларида 1 минг 125 тоннадан уруғлик картошка жамғарилиб, ер майдони зарур минерал ўғит билан тўйинтирилгани ҳолда экиш ишлари тез суръатда олиб борилмоқда. Жумладан, Жондор, Вобкент, Бухоро, Пешкў, Ромитан, Ғиждувон туманлари ҳар бирида 500 гектар, Қоракўл ва Когон туманларида 450, Шофиркон ва Олот туманларида 400 гектар майдонда эл дастурхони учун картошка етиштириш ишларига киришилган. Ҳозирда ҳар кунига 120 гектарга яқин контурда картошка экилаётгани мақсадга мувофиқ.
Куни кеча Қоровулбозор туманида “ARK EKO TEKSTILE СLUSTER“ МЧЖ да 5 гектар ерда серҳосил “Fanti” ва “Gala” навларидан 15 тонна уруғлик картошкани кўргазмали экиш агротехник тадбири ташкиллаштирилди. Афзаллик жиҳати шундаки, уч ойда тайёр бўладиган бу картошкадан гектарига 35 тонна атрофида ҳосил олиш мумкин. Экишда қатнашган “John Dierre–6175 M” русумли юқори унумли замонавий трактор ва унга тиркалган ҳозирда ноёб “Agrionale” инновацион минитехнология–экишгичи билан суткасига 70 гектар ерда картошка қадаш мумкин.
— Қоракўл тумани, “Ташаббус” МФЙ да 3 минг аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, аҳоли томорқа ери 115 гектардан ошади, – дейди ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси Нодир Жавҳаров. — Вилоятда пешқадамлар қаторида ҳудуддаги элликдан ошиқ хонадонда эртанги картошка, сабзи ва бошқа маҳсулот экиб, парваришга жадал киришилган. Биргина картошкачиликда қозонлик Маҳмуд Ғаниев, адҳамлик Дилмурод Турсунов, Истам Бобоқуловлар, ташаббуслик Гулрух Чўлиева ҳамда Алижон Ҳасановлар, сабзи етиштиришда эса Ташаббус қишлоғилик миришкор Раҳматулло Болтаевларнинг бой тажрибаси ва иш услубига таянилмоқда.
Бухоро шаҳридаги “Анори Ғурбун”, Жондор тумани “Пўлоти” МФЙ даги “Махфиратбону Муҳриддин”, Олот тумани “Шарқ юлдузи” МФЙ Бўстон қишлоғидаги “Воҳиджон Файзиев” каби фермер хўжаликларида, қолаверса, иссиқхона фаолияти ривожланиб бораётган Пешкў туманидаги хўжаликларида ҳам 0,5 гектардан 1,5 гектаргача ерда картошка – “иккинчи нон” етиштириш агротехник тадбирлари тизимли олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати