“Карьера куни”: талабаларга 1600 га яқин иш ўринлари таклиф этилди

“Карьера куни”: талабаларга 1600 га яқин иш ўринлари таклиф этилди


Самарқанд давлат ветеринария медитсинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида жорий йилнинг 26 апрел куни талабалар бандлигини таъминлаш мақсадида “Замоний кадрлаш тайёрлаш, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш иқтиқболлари” мавзусида очиқ мулоқот ҳамда “Карьера куни” бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилоят филиали, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Самарқанд вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган меҳнат ярмаркасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси вилоят бошқармалари, корхона ва ташкилотлар вакиллари бўш иш ўринлари билан иштирок этди.


Университетда айни вақтда 6044 нафар бакалавриат ва 108 нафар магистратура мутахассисликлари бўйича жами 6156 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра, 658 нафар талаба ишлаш истагини билдирган. Жорий ўқув йилида  23 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича 1448 нафар, 100 нафар магистратура мутахассислиги бўйича 5 нафар битирувчи тамомламоқда. Ҳозирги кунда университет талабаларининг қарйиб 60 фоизининг бандлиги таъминланган бўлиб, шу жумладан, ички имкониятлардан келиб чиқиб 201 нафар талаба вакант лавозимларга ишга жойлаштирилди.

Университет ректори, профессор Худайназар Юнусов мазкур тадбирни кириш сўзи билан очиб бераркан, талабаларни  малакавий амалиётлари барқарор фаолият кўрсатаётган йирик корхона, ташкилотлар, кластерларда, 2022 йилдан бошлаб хорижий илғор компанияларда ўташни ташкил этиш йўлга қўйилганлиги, бугунги тадбир битирувчи талабалар ўзлари истаган касб ва ҳаёт йўлини танлашида муҳим омил бўлишини таъкидлади. Иш берувчи корхона ва ташкилот раҳбарлари талабалар билан учрашиб, икки ва уч томонлама шартномалар имзолаши, битирувчилар бандлигини таъминланишида ҳамкорлик қилаётганлиги учун миннатдорчилик билдирди.

“Карьера куни” тадбирида иш берувчилар томонидан талабаларга ўзларида яратилган шароитлар, ишлаш учун талаб қилинадиган малака ва кўникмалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бунинг натижасида эса, 380 нафар талаба ишга жойлашиш учун йўлланмалар олди. Улардан 201 нафари шартнома имзолашга ҳам улгурди.

Қайд этиш жоизки, университет томонидан 60 дан ортиқ йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, йил якунига қадар 1500 нафар талабанинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Айни шу мақсадда “Сиёб-Шавкат-Орзу” кластери, “Бухоро қоракўл кластери”, “Бухоро агрокластери”, “Навоий янги аср” кластери, “Зарафшон парранда Ломанн” МЧЖ, “Боғбон IN-VITRO” биотехнология лабораторияси, “АгроМИР” МЧЖ, “Мева-Мараканд” МЧЖ, “Қоракўлчилик уюшма”, “Чорванасл” агентлиги, Республика ва вилоятлар “Агромашсервис” МТП МЧЖ, “Жума элеватор” АЖ, “Камалак инвест” кластерлари  сингари корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги тадбир фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада ривожлантириш, талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлашда белгиланган давлат сиёсатининг амалдаги ифодаси бўлди.


🏛 Ахборот хизмати.


Report Page