Биз ҳаммамиз касалмиз ! "Камчилик копмлекси" !

Биз ҳаммамиз касалмиз ! "Камчилик копмлекси" !

Дониёр Рўзметов

Бир танишим айтиб берганди. Унинг бир таниши Россияда йиллар давомида ишлаб, топган пулларига сотиб олаверган машиналарининг сони 6 та бўлиб кетган экан. Улар Нексия, Ласетти, Кобальт, Малибу ва ҳоказо турдаги машиналар бўлиб, ҳар сафар қандай янги машина чиқса ва русум бўлса, у бошқалардан қолишмай деб машиналарни сотиб олаверган экан. Энг қизиғи, у танишининг уйида биттаям машина қўйиш учун гараж ёки жой бўлмаганлигидан унинг 6 та машинаси доим кўчада қаторлашиб турар экан. Бунинг устига у мунтазам Россияда ишлаганлиги сабабли унинг машиналари деярли ҳеч қачон ҳайдалмас экан. У эса йилда бир марта уйига келганида 6 та машинаси борлигини айтиб ҳаммага мақтанар экан...


… Ҳожибой Тожибоевнинг бир ҳажвиясини барча эслайди. Унда ўзбек одам қўшнисининг уйи баландроқ бўлиб қолгани учун ўзининг уйига яна битта қават қуради. Буни кўрган қўшни ҳам ўз уйининг устига яна битта қават қуриб, устига антенна ўрнатиб, унинг устига байроқ ҳам тикиб қўяди. Бу ҳажвияга ҳамма кулган эди, чунки бу ҳолат ҳаммага таниш бўлиб, ҳазилнинг ичида ҳақиқатнинг ҳиссаси кўпроқ эди. Яъни бу ҳажвияга кулганда барчамиз ўзимизнинг, мавжуд бўлган ўз камчиликларимизнинг устидан кулганмиз, тан олганмиз, лекин нима учун бундаймиз, нега бундай кулгули ишларни қиламиз деб ўзимизга савол бермаганмиз. Бермаймиз ҳам. Чунки биз муаммоларнинг илдизларини англаб етишга, уларни таҳлил қилишга ва энг асосийси уларга ечимлар топиб, аҳволни яшилашга одатланмаганмиз. Биз тинчгина концертга бориб кулиб келамизда эртаси куни уйимизнинг тепасига иккинчи байроқни иламиз.

Шундай бўлса ҳам, муаммони англаш, тушуниб етиш учун мулоҳазалар қилиб кўриш зарар қилмайди...


...Бошқа тиллардан сўзма-сўз таржима қилганда таҳминан "Камчилик комплекси", "Пастлик комплекси", ёки рус тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, қабул қилинган версиясига кўра, "Тўлиқсизлик комплекси" деган ибора бор. Бунинг фанда балки чиройлироқ таржимаси ҳам бордир, асосийси таржима эмас, балки унинг нима эканлигини тушуниб олиш. "Камчилик комплекси" бу инсондаги руҳий ҳолат бўлиб, унга кўра инсон ўзини ўзгалардан камдай, баъзан ҳатто ўзи кутган даражадан анча пастдай тасаввур қилади. Бу қониқмаслик комплекси шунчалар хавфлики, у ҳатто руҳий касалликка айланиб кетиши мумкин. Агар у касалликка айланмаган тақдирида ҳам инсонга салбий хулосаларни бериб, бузғунчи натижаларга сабабчи бўлиши мумкин.

Тенглик бўлиши учун ҳозирдан айтиб қўяй, бу комплекс истисносиз барча инсонларда бор. Фақат инсонларнинг ҳаёт йўллари, бошидан кечирганлари, атроф-муҳитлари, жамиятдаги муносабатлари ва ҳоказо омилларга кўра у ҳар кимда ҳар хил даражада бўлади. Тушунарли бўлиши учун у кичкина болалингиздаёқ акангиз ёки опангизга иккита, сизга эса битта конфет тегиб қолган маҳалдаёқ бор бўлган. "Нега унга иккита, менга эса битта ?" деган савол сизга акангиз ёки опангиз сиздан кўпроқ, демак "яхшироқ" манфаат кўрганлигини, сиз эса мана шу борада ундан ортда қолганлигингизни билдирган. Катта бўлавергач, "Нима учун акамга мумкин, менга йўқ", "Катталарга мазза, бизга мумкин эмас", "У мендан кучлироқ", "У мендан чиройлироқ", "Унинг 5 баҳолари кўп, менда 2 та "4" бор" ва ҳоказо деган реакциялар сиздаги бу комплексни шакллантириб, ривожлантириб бораверган. Инсон ҳар доим ўзини кимлардандир камдай, пастдай кўраверади. Ҳавас, ҳасад ва ҳоказо характерларга айнан шу комплекс сабабчи бўлади.

Табиийки, бунга ота-оналар, атроф-муҳит, жамият қоидалари ва ҳатто давлат, умуман бутун дунё сабабчи бўлади. Фарзандимизга яхшилик тилаб "Фақат "5" баҳога ўқи" деган пайтимизда биз фарзандимизда "4", "3" ва "2" баҳоларга нисбатан комплекс ясаб қўямиз. Натижада, фарзандимиз "2" баҳо олса, аввало ўзининг қадрини ўзи пастга ура бошлайди ва сизга баҳосини кўрсатишга қўрқиб руҳан қийналиб туради. Сиз балки уни уришарсиз, балки уришмассиз, аммо унинг баҳосини сизга кўрсатиб, реакциянгизни билиб олгунча бўлган даврдаги руҳий ҳолатлари унинг ичидаги "Камчилик комлекси"нинг шаклланишига янада ҳисса қўшади.

Ундан кейин, фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ва уларнинг натижалари ўқувчиларни муҳимлик даражасида таснифлаб, уларни энг зўр, зўрроқ, зўр эмас ва умуман муҳиммас даражаларга бўлиб чиқади. Бундай олиб қараганда, барчаси тўғри, ўқувчиларнинг қайсиларидир билимли ва қайсиларидир улардан билимсизроқ, аммо бу тўғриликнинг ойдинлаштирилиши ўқувчиларга турлича таъсир қилади. Кимлардир янада яхшироқ ўқишга, кейинги сафар олдинги ўринни олганлардан ўтиб кетишга ҳаракат қилади, лекин у бу ишни айнан "Камчилик комплекси" таъсири остида қилади. Кимлардир эса « олимпиада адолатсиз ўтди, аслида мен яхшироқ эдим » деб ўзларига руҳий компенсация беришга ҳаракат қиладилар. Олимпиада адолатли ёки адолатсиз ўтган бўлишидан қатъий назар бундай деб ўйлаш уларни "Камчилик комплекси"нинг руҳий азобларидан оз бўлсада холос этади.

Инсон катта ҳаётга қадам қўйгани ва ҳаёт учун кураш босқичига кириб боргани сари унда бу комплекс ҳаётий муҳимлик касб этиб боради. Ишсизлик, севилиб алданиб қолиш, бойнинг ёнида камбағал бўлиш, тенгдошлари турмушга чиқиб бўлганда ҳали ҳам турмушга чиқмаган бўлиш ва ҳоказолар инсонларни бир умрлик мунтазам рақобатлар домига ташлайди. Инсонлар, яъни 7 миллиард рақобатчи ҳаммадан бой, ҳаммадан зўр, ҳаммадан гўзал ва ҳоказо бўлишни орзу қилади ва шунга интилади. Натижада, уларнинг барчалари қайсидир борада бошқалардан камроқ ва пастроқ бўладилар ва ўзларида "Камчилик комплекси"ни ривожлантираверадилар. Бойнинг бахти йўқ, камбағалнинг пули йўқ, кучлининг илми йўқ, олимнинг билакларида мускуллари нимжон. Жинсий, ирқий, миллий, диний, ижтимоий ва бошқа ажратишлар ҳам инсонларда бу комплекснинг кучайишига олиб келади. Қарабсизки, инсон сиқиламан, руҳан қийналаман деса миллионта эмас, камида миллиардта сабаблар топилаверади...


... "Менинг бошқалар билан ишим йўқ", "Менга одамларнинг гаплари бир пул" ва ҳоказо деган гапларни ҳар кун эшитамиз ва айтамиз. Аммо одамларнинг гапларига эътибор қилмай бўлибсиз. Талабалик йилларимда бир талаба бор эди. Роса мижғов эди. Қаёқдаги майда гапларни гапираверар, жанжал чиқаришга интилар эди. У билан айтишиб барака топмагач, "жанжаллашмай" деб жим ўтиришга қарор қилдим. Гапираверди, гапираверди, мендан реакция бўлмади. Охири "Нега мен гапирганда жавоб бермайсан"га ўтиб олди. Шунда ҳам индамасам туртишга ўтяпти. Яъни эътибор қилмасам эътибор қилмаганимга қўймаяпти. Охири уни дўппослаб, ўзига келтириб қўйиб, қадримни тиклашимга тўғри келган эди.

Бу билан одамларнинг гапларига эътибор қилмаслик, бўлаётган ишларга, жамиятнинг муносабатига бефарқ бўлиш осон эмаслигини айтмоқчиман. Баъзан бу нарса сизнинг ҳаётингизга, режаларингизга тўғридан тўғри таъсир қилади ёки ҳатто сизни бефарқ бўлишингизга ҳам қўйишмайди. Шу сабабдан буни уддалашнинг ҳар доим ҳам иложи бўлавермайди. Натижада ниманидир тўғри қила олмаётганлик, ниманидир эплай олмаётганлик, қайсидир соҳаларда нўноқлик қилаётганлик, тенгларингиз пул топганда пулсиз юрганлик, кимдир 6 та машина олганда сизда биттаси ҳам йўқлиги ва шу каби ҳислар сизни руҳан эзиб, "Камчилик комплекси"нинг қулига айлантиради ва сиз барча қатори жамиятнинг "ўйинлари"ни ўйнай бошлайсиз. Шундан кейин, "пода"га қўшилиб Айфон "8"ингизни Айфон "Х"га, Ласеттингизни Малибуга айлантириб, мусобақада давом этаверасиз...

Аммо афсуски, бу жараённинг охири ва якуни йўқ. Ҳеч ким барча соҳаларда барчадан зўр ва бехато бўла олмайди. Шу сабабдан, динлар, таълим-тарбия қоидалари, фанлар, файласуфлар ва зиёлилар минг йиллар давомида ву комплексга қарши курашиб келадилар.

Улар инсонларни камтар бўлишга, керагидан ортиқча бойликни тақсимлашга, ўзгаларни ҳурмат қилишга, жамоат олдида бойликларини кўз-кўз қилмасликка ва умуман бирга яшаш имконини берувчи қоидаларга амал қилишга чорлаб келадилар. Буларнинг таъсири йўқ эмас. Аксинча, шулар туфайли ҳам дунё ҳали ҳам тинч турибди. Бу комплексдан қочиб кимлардир динлардан (умуман), кимлардир китоблардан ва бошқа нарсалардан ҳаловат топадилар. Аммо бу комплекснинг қурбонига айланган бошқалар ёмон йўлларга кириб кетишлари, алкоголнинг, наркотик моддаларнинг ёки осон пул топишнинг умидида қимор ўйинларнинг домига тушиб қолишлари мумкин. Кимлардир эса соғликларидан айрилиб, депрессия, юрак касали ёки бошқа касалликларига дучор бўлишлари мумкин. Баъзан "Нега эркаклар аёллардан кам умр кўрадилар?" деб савол берилади. Менимча, "эркаклар" жамиятидаги (патриархат) шафкатсиз "жанглар"да берилган ва олинган руҳий зарбалар эркакларнинг соғликларига қаттиқ таъсир қилиб, уларнинг умрларини қисқартиради. Эркаклар одатда оилаларидаги аёлларни бу жангларга аралаштирмасликка ва уларни ҳимоя қилишга интиладилар. Чунки улар жамиятда эркакларнинг мавқеи баланд ва хатарли эканлигини яхши биладилар. Билмасалар онг ости туйғуларида ҳис қиладилар…


… Биринчи президент, Ислом Каримовнинг "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз" деган гапи бўлар эди. У "Биз ҳаммадан бой бўламиз", "Биздан зўри йўқ", "Любойига жавоб берамиз" ва ҳоказо деб шиор айтиши мумкин эди. Бу балки халқимизни янада руҳлантириши ҳам мумкин эди. Аммо у бизнинг халқимизнинг менталитетини англаган ҳолда бизнинг халқимизга муносиб шиорни танлаган. Чунки бизнинг халқимиз ўзига эмас, балки бошқаларга, қўшнисининг уйига, машинасига қараб яшайдиган ва иш тутадиган халқ. Бизнинг халқимизга энг зўр бўлишдан ҳам кўра бошқалардан кам бўлмаслик муҳимроқ. Чунки бизнинг жамиятимизда "Камчилик комплекси" жуда чуқур илдиз отган. Юқорида айтганимдай, "Камчилик комплекси" ҳар бир инсонда, барча жамиятларда бор бўлади, аммо, жамиятларнинг шакллари, тузилишлари ва фаолиятларига қараб, бу комплекс қаердадир кучлироқ ва қаердадир кучсизроқ бўлади.

"Шахсий мулоҳазаларим" рукни остида ёзилаётган мақолаларимнинг олдингиларида айтганимдай ўзбек жамиятининг тузилиши ва фаолияти қадимий "Олди-берди", "салом-алик" урф-одатларига бориб тақалади. Бу мақтов ёки танқид эмас, оддий таъкид. Ўзбекларнинг ҳаётий манфаатлари ва заруратлари уларнинг "ўзгалар" билан муносабатларига чамбарчас боғлиқ. Уларнинг уйларида ейишга нон бўлиши ёки бўлмаслигидан тортиб, болалари қаерда ишлаши, қандай машина минишларигача жамиятдаги алоқаларининг муваффақиятига боғлиқ. Ўзбеклар қарорларида, ҳаракатларида, ҳатто яшаш-яшамасликларида ҳам жамиятнинг фикри ва муносабатларига, бошқаларнинг нима дейишларига қарамдирлар. Шу сабабдан ҳам улар умр бўйи бошқаларга ўзларининг зўр эканликларини, фойдали эканликларини, муҳим эканликларини ИСБОТЛАБ, қадр ва ҳурматларини парваришлаб боришлари керак. Бу ҳаракатлар ҳар доим ҳам инсонларнинг кўнгилларидагидай кечмагач (чунки бу имконсиз), улар ўзларидан ҳеч қачон қониқмайдилар. Уларнинг кўзларига бошқаларнинг муваффақиятлари кўринаверади ва ўзлари бу рақобатда ютқазиб қўяётгандай туюлаверадилар. Қарабсизки, "Дон Кихот" яна тегирмонларга қарши жанга киришиб кетаверади. Натижада уйларнинг устига янги қаватлар қурилади, қаватларнинг устига эса антенналар ўрнатилиб, уларнинг устидан байроқлар тикилаверади…


... Нима қилиш керак ? Агар мен бу саволга "Фалон нарса қилиш керак" деб жавоб берсам ёлғончи бўламан ва "Баландпарвозлик комплексим"ни ишга солаётган бўламан. Ҳа, бундай комплекс ҳам бор, аммо ҳозир мавзу бу ҳақда эмас. Мен фақат ўзим учун чиқарган хулосаларимни сизларга тавсия сифатида улашаман.

Хуллас, "Камчилик комплекси"га чалинмаган инсон мавжуд эмас. Жумладан, каминаи камтарин ҳам унга мубтало. Мен ҳам доим бу комплексдан мунтазам азият чекканман ва чекишда давом этаман. Ўзбекистондалигимда бундан кўпроқ қийналар эдим, Францияда жамият шакли бошқачалиги, индивидуализм кучлироқ бўлганлиги сабабли камроқ қийналадиган бўлдим. Тарих, социология, антропология фанларини ўқиб, кўп нарсаларни таҳлил қилгач янада камроқ қийналадиган бўлдим. Жамиятимиз қоидаларининг муқаддас ва ўзгармас эмаслигини англаб етгач, уларнинг ораларидан мантиқсизлари ва эскирганларига амал қилишни бас қилдим. Илмий салоҳиятим ошгач, улар ёрдамида нима сабабдан фалон ёки фалон урф-одатларимиз яхши эмаслигини аввало ўзимга, ундан кейин бошқаларга тушунтириб беришга интила бошладим.

"Камчилик комплекси" ҳақидаги мулоҳазаларим ҳам шулар жумласидандир. Баъзан сиз учун энг азиз бўлган инсонлар, масалан ота-онангиз умуман мантиқсиз бўлган нарсаларни қилишингизни талаб қилиб қоладилар. Ака-укаларингиз, қариндош-уруғларингиз, дўст-ёрларингиз, таниган ва танимаганларингиз сизни танқид қилади, маслаҳат беради, ақл ўргатади, ишларингизга аралашади, қарорларингизга таъсир қилади. Шундай пайтларда, сиз барчасини босиқлик, совуққонлик билан қабул қилишга, ҳиссиётларга берилмасликка, барчасини "Охир замон"дай қабул қилмасликка ҳаракат қилишингиз керак. Хавотир олманг, бу дунёда ўтмайдиган, тугамайдиган, охири йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Пулсиз қоласизми, ишсиз қоласизми, қариндошсиз қоласизми, уришадими, қийнашадими, зўрлашадими, қамашадими, фарқи йўқ. Ўлмасангиз, жонингиз тирик бўлса бўлди. Қолганини вақт даволайди.

Афсуски, бу дунё "Ҳаёт учун кураш" ва "Ўзинг учун ўл етим" дунё. Биз бошқачасини хоҳласак ҳам у мукаммал эмас. Шу сабабдан, хоҳламасак ҳам болаларимизни шафқатсиз "баҳолаш", "рақобат", "мусобақа" деган чиғириқлардан ўтказишга мажбурмиз. Норвегия таълим тизимида бу тизимлардан воз кечишга эришди. Биз эса йўқ, демак ҳозирча фарзандларимизни яхши баҳолар олишга руҳлантиришга мажбурмиз. Аммо имкон қадар уларнинг руҳларини синдирмасликка интилишимиз керак. Педагогикада болаларнинг характерларига қараб дарс ўтилади. Айрим болалар ёмон баҳо олса, бутунлай синади, айримларига эса бу муҳим эмас. Ўқитувчилар бунга диққатли бўлишлари керак деб ўргатилади. Ота-оналар ҳам шундай бўлишлари мумкин. Болангизга ёмон баҳо олма деб ўзингиз комплекс ярастсангиз, у ёмон баҳо олиб қўйса жазолаб янада руҳан эзманг. Аксинча, у билан бирга ишлаб, баҳолари яхшиланишига ёрдам беринг.

Одамларнинг гапларини, хаётдаги ҳақиқий ва ҳаёлий муваффақиятсизликларини ўзингизга, юрагингизга яқин олманг. Бошқалар билан ўзингизни солиштирмасликка ҳаракат қилинг. Сиз бой, кучли, қудратли, бахтли ва ҳоказо деб билган инсонларнинг асли шароитларини, уйларидаги ва мияларидаги ташвишларини билмайсизку. Улар ҳам худди сизга ўхшаб жамият қоидаларига кўра ўзларини зўр қилиб кўрсатиб юрган бандалардир. Уларнинг ўзлари ҳам "Камчилик комплекси"дан азият чекадилар. Балки уларнинг ўзлари сизни зўр деб ўйлаб ўзларини паст билиб юргандирлар.

Шунинг учун уни буни қўйинг. Ўзбек халқ мақоли айтганидай, бошқалар сизда йўқ бўлса беролмайдилар, лекин сизда бор бўлса кўра олмасликлари мумкин. Демак, сиз ҳам уларнинг фикрлари билан керагидан ортиқ ҳисоблашишга мажбур эмассиз. Сизнинг шароитингизни, миянгиздаги фикрларни бошқа ҳеч ким сизнинг ўзингиздан яхшироқ билмайди. Шундай экан, улар сиз ва сизнинг ҳаётингиз ҳақида фикр билдиришга, ҳукм чиқаришга ҳақлимилар ? Менимча йўқ. Агар зарур бўлса, улардан ўзингиз маслаҳат сўранг. Берса олинг, бермаса хафа бўлманг. Улар ҳам сизга маслаҳат беришга мажбур эмас. Аммо ўзингиз ва ҳаётингизга оид қарор чиқариш керак бўлганда вазиятингиз келиб чиқиб ўзингиз қарор чиқаринг. Сиз ҳеч кимдан кам эмассиз !


"Уч замон" каналига аъзо бўлиш учун ҳавола👉 https://t.me/uchzamon

Report Page