Кадастр соҳасига коррупция жиноятини содир этиб судланганлар ишламайди.

Кадастр соҳасига коррупция жиноятини содир этиб судланганлар ишламайди.

Агентлик Ахборот хизмати

Кадастр агентлиги томонидан соҳада коррупцияни олдини олиш, раҳбар-ходимларни ҳалол ишлашини таъминлаш, фуқароларга ва тадбиркорларга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида сўнги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 7-сентябрдаги ПФ-6061-сон Фармони ва ПҚ-4819-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги тизими ходимлари 2020-йилда аттестациядан ўтказилиб, аттестация натижаларига кўра 6 427 нафар ходимдан 4 768 нафар (74 %) ходим аттестациядан ўтган, шундан, 1 791 нафари (28 %) ходим аттестациядан шартли ўтган бўлса, билим савияси пастлиги ёки коррупцияга мойиллиги сабабли 1 659 нафар (26 %) ходим аттестациядан ўта олмаган.

Кадастр агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида 2020-йилнинг декабр ойида ўзаро ҳамкорлик меморандуми тузилган ва ҳар йили коррупцияга қарши курашиш йўналиши бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш йўлга қўйилди.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида, тизимга ишга қабул қилишда номзодларни Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқий статистика ва тезкор - ҳисоб маълумотлар маркази орқали судланганлиги ёки жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳолатлари ўрганиб бориш амалиётга жорий этилган.

Бундан ташқари, Кадастр агентлиги томонидан 2022-2023-йиллар давомида 100 нафарга яқин муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Жорий йилда Агентлик тизимида ходимларга ноқонуний хатти-ҳаракатларни етарлича профилактика ишларини олиб бормаганлиги сабабли 6 та ҳудудий бошқарма бошлиқлари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассисларига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Давлат кадастрлари палатаси коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи бу йўналишдаги камчиликларнинг сабабларни ўз вақтида аниқлаб, чора-тадбир кўрмаганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Соҳада манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича барча ходимларга декларация тўлдириш тизими жорий этилган, ишга қабул қилишда эса шаффофликни таъминлаш мақсадида миллий вакансиялар базасининг (ish.mehnat.uz) сайтларига бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар жойлаштириб келинмоқда.

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (my.mehnat.uz) орқали ходимлар ҳамда ишчиларнинг сони, вакансиялар, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари учун vacancy.argos.uz платформаси орқали ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисидаги маълумотлар ҳам эълон қилиб борилмоқда.

Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан якин ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, кадастрчилар деярли барча йўналишларда орган ходимлари билан биргаликда ишларни амалга оширмоқда.

Юқоридаги ва бошқа шу каби амалий ишлар натижасига кўра Коррупция қарши курашиш агентлигининг Давлат идораларининг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти самарадорлиги рейтингида Агентлик фаолияти 71 балл билан “қониқарли” тоифада деб баҳоланди.

Шу ўринда, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ахборотига эътибор қаратиш зарур: “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни 28-моддасида коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган бўлса-да, кадастр соҳасида муқаддам судланган шахслар фаолият олиб бораётганлиги ва яна такрор жиноятлар содир этаётганлиги маълум бўлди. Биргина фирибгарлик йўли билан пора беришга далолат қилиш ва пора бериш жиноятини содир этган 127 нафар шахснинг 33 нафари ёки 26 фоизи муқаддам шу каби жиноятларни содир этганлиги учун судланган - деб маълумот берилмоқда.

Ўрганишлар, тегишли тузилма ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлил этилганда, муқаддам судланган, жиноят содир этган ёки жавобгарликка тортилган бирорта ходим 2022-2023-йилларда тизимга ишга қабул қилинмаганлиги маълум бўлди, бу бўйича етарлича асосларимиз бор.

Тўғри, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган, бироқ, ушбу талаблар мазкур қонуннинг 3-моддасига асосан 22-моддасига мувофиқ давлат реестрига киритилган лавозимларга жорий этилади деган меъёрлар ҳам киритилган. Ваҳолангки, бугунги кунга қадар давлат реестрига киритилган лавозимлар рўйхати бирор бир ҳужжат билан тасдиқланиб, қонуний асоси яратилмаган.

Хулоса ўрнида, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан Кадастр агентлигининг имижига, шу соҳада фидойилик билан меҳнат қилаётган ходимларни ишчанлик кайфиятига таъсир кўрсатадиган, аниқ таҳлилларга асосланмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз.




Report Page