Кадастр агентлиги томонидан сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар.
Кадастр агентлиги Ахборот хизматиБугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори Ф.Умаров Кадастр агентлиги томонидан сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Фазлиддин Умаров:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тасдиқланган “Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар режаси”да белгиланган топшириқларни ижро этиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилди.
Ушбу топшириқ асосида амалга ошириладиган ишларни 2 та йўналишга бўлган ҳолда олиб бормоқдамиз.
Биринчи, бевосита кадастр идоралари фаолиятига боғлик бўлган масалалар, иккинчи, Сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ишларида ваколатли идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар.
Мазкур вазифани бажариш учун аввало Кадастр агентлиги масъулларидан иборат доимий ишчи штаб ташкил қилинди.
Худди шундай ишчи штаблар вилоятлар ва туманлар миқёсида ташкиллаштирилди.
Ишчи гуруҳи фаолияти бўйича кунлик мониторинг тизими жорий қилиниб, амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар, уларни бартараф қилиш масалалари доимий муҳокама қилиб борилди.
Ўтган давр мобайнида:
1. Сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ишлари жорий йил бошидан бошланиб, йил бошидан бери ташаббус асосида (фуқароларнинг аризаларисиз) 2 129 162 та хонадонларга уй рақамлари берилди. Берилган рақамларни хонадонларга илиш ишларини ташкиллаштириш мақсадида, Кадастр агентлигининг туман бўлимлари томонидан ҳар бир МФЙга рақам берилган хонадонлар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди.
2. Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан фуқароларнинг яшаш манзилларини хатлов қилинадиган турар жой тоифасидаги 6 949 596 та кўчмас мулклар рўйхати шакллантирилди. Ушбу маълумотлар ИИВнинг “Хатлов” ва “Манзил” ахборот тизимидаги хонадонларнинг тўлиқ рўйхатини ва актуал манзилларини таъминлаш мақсадида ИИВга тақдим этилди.
Бу ишларимизда Кадастр агентлигининг “Кўчмас мулк” маълумотлар базаси ИИВнинг ахборот тизимларига интеграция қилиниб, ҳар бир кўчмас мулк бўйича ўзгаришлар тўғрисида онлайн маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди. Бунинг учун алоҳида сервер ажратилди, бунинг натижасида кунлик 200 мингдан ортиқ электрон сўровларга ўз вақтида узлуксиз жавоб бериш имконияти яратилди.
3. Туман (шаҳар) ҳокимиятлари томонидан тақдим қилинган маълумотларга асосан республика бўйича жами 10 761 та сайлов участкаси дислокацияси ва чегаралари ArcGIS дастурига туширилиб, электрон хариталар яратилди ва сайлов участкаларининг электрон геоахборот маълумотлар базаси яратилди.
4. Сайлов участкаларининг электрон геоахборот маълумотлар базаси СЖБАТ/СЯЭР тизими билан интеграция қилиниб, ҳар бир сайлов участкаларига кирган хонадонлар рўйхати тўғрисидаги кунлик маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди.
Шунингдек, “Сайлов-2021” расмий веб-саҳифаси билан ҳам интеграция қилиниб, расмий саҳифада сайлов участкаларининг интерактив электрон харитасини яратиш ишлари амалга оширилди.
5. Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологияларни ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ва бошқа масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида Сайловчилар рўйхати қарийб тўлиқ инсон омилисиз, электрон тарзда шакллантирилиши таъминланмоқда.
6. Жойларда маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла вакиллари, ички ишлар профилактика нозирлари ҳамда ҳудудий кадастр идоралари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, рўйхатда шаклланмай қолган сайловчиларни тегишли сайлов участкаларига бириктириш учун сайловчиларнинг яшаш манзили бўйича кадастр рақамларига аниқлик киритилиб ишчи гуруҳларни зарурий ахборотлар билан оператив таъминлаш чоралари кўриб борилмоқда.
7. Сайловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Saylovharitabot махсус Телеграм бот дастури ишлаб чиқилди. Ушбу бот дастури ёрдамида сайловчилар ўзларининг сайлов участкаларини аниқлаш ва бориш йўлларини билиб олишлари мумкин. Бугунги кунда ушбу Телеграм бот дастуридан 300 мингдан ортиқ сайловчилар фойдаланишди.