Кабутарли макон

Кабутарли макон


«Пири Сиддиқ» мажмуасининг олдинги кўриниши

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги “Йўрмадўз” маҳалласидаги
“Пири Сиддиқ” мажмуаси, 18 асрнинг ўрталарида қурилган. Мажмуанигг яна бир номи “Кабутарли мозор” деб номланган ушбу муқаддас зиёратгоҳ ҳовлисида учиб юрган жуда кўп кабутарларга кўзингиз тушади. Айтишларича, уларга яхши ният билан дон тутган кишининг кўнглидаги тилаги ижобат бўлар экан. Бу кўп бора исбот топган ҳақиқат. Одамлар эзгу ниятлар умидида, яъни дардига шифо сўраб, бефарзандлар фарзанд тилаб, кимдир ишини ривожини парвардигордан сўраб бу ерни бир сабабчи билиб, шу азиз масканга келишади.

Кабутарлар бу қадимий масканни ўзларига макон этишган

Бу қутлуғ даргоҳнинг “Пири Сиддиқ” мажмуаси “Кабутарли мозор” деб номланишининг ўзига яраша ҳикмати бор. Мазкур табаррук масканга не- не улуғ бобокалонларимизнинг қадамлари етган. Муборак заминда улуғ аждодимиз фиқх илмининг султони Бурҳониддин Марғилоний Ал Риштонийнинг чиллахоналари жойлашган. Яна бир даҳмада биринчи халифа ҳазрати Абу Бакр розиёллоҳу анҳу бобомизнинг авлодлари дафн этилган.
Бурҳониддин Марғилоний Ал Риштоний бобомиз милодий йил ҳисобида 1123 йил 23 сентябр кунида таваллуд топганлар. Оталари косибчилик билан шуғуллангани учун бобомиз ҳам косибчилик ҳунарини мукаммал эгалладилар. Амакилари ҳазрати Ҳисомиддин илмли, зиёли инсон бўлиб улардан илму маърифатни ўргандилар. Ана шу билим бир мақомга етганида 1178 йили, яъни XII асрда ушбу чиллахонага ташриф буюриб, чилла ўтириб, 13 йил кетма-кетига рўза тутиб, 13 йил давомида буюк асар “Ал Ҳидоя” асарини ёзганлар. “Ал Ҳидоя” ислом шариати қонуни аталиб, ҳозирда бутун ислом мамлакатларида нодир дарслик сифатида фойдаланилмоқда.
Бурҳониддин Марғилоний бобомиз 1197 йили муборак 74 ёшларида вафот этиб Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонига дафн этилганлар.

Бу гўша Иккинчи жаҳон уруши даврида эвакуация қилинганларга бошпана бўлган

Бу муқаддас даргоҳдаги кейинги даҳмада тарих манбаларига асосан, IX асрда Саудия Арабистонидан буюк халифа Абу Бакр Разиёллоҳу анҳунинг авлодлари, ака-сингил Шожалил ва Пошшабибилар шу муаззам даргоҳга келадилар. Улар бу ерда яшаб одамларни ислом динига даъват этишади. Улар ўзлари билан бирга икки ўргатилган оқ кабутарларни ҳам олиб келишган. Ўша кабутарлар асрлар давомида кўпайиб, бу ерни манзилу макон айлашган. Улардан ҳозирга қадар 3000 тадан ортиқ кабутарлар тарқаган.
Шунинг учун ҳам бу зиёратгоҳни қадимдан “Кабутарли мозор” деб атаб келишган. Ёзма ҳужжатларда “Пир Сиддиқ” номи билан қайд этилган мажмуа вақтлар ўтиши билан унинг атрофида масжид, минора, мақбарали ҳовли, дарвозахона ҳамда каптархонадан иборат архитектура комплекси пайдо бўлган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мақбара тўғри бурчак шаклида бўлиб пештоқ, равоқли, сағанали, тўртбурчак хона билан уйғунлик ҳосил қилади. Мақбара ичида иккита узунлиги 5 метрли қабрлар мавжуд. Улар қайд этилганидек Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг авлодлари Шожалил ва Пошшобибиларнинг мозори саналади.

Мажмуа гумбазларида ҳам кабутарларни кўриш мумкин

Собиқ мустабид тузумнинг сиёсати диний меъморий ёдгорликлари қатори бу табаррук масканга ҳам ўз зарарини етказди. Мажмуанинг дарвозахонаси орқасидаги икки қаватли бино бузиб ташланди. Натижада дарвозахона пештоқи жиддий зарарланиб, ярим вайрона ҳолатига тушиб қолди. Мажмуанинг сақланиб қолган бинолари эса омборхона сифатида фойдаланилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эса бу биноларга Россиядан эвакуация қилинган аҳоли жойлаштирилган.

Ҳозирда мазкур мажмуа Фарғона вилоятининг эътиборга молик қадамжоларидан бири ҳисобланади ҳамда давлат муҳофазасига олинган.

Истиқлол йилларида, яъни Марғилоннинг 2000 йиллик юбилейи арафасида биринчи Президент қарорига асосан бу муқаддас қадамжо ободонлаштирилиб кенг кўламда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.


Бизни телеграмда кузатиб боринг:

t.me/far_archive

Report Page