КУЗ-ҚИШ – СИНОВЛИ ПАЛЛА

КУЗ-ҚИШ – СИНОВЛИ ПАЛЛА


Табиий газ бориши қийин бўлган ҳудудларга суюлтирилган газни ўз вақтида узлуксиз етказиш, айниқса, куз-қиш мавсумида бу борада муаммо бўлмаслигини таъминлаш газ таъминоти корхоналари олдида турган асосий вазифалардан ҳисобланади. Бугунги кунда Навоий вилояти бўйича жами суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 97 118 нафарни ташкил қилиб, шундан 90 088 нафар истеъмолчига шартнома асосида газ баллон етказиб берилади. Қолган 7030 нафар истеъмолчи эса Учқудуқ шаҳридаги ГПУ, яъни газ қувурлари орқали (табиий газ кўринишида) суюқ газдан фойдаланади. 

“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йил куз-қиш мавсуми даврида етказиладиган суюлтирилган газ режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, истеъмолчиларга 2020 йилнинг тўртинчи чораги давомида жами 7859 тонна, 2021 йилнинг биринчи чораги давомида эса 3824 тонна суюлтирилган газ етказиш режалаштирилган. Мазкур фонд ҳар бир туман ва шаҳаргаз газ таъминоти бўлимларига истеъмолчи сонига қараб ажратилади ва маиший газ баллонлар ҳам шунга кўра шакллантирилади.

“ - Вилоятнинг Учқудуқ, Томди, Нурота ва Конимех туманларидаги суюлтирилган газ итеъмолчилари, асосан, чўллик ерларда истиқомат қилади. Куз-қиш мавсумида ушбу ҳудудларга газ баллонларни вақтида етказиш қатор мураккабликларни туғдириши, табиий. Бунинг олдини олиш мақсадида филиалга қарашли транспорт воситаларининг созлиги, маиший газ баллонларнинг тўлиқ яроқли эканлигини мунтазам назоратга олиш кўзда тутилган”, - дейди филиалнинг суюлтирилган газ бўлими муҳандиси Улуғбек Нуримов.  

Айтиш керак, жорий йилнинг сентябрь ойида суюлтирилган газ етказиб бериш режаси 1272,25 тоннани ташкил этиб, улар филиалга қарашли газ баллонлар ташувчи, ойлик қуввати 1 478,0 тонна бўлган 30 та транспорт воситасида вилоят истеъмолчиларига ўз вақтида етказилмоқда. Қизилтепа тумани ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Умар Раҳмонов бу борадаги фикрларини бизга қуйидагича баён қилди:

“ - Туманда айни вақтда суюлтирилган газ йўналишида ҳеч қандай мурожаатлар бўлгани йўқ. Соҳа ходимлари аҳолига маиший газ баллонларни ўз вақтида етказишади. Яқинда “Ғардиён” маҳалласига хизмат юзасидан бориб, туман газ таъминоти ходимларининг газ баллон тарқатиш ишларини тонг саҳардан бошлаганларини кўриб ҳайрон қолдим. Улар учун иш соати эмас, унуми муҳим эканлиги туман фаоли ва бир истеъмолчи сифатида менга манзур бўлди.

Куз-қиш мавсуми барча коммунал тармоқлар сингари газ таъминоти тизими учун ҳам синовли палла ҳисобланади. Шу боис, филиал, унинг барча шаҳар ва тумангаз бўлими масъул ходимлари мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида маиший газ баллонлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.

“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали матбуот хизмати 



Report Page