КУШОН МУЛКИНИНГ ШОНЛИ КЕЧМИШИ

КУШОН МУЛКИНИНГ ШОНЛИ КЕЧМИШИ


Тошкентда “Далварзин олтинлари” намойиш этилмоқда

Ватанимиз ҳудудида минг йиллар давомида ўнлаб сулолалар, юзлаб шоҳу султонлар ҳукмронлик қилди. Улар аллақачон тарих пардаси ортига чекинган бўлса-да, ўзларидан озми-кўпми из қолдирди, яхшими-ёмонми, ном қолдириб кетди.

Ана шундай қудратли давлатлардан бири эрамизнинг I-IV  асрларида  ҳукмронлик қилган Кушон подшоҳлиги эди. Ушбу салтанат ҳудудида ўз даврида 60 миллион киши, аниқроғи ўша пайтда Ер шари аҳолисининг 20 фоизига яқини истиқомат қилган. 400 йил ҳукм сурган Кушон давлатида савло-сотиқ, ҳунармандчилик, архитектура ва маданият гуллаб-яшнаган. Мамлакат халқи турли тилларда гаплашган,  турли динларга эътиқод қилган, буддавийлик, зардўштийлик ва ҳинд ибодатхоналари  қад ростлаган.

        Ўтган асрда юртимиз жанубида олиб борилган археологик тадқиқотлар Кушон даврига оид жуда кўп сир-синоатларни кашф этиш имконини берди. Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳудудида Далварзинтепа, Фаёзтепа, Кампиртепа, Холчаён сингари тарихий қадамжолар, шунингдек, қўшни Афғонистон, Тожикистон ҳудудидан топилган ҳайкалчалар, тангалар, уй-рўзғор буюмлари, тақинчоқлар Кушон подшоҳлиги ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий, ҳам маданий жиҳатдан жуда катта салоҳиятга эга бўлганини тасдиқлайди.

                                     Кушонлар ким эди?

Искандар Мақдуний салтанатининг вориси ўлароқ юзага келган Юнон-Бақтрия давлати инқирозга юз тутган бир пайтда Шарқдан юэчжилар аталмиш қавм кириб келади ва унинг етакчилари минтақада бошқарувни қўлга олишади.

Баъзи манбаларда юэчжиларнинг Гарай исмли саркардаси ушбу давлатга асос солгани айтилса, бошқа маълумотларга кўра, милодий 20-йилда Гуйшуан қабиласи етакчси Кудзула Кадфиз бешта йирик қабилани бирлаштириб,   тахтга ўтириши билан Кушон салтанатига асос солинган.  

Кушонларнинг келиб чиқиши, тили ҳақида ҳозир ҳам турли фикрлар мавжуд. Кўпгина олимлар уларнинг тили шарқий-эроний тиллар гуруҳига мансуб бўлган, деган фикрда. Улар туркларнинг қадимий аждодлари эканлиги ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Чунки, Кудзула Кадфиз шоҳлар-шоҳи – «ябғу» унвонига сазовор бўлган. Бу Шарқий турк ҳоқонларининиг ҳам унвони саналган. Маҳмуд Кошғарийнинг ”Девону луғотит-турк” асарида изоҳланган туркий «ябғу» атамаси Кушон тангаларида  ҳам учра        йди. Бу муҳим далил Кушонлар асосан туркий халқлар бирлашмасидан иборат бўлганини кўрсатади.

Кушон шохи кейинчалик қўшни ҳудудларга юриш уюштириб, Хиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмини забт этади, Амударё бўйлари, Кобул, Қандахор, Парфия, Афғонистон ва Кашмирни қўлга киритади. Шу тариқа Кушон сулоласи даврида Ўзбекистон давлатчилиги тарихида илк йирик империя даражасига  кўтарилади. Милоднинг 1-асри бошларига келиб, Кушон давлати ўз аҳамиятига кўра Рим билан рақобатлашадиган қудратли ва забардаст давлатлардан бирига айланади.

Кудзула Кадфиздан кейин тахтга ўтирган Вима Кадфиз ҳукмронлиги даврида Кушон салтанати то шимолий-ғарбий  Ҳинистонга қадар бўлган ҳудуддарни эгаллади. Тез орада Бақтриядан то Ҳиндистон яриморолигача бўлган ҳудудда қудратли давлат юзга келади. Вима Кадфиз шаънига Ҳиндистоннинг Матҳур шаҳрида тош ҳайкал қад кўтаради.

Кушон шоҳлари шажараси ҳам турли манбаларда турлича берилган. Масалан тарихчи Л.Э.Боронкова талқинига кўра, мамлакатни икки аср мобайнида Куджула Кадфиз (Кадфиз I) (20 — 80), Вима Кадфиз (80 — 103), Канишка (103—125), Васишка (125—131), Хувишка (131 — 162), Васудева (166—200) сингари ҳукмдорлар бошқаришган.

Афсуски, тўрт аср давом этган Кушон давлати ҳақидаги ёзма манбалар жуда оз. Бу давлат ҳақида хитой, арман, форс манбаларидан олинган айрим маълумотлар, шунингдек қадимий битиклар, археологик топилмалар, ҳайкаллар, тангалардаги битиклар муайян тасаввур беради, холос.

   Диний бағрикенглик ифодаси

Кушон давлати ҳудуди, хусусан Сурхондларё ҳудудидан топилган топилмалар бу давлат ҳудудида бир қатор диний эътиқодлар мавжуд бўлганини кўрсатади.

Маълумки, Кушон давлати қарор топа бошлаган пайтда мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида зардўштийлик тарқалган эди. Кушон ҳукмдори Канишка даврига келиб, бутун мамлакат ҳудудида буддавийлик  давлат дини сифатида ўрнатилади. Бу ерларга диний ақидалар билан бирга буддавийлар санъати кириб келади. Шу даврларда Термиз ва унинг девори атрофида буддавийлар ибодатхоналари, хонақохлари ва бошқа иншоотлар қурилади. Термиз буддавийликнинг муқаддас зиёратгоҳларидан бирига айланади.

Шунга қарамай, мамлакат ҳудудида ҳар ким ўзи истаган динга эътиқод қилгани  кўриниб турибди. Чунки бу ҳудудлардан Будда ибодатхоналари қолдиқлари, буддавий  ҳайкаллар билан бирга зардўштийлар   дахмалари, науслар  ҳам топилган.

Маълумки, зардўштийлар  жасадларни ерга кўмишмаган, куйдиришмаган, сувга оқизишмаган. Шу боис жасадлар махсус тепаликларда қузғунларга ёки махсус ўргатилган итларга ем қилинган. Суякларни эса остадонлар – оссуарийларга солиб, наусларда дафн қилишган.  

1993 йилда Афғонистон ҳудудидаги Работак манзилгоҳидан топилган, Канишка 1 (78-123)  ҳукмронлиги даврида яратилган битиктошда  зардўштийлик ва ҳинд худолари номи ёнма-ён тилга олинади. Бу мисолларнинг барчаси икки минг йил аввал ҳам юртимиз ҳудудида диний бағрикенглик сиёсати юритилганини кўрсатади.

Нафақат диний эътиқод, архитектура, санъат ва маданиятда ҳам Кушон давлати ҳудудида турли тамаддунлар ўзаро уйғунлашганини кўриш мумкин. Буни юртимиз ҳудудида топилган турли ҳайкалларда, фризларда, тақинчоқлардаги тасвирларда ҳам кўриш мумкин.


                           Дунё устунларидан бири

Кушон салтанати монархияга асосланган бўлиб, давлат бошлиғи – подшоҳ жуда катта мавқе ва ваколатга эга бўлган. У олий коҳин ҳисобланиб, подшоҳ ҳузуридаги оқсоқоллар кенгаши маслаҳат берувчи орган сифатида фаолият юритган. Оқсоқоллар кенгашида подшоҳнинг яқин қариндошлари, ишончли кишилари ва уруғ бошлиқлари иштирок этса-да, шахсан унинг ўзи қонун ва фармонларни мустақил қабул қилган.

Кушон давлати ҳудудининг кенгайиб, сиёсий-ҳарбий салоҳиятининг ўсиб бориши билан бирга тангаларда «шоҳ», «шаҳаншоҳ» атамаси кўп учрайди. Бундай ўзгаришлар давлатнинг ҳарбий қудрати кўпчилик мамлакатлар томонидан тан олинганини билдиради. Бир қатор тарихий манбаларда Кушон салтанати дунё устунларидан бири сифатида эътироф этилади.

Давлатни бошқариш санъати кўпроқ подшоҳ Канишка томонидан такомиллаштирилган. У ўзидан олдинги бошқарув анъаналарини давом эттирдган. Вилоят ва шаҳарлар подшоҳнинг ноиблари томонидан бошқарилган. Улар олий ҳукмдорга сўзсиз итоат этиб, доимий равишда давлат хазинасига ўлпон тўлаб турган.

Вима Кадфиз ҳукмронлиги даврида  савдо-сотиқ монополиясини кенг йўлга қўйиш ниятида пул ислоҳоти ўтказилган. Олтин тангалар зарб этиб, ташқи савдо ишларини йўлга қўяди. Савдода жорий этилган олтин тангаларнинг оғирлиги 8 граммни ташкил этиб, Рим тангаларининг оғирлигига тенг келар эди.

        Кушонлар даврида зарб қилинган тангалар Италия, Скандинавия давлатларидан ҳудудидан топилиши ушу мамлакатларнинг савдо алоқалари қамрови кенг бўлганидан дарак беради. Пул ислоҳоти, бевосита солиқ сиёсати ва савдо-сотиқнинг ривожланиши натижасида Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқа қарам давлатларда катта-катта шаҳарлар барпо этиш имконияти пайдо бўлади. Кушон давлатидаги барча йирик шаҳарларда гўзал иншоотлар, саройлар, ибодатхоналар, турли сайлгоҳлар, ҳашаматли бинолар қурилган.

        Археологик тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, Кушон давлатида хусусан, Канишка ҳукмронлиги даврида,  ижтимоий-иқтисодий муносабатлар анча равнақ  топган. Бу даврда Ўрта Осиёнинг деярли барча ҳудудларида суғорма деҳқончилик билан бирга чорвачилик ҳам ривожланган. Хоразмда, Зарафшонда кўплаб суғориш иншоотлари қурилган. Ўша даврда дунёнинг илғор мамлакатлари ҳисобланмиш Рим, Парфия ва Хитой билан тенгҳуқуқли  савдо муносабатлари йўлга қўйилган. Канишка 1 ҳукмронлиги даврида Кашмир вилояти ҳудудида Канишкапур шаҳри қад ростлаган.

        Кушоннинг кўп сонли яхши қуролланган қўшини салтанат таянчи ҳисобланган. Ҳисоб-китобларга кўра, салтанатнинг умумий ҳарбий қудрати фақат 450-600 минг аскар ва 200 минг нафар отлиқни ташкил этган, уларни сақлаш учун ҳар бир иттифоқ аъзоси – Хоразм, Қанғ, Чоч, Кеш, Давань хонликлари йилига 130 талант - 3300 килограмм олтин миқдорида аъзолик бадали тўлаганлар.

        Бироқ, Кушон салтанати милодий III асрнинг бошларига  келиб анча заифлашиб қолади. Қўшни Сосонийлар билан тинимсиз урушлар Кушоннинг инқирозини янада тезлаштиради. Мазкур урушлар натижасида сосонийлар Кушон давлатини мағлуб қилиб, унинг салмоқли  ҳудудини забт этади. 240 йилда Кушон давлатининг катта қисми сосонийлар бошқаруви остига ўтади. Кушон шоҳи сосонийларга вассаллигини тан олади. IV аср ўрталарида Балхда кидарийлар давлатининиг қарор топиши билан мамлакатнинг жанубий ҳудудлари ҳам қўлдан кетади.

Гарчи кейинги бир аср давомида Кушон салтанати ўзини тиклашга бир неча бор уринган бўлса-да, кейинчалик эфталитлар (оқ хунлар)нинг давлат тепасига келиши билан, Кушоннинг сўнгги кучлари ҳам батамом енгилади. Аммо, Кушон цивилизацияси, маданияти ва қадриятлари узоқ асрлар давомида яшаб қолди.


Кушон олтинлари қаерла?

        Кушон давлати чиндан ҳам жуда бой, қудратли эди. Шу боис, уларнинг хазиналари турли мамлакатларни, сулолаарни қизиқтириб келди. Албатта, турли урушлар, истилолалар пайтида уларнинг катта қисми талон-тарпож қилинган.

1972 йилда Далварзинтепа ҳудуди ўзбек олимлари, тадқиқотчилари ва талабалардан иборат экспедиция Термизга юборилади. Улар орасида Б.Турғунов, Г. Пугаченкова, Э.Ртвеладзе сингари таниқли археолог ва тарихчилар бор эди.

Ўша йилнинг 25 сентябрь куни ўзбек археологлари мамлакатимиз ҳудудидан топилган биринчи энг йирик хазинани қўлга киритишади. Асрлар орасида тупроқ қатларида ётган сопол кўза ичидан умумий вазни  36 килограмдан ортадиган 115 дона тилла буюм топилади.

        “Аср топилмаси” турли шаклдаги қуйма ёмбилар, гардиш буюмлар, эркак ва аёлларнинг тақинчоқларидан иборат эди. Юнон-Бақтрия заргарлик санъатининг намунаси – олтин пекторалнинг  ўртасида афсонавий шер  бошини ушлаб турган Гераклнинг бўртма расми туширилган. Санъаткорона ишланган қуббали узукнинг марказида номаълум  йиртқич ҳайвон тасвири мужассам. Унинг четига қимматбаҳо тошлар қадалган. Текширувлар натижасида бу хазина Кушон салтанати даврига тегишли экани ойдинлашди.

Шу пайтга қадар бу бебаҳо хазина юртимиз хазинахоналарида эҳтиёткорлик билан сақлаб келинган. Жорий йилнинг август ойида юртимизда ўтказилиши белгиланган «Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар» мерос ҳафталиги доирасида «Далварзин хазинаси» кўргазмаси ўтказилмоқда.

Ўзбекистоннинг турли музейларидаги Кушон даврига алоқадор экспонатлар биринчи марта ягона экспозицияда намойиш этилади.




Report Page