КУМУШ ЙИРТИҚНИНГ ЖОСУС УЙИ
Оврўпа совуғидан қочиб декабр ойида Африкада юрибман. Оварзазет шаҳрини араблар «жаҳаннам дарвозаси» деб ҳам атайди. Чунки бу шаҳар Саҳара биқинида жойлашган. Ўша шаҳарда «Иқбол» деган кафени кўриб қолдим. Урганчда ҳам «Иқбол» деган кафе бор эди. Бориб бир столга ўтириб «чой чақирдим» (Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романида Йўлчи чой чақиргани каби).

Ялпизли мағриб чойи ўзгача бўлади. Хизматчи бола келиб чойнак ичига бир сиқим ялпиз ва бир болға катталигида оққандни солади. Кейин бир қўли билан чойнакни максимум баланд кўтариб столдаги стаканга "чоптиртиради" Тўчний нишонга олиб жўмракдан қайноқ чой оқимини стакан ичигга тушириш жоиз. Бу энди бир ритуал, фокус, цирк..
Чойни ичиб ўтирсам бир йигит келиб «меҳмон, хуш кўрдик¸ қаëқдан сўраймиз энди сизни» дея французча гапирди.
Танишдик. Исми Жаъфар экан. Оварзазетдаги «Атлас» кинонстудиясида бутафор рассом.
Менам рассомманку. Билла расмга тушдик. Икки кишилик селфи.
Шу билан чойди ичиб, ҳайр-маъзурди қилиб Рашидни уйига қараб кетдим. Рашид бу шаҳарнинг ўлчови бўйича бой одам. Шкода мошини ва учта квартираси бор. Шуларни вақтинча ижарага беради. Немисча гапиради.«Ока, кам-кўст йўқми, қорин оч бўлса ярим коса ҳарира чиқарворай» дейди. Ҳарира – бу араб ўлкаларида ичганим энг арзон ëғвон. Нўхатли шўрва. Негадир бу шўрвани хурмо ва повидло мураббо билан ейишади занғарлар.
Рашидга «найн» деб уйга келиб тошдай қотдим. Иссиқда одам лоҳас бўлади.
Эрталаб Рашид эшигимни қоқиб менга қоғозга ëзилган телефон рақамини берди: «Ока, шунга қиворинг» деб.
Ëт элда кимгадир танимаган одамга телефон қилинмайди. Одам қўрқади.
«Ану художник бача, Жаъфар ташаб кетди бу нўмерди» деди Рашид.
Телефон қилиб салом бердим. Қаранг,«Жаҳаннам дарвозаси» деган ит топмас шаҳарда иштихонлик ўзбек опош яшар экан. Исми Кумуш.
«Мен туғилган йилим «Ўткан кунлар» киноси чиққан экан. Отам шунга хавас қилиб Кумуш қўйган исмимни»деди трубканинг нарëғидаги қўнғироқдек сас.
Кино 1969да олинган. Бу опа 1970 да туғилиб энди кампир мартавасигаям етишиб қопти, алхамдулилло.
Кумуш опош билан «Иқбол» кафесида учрашдик. Эри билан келибди. Эрини оти Дамир (Темир) – одиëмонлик турклардан.
«Қизим туғилганида ўзбекларга ҳам туркларга ҳам тушунарли бўлсин деб Олтиной қўйдик» деди Кумуш опа.
Оилани отини металлолом десак ҳам бўларкан. Кумуш, темир, олтин...
Кумуш опош визитка узатди» ДР. арх. Кумуш Йиртиқ» деб ëзилганди. Вай билат, шу кам эди. Йиртиқ блин...
Шу пайтгача жим ўтирган эр, яъни Кумуш опошни эри тилга кирди.
«Йиртиқ менинг фамилиям. Кумушни фамилияси Турдибекова. Лекин бу ернинг никоҳ қонунига кўра хотин эрнинг фамилиясига ўтиши мажбурий процедура экан. Ота-бовом кўчама-кўча юриб Одиëмонда чит сотган. Ҳамма қайчи билан қийиб сотса, бобом жарт этказиб йиртиб сотган. Шунда ҳамма уни йиртиқ деган. Бу исм фамилия бўлиб бизга ўтди. Куладиган жойи йўқ...»
Кулганим йўқ, обий. Астофуриллох. Чўх, аммо чўх мукаммал. Тўрт-тўртлик каби мухташам сўй исм дея озроқ тилëғмалиик қилиб куëвни кўнглини олдим.
Кумуш опа ўз ҳикоясини айтиб берди. Йиллар давомида ўн қайталаб айтилуб сайқалланиб кеткан ҳикоя каби туюли менга:
«Ўнинчи классни олтин медалга битирдим. Юрфакка кираман, прокурор бўламан десам отам-энам унамади. Қўй, қарғиш оласан, болам деб. Бўлмаса, рассом бўламан дедим. Рассомлар оч гадой бўлиб гала-гала юрибди деб мени йўлдан қайтаришди. Самарқандаги архитектурага ўқишга кирдим. 1990 йил эди, Горбачев даври. Очиқлик бошланган кез. Меъмор студентлар ижодини тарғиб қилиш учун Цека велкесем биносида кўргазма бўлди. Мен ҳар иккала тарафида ўрдак шакли бор остановка эскизини таëрлаган эдим. Шуни кўргазмага қўйдим. Айнан шу эскизни Марокашдаги Касабланка архитектура университетидаги кўргазмага юворишди. Биринчи ўрин олдим ва уч ой Марокашда малака ошириш учун стипендия грант беришди. Онам йиғлади, сиқтади. Бўйи етган қизга ҳабашларни юртида бало борми деб. Отам бўлса севиниб, фахрланиб мени кузатди. Олдин Москвага келдим, Москвадан Рабатга учдим. Рабат – бу Марокаш пойтахти. Кейин поездда Касабланкага келиб архтектура институтида «ўқий» бошладим.
Ҳамма француз, араб, испан тилида гапиради. Инглизча билишади. Мен кар-соқов каби эдим. Шу пайт бу кишим билан танишдим. Шу университет арихектура технология соэасида ўқирди. Туркча гапирди. Чала-чулпа тушунгандай бўлдим кейин.»
Шу ерга келганда Кумуш опа шарақлаб кулиб юборди.
Сизни йўлдан уриб обшежитадаги хатасига апкириб аши ишти қилдими бу пазавак деб сўрадим.
«Йўқ. Девона каби ошиқ бўлди. Бир ўрисча биладиган арабни топиб Иштихонга телефон қилдириб қизингизни менга эрга беринг деб совчилик қилди. Онам дод-вой ундақа узоққа берадиган қизим йўқ. Яхши қиз Иштихондан ортмайди деб гапни кесди. Ўшанда мени қайсарлигим тутиб уйдагилар изн бермасаям Дамирга эрга тегдим. Туркиянинг Одиëмонида тўй қилиб олди. Яна Марокашга қайтиб ўқишни бирга давом эттирдик...»
давоми бор