КРИПТОВАЛЮТАЛАР САВДОСИ ҲАЛОЛМИ?

КРИПТОВАЛЮТАЛАР САВДОСИ ҲАЛОЛМИ?

https://t.me/diniysavollar

Савол: Динимизда Биткоин, Ноткоин ва бошқа шу каби криптавалюталарда савдо-сотиқ қилишга муносабат қандай?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Криптовалюта – бу транзакцияларни ҳимоя қилиш ва янги бирликларни яратишни назорат қилиш учун криптографиядан фойдаланадиган рақамли ёки виртуал валюта. Криптовалюталар банк ёки ҳукумат каби марказий ҳокимият томонидан тартибга солинмайди, аксинча улар марказлаштирилмаган, яъни улар компьютерлар тармоғи томонидан бошқарилади.

Шариатимизга кўра криптавалюталарни ўзаро айрбошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш жоиз эмас. Чунки ушбу криптовалюталарда шариатимиз томонидан пулга қўйилган талаблар топилмайди. Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, уларнинг нархини кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги унинг ҳаром эканига асос бўлади.

Динимиз қоидаларига кўра тилла ва кумуш асл пулдир. Қолган кўринишдаги пуллар уларнинг ўринбосарларидир. Улар турли кўринишда, жумладан, электрон бўлиши ҳам мумкин. Лекин улар пул деб ҳисобланиши учун бир қанча шартларга жавоб бериши керак. “Рақамли пуллар” ёки “виртуал пуллар” дейилаётган, нақд кўринишда мавжуд бўлмаган криптовалюталар пулнинг қуйидаги талабларига жавоб бера олмайди ва баъзи хатарларга эга:

1. Криптовалюталарда пул бўлиш талаблари топилмайди;

Пул – тилла ва кумуш ёки уларнинг ўрнини босувчи, маълум бир қийматга эга бўлган, ҳукумат тарафидан тан олинган ва кафолатланган ҳамда инсонлар орасида ўзаро айирбошлаш воситаси сифатида муомалага киритилган нарса (валюта)дир ("Ал-Мавсуатул фиқҳийя ал-Кувайтийя" китоби).

Демак, шариатга кўра, ўзаро айирбошланаётган нарсалар мол ёки пул бўлишлари шарт бўлиб, криптовалюталарда мол ёки пулда топилиши лозим бўлган юқоридаги шартлар мавжуд эмас. Шунинг учун уларни сотиш ёки сотиб олиш жоиз эмасдир.

2. Пул чиқариш давлатнинг ҳаққидир;

Ҳозирда машҳур бўлган криптовалюталарнинг бирортасини ҳам расман давлатлар чиқармаган. Аксарининг эгалари номаълум, нари борса бир-икки шахсдир. Динимиз қоидаларига кўра пулни давлат ишлаб чиқаради. Уни ҳар ким ишлаб чиқаришга ҳаққи йўқ. Машҳур олим Ибн Халдун ўзининг “Муқаддима”сида шундай дейди:

وهي وظيفةٌ ضروريةٌ للملك؛ إذ بها يتميَّز الخالص من المغشوش بين النَّاس في النقود عند المعاملات

“Пул зарб қилиш подшоҳнинг зарурий вазифасидир. Чунки одамларнинг ўзаро муомаласида шу билангина ҳақиқий пул сохтасидан ажралиб туради” (261-бет).

3. Пулни ҳамма қабул қилган, уни ишлатишга ҳамманинг имконияти бўлиши керак;

Криптовалюталар маълум бир тизимга уланган кишиларгина ишлата олади ва ҳозирда ҳамма уни муомала учун қабул қилмайди. Шу жиҳатда у ҳали тўлиқ пулга айланмаган. Савдо-сотиқда маҳсулот (товар) учун тўланадиган нарса пул ёки товар бўлиши лозим. Пулликка ярамайдиган нарса билан тўлов қилинса, бу савдо дуруст бўлмайди ва бекор бўлади. Ундан олинган фойда ҳам ҳалол экани шубҳа остида қолади. 

4. Уларнинг натижаси номаълумлиги;

Криптовалюталарнинг келажаги мавҳум. Унга ҳеч ким кафолат бермайди, ортида турмайди. Эрта-индин йўқолиб кетадими ёки барқарор валютага айланадими, номаълум. Криптовалюталар доимий резерв билан таъминланмаган ва бу уларнинг қиймати кутилмаган пайтда йўқ бўлиб кетишига олиб келади. Бундай валюталар билан савдо-сотиқ қилиш молни хатарга қўйишдир. Динимиз молни бекорга зое қилиш ва хатарга қўйишдан қайтарган.

5. Қийматининг кескин тушиб-кўтарилиб туриши;

Криптовалюталарнинг нархлари кескин кўтарилиб-тушиб туриши ва кўпчилик фақат шу ўртадаги фарқдан фойда кўришга интилиши унда қимор аломатлари борлигини кўрсатади. Яъни, аксар одамлар ўзига керак бирор маҳсулот сотиб олишни эмас, балки нархнинг кўтарилиб-тушишига пул тикишни мақсад қилади. Бу эса савдонинг асосий ғоясига зиддир. Динимиз мусулмонларни қимор ва унга ўхшаш фаолиятлардан ман қилган. Шаръий қоидага кўра:

ما أفضى إلى الحرام فهو حرام

яъни: “Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир” (“Бадоиус саноиъ” китоби).

6. Криптовалюталар савдосида фирибгарлик эҳтимоли катталиги;

Биткоин ва бошқа криптовалюталар ҳамёни эгаси ким эканлигини билиб бўлмаслиги сабабли ноқонуний пул айлантириш ва фирибгарликка йўл очилади. Криптовалюта ўтказмалари банксиз амалга оширилиши ҳам унинг хавфини оширади ва ўтказилган маблағларни қайтариб олиб бўлмайди.

Бугунги кунда халқаро фатво уюшмалари ва фиқҳ академиялари криптовалюталар масаласини чуқур ўрганиб, улар билан савдо қилиш жоиз эмас, деган фатво берганлар. Қуйида уларнинг айримларининг хулосаларини келтириб ўтамиз:

Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг ижтиҳод ва фатво қўмитасининг фатвоси:

Ушбу нуфузли ташкилот томонидан биткоин ва криптовалюталар қилиш борасида баҳс ва муноқашалардан кейин улар билан муомала шаръан жоиз эмас деган қарорни қабул қилган. Жумладан ушбу қарорда шундай дейилган:  

لا يجوز التعامل بعملة البتكوين والعملات الرقمية الأخرى "غير الرسمية" بحالتها الراهنة؛ ولا تداولها، ولا تصنيعها،

“Биткоин ва бошқа "норасмий" рақамли валюталар билан уларнинг ҳозирги ҳолатида муомала қилиш, уларни айрбошлаш, ишлаб чиқарилиши жоиз эмас” (Фатво билан тўлиқ танишиш учун ҳавола: https://iums.me/26607).

Миср фатво уйининг фатвоси:

Мисрнинг марказий Фатво уюшмаси ҳисобланмиш “Миср фатво уйи” томонидан эълон қилинган фатвода криптовалюталар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилган бўлиб, иқтисодчилар ва соҳага алоқадор мутахассисларнинг фикрлари ҳам таҳлил қилинган. Шунингдек ушбу фатвода масаланинг нафақат фиқҳий жиҳати балки иқтисодий салбий томонларини очиб берилган ва хулоса қилиб шундай дейилган:

"وعلى هذا لم تتوفر في عملة "البتكوين" الشروطُ والضوابطُ اللازمةُ في اعتبار العملة وتداولها...، هذا بالإضافة إلى أن التعامُلَ بهذه العملة يترتَّبُ عليه أضرارٌ شديدةٌ ومخاطرُ عاليةٌ؛ لاشتماله على الغرر والضَّرر في أشدِّ صورهما...

وبناءً على ذلك: فلا يجوز شرعًا تداول عملة "البتكوين" والتعامل من خلالها بالبيعِ والشراءِ والإجارةِ وغيرها، بل يُمنع من الاشتراكِ فيها؛ لعدمِ اعتبارِها كوسيطٍ مقبولٍ للتبادلِ من الجهاتِ المخُتصَّةِ، ولِمَا تشتمل عليه من الضررِ الناشئ عن الغررِ والجهالةِ والغشِّ في مَصْرِفها ومِعْيارها وقِيمتها، فضلًا عما تؤدي إليه ممارستُها من مخاطرَ عاليةٍ على الأفراد والدول".

"Биткоинда шариат томонидан пулга қўйилган шартлар ва меъёрлар тўлиқ топилмайди. Шу билан бирга бу электрон пул билан муомала қилишда жиддий зарарлар ва кенг кўламли хатарлар келиб чиқади. Зеро унда чунки у энг оғир шаклларидаги алдамчилик ва зарарни ўз ичига олган...

Юқоридагиларга биноан Bitcoin билан савдо қилиш ва у орқали сотиб олиш, сотиш, ижарага бериш ва ҳоказолар билан шуғулланиш шаръан жоиз бўлмаган амалиётлардир. Балки, ушбу амалиётларда иштирок этиш тақиқланади. Чунки ушбу криптолар расмий ваколатга эга идоралар томонидан мақбул айирбошлаш воситаси ҳисобланмайди. Қолаверса, ушбу электрон пуллар сарфлашда, стандартлашда ва қийматлашда алдаш, жоҳолат ва фирибгарлик натижасида келиб чиқадиган зарарни ўз ичига олган. Шу сабабли унинг амалиёти жисмоний шахсларга ҳам, давлатларга ҳам юқори хавфлар келтириб чиқаради” (Фатво билан тўлиқ танишиш учун ҳавола: http://surl.li/ucekd). 

Ливия фатво уйининг фатвоси:

“Либия фатво уй” томонидан криптавалюталар ҳақидаги фатвода айрим шаръий далиллар келтирилгандан сўнг, шундай хулоса қилинган:

والتعامل بهذه العملات الرقميّة لم يرُج بين الناس رواجا عامّا، وليس لها جهة تضمن قيمتها للناس، بل يعتمد سعرها على المضاربة فيها، وعليه فلا يصح كونها عملة تجري فيها علة الثمنيّة لتمنع فيها الربا أو تجري فيها الزكاة، أمّا حكم التعامل بها بيعا وشراء فإن من شرط صحة عقد البيع ألا يكون مشتملا على الغرر، والتقلبات الكبيرة لسعر هذه العملة تجعل التعامل بها أشبه ما يكون بالقمار، ثم إنها ليس لها جهة رسمية تضمن قيمتها لأصحابها كما هو الحال في الأوراق النقدية. عليه؛ فلا يجوز التعامل بهذه العملات ما دامت على صورتها الحالية، والله أعلم.

“Айни пайтда ушбу рақамли валюталар билан ишлаш одамлар орасида кенг тарқалган эмас ва уларнинг нархини одамлар учун кафолатлайдиган ҳеч қандай расмий доира йўқ. Аксинча, уларнинг нархи улардаги чайқовчиликка боғлиқ. Шунинг учун ушбу электрон пуллар ҳақиқий валюта бўла олмайди. Зеро, уларда судхўрликнинг олдини олиш учун на нарх омили жорий бўла олади ва на закотни қўллаш учун амал қилади. Олди-сотдида улар билан муомала қилишнинг ҳукмига келсак, олди-сотди шартномасининг шаръан дуруст бўлиш шарти шуки, унда ноаниқлик бўлмаслиги лозим. Ушбу электрон пулларда нархнинг катта тебранишлари бу пул бирлиги билан ишлашни қимор ўйинларига ўхшатиб қўяди. Бундан ташқари, банкнотларда бўлгани каби ўз эгаларига унинг қийматини кафолатлайдиган расмий орган ҳам йўқ. шунга бу валюталар ҳозирги кўринишида бўлса, улар билан муомала қилиш жоиз эмас” (Фатво билан тўлиқ танишиш учун ҳавола: http://surl.li/uceuk).

Туркия дин ишлари бошқармасининг фатвоси:

Туркия дин ишлари бошқармаси Биткоин каби криптовалюталар ҳақида фатво чиқарган биринчи шаръий ташкилот ҳисобланади. 2017 йилда эълон қилинган ушбу фатвода жумладан бундай дейилган:

“Kullanıcılar arasında değişim ya da kıymet ölçüsü olarak genel kabul gören, kaynağı itibariyle kullanıcılara güven veren her türlü paranın kullanımı caizdir.

Bu noktada önemli olan husus, para olarak bilinen değişim aracının kendi özünde yani üretim şeklinde, sürüm aşamalarında ve muhataplık niteliğinde büyük belirsizlik (garar) içerip içermemesi, bir aldatma (tağrir) aracı olarak kullanılıp kullanılmaması ve belli bir kesimin haksız ve sebepsiz zenginleşmesine vesile olup-olmamasıdır.

Son yıllarda ortaya çıkan ve birçok çeşidi bulunan kripto paralardan her birini kullanmanın hükmünü yukarıdaki genel ilkeler doğrultusunda değerlendirmek gerekir.

Buna göre kendi özünde ciddi belirsizlikler taşıyan, aldanma ve aldatma riski ileri düzeyde olan, dolayısıyla herhangi bir güvencesi bulunmayan ve kamuoyunda saadet zinciri olarak bilinen uygulamalar gibi belirli kesimlerin haksız ve sebepsiz zenginleşmesine yol açan kripto­ paraların kullanımı caiz değildir”.

Яъни: “Фойдаланувчилар ўртасида алмашиш ёки қиймат ўлчови сифатида қабул қилинган ва келиб чиқишига кўра фойдаланувчиларга ишонч бағишлайдиган ҳар қандай турдаги пуллардан фойдаланишга рухсат берилади.

Масаланинг энг муҳим томони, пул деб аталаётган айирбошлаш воситаси ўз моҳиятида, яъни ишлаб чиқариш шакли, чиқариш босқичлари ва унга мурожаат қилиш жараёнида мавҳумликни (ғарар) ўз ичига оладими, йўқми, ундан алдаш воситаси сифатида фойдаланиладими, йўқми, маълум бир гуруҳнинг ноҳақ ва асоссиз бойишига сабаб бўладими, йўқми, шу жиҳатдадир.

Сўнгги йилларда пайдо бўлган кўп турдаги криптовалюталарнинг ҳар биридан фойдаланиш жоиз ёки жоиз эмаслик ҳукмини юқоридаги умумий тамойилларга кўра эътиборга олиш керак.

Шунга кўра, ўз моҳиятида жиддий мавҳумликларни ўз ичига олувчи, алданиш ва алдаш хавфи юқори бўлган, шунинг учун ҳеч қандай кафолатга эга бўлмаган, молиявий пирамида сифатида маълум бўлган ва айрим гуруҳларнинг адолатсиз ва асоссиз бойиб кетишига олиб келадиган криптовалюталардан фойдаланиш жоиз эмас” (Фатво билан тўлиқ танишиш учун ҳавола: http://surl.li/udwdr). 

Хулоса қилиб айтганда криптавалюталар савдоси билан шуғулланиш, уларни пул сифатида ўзаро айрибошлаш ёки улар билан товарларни айрибошлаш шаръан жоизмас.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган рамзий “пул”лар вақт ўтиши билан шариатимиз манбаларига мувофиқ товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкин. Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мўмин мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

إنَّ الحلالَ بيِّنٌ وإنَّ الحرامَ بيِّنٌ وبينهما أمورٌ مُشتبِهاتٌ لا يعلمهنَّ كثيرٌ من الناس فمنِ اتَّقى الشُّبُهاتِ استبرأ لدِينِه وعِرضِه، ومن وقع في الشُّبهاتِ وقع في الحرامِ...

“Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар буни билмайдилар. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини пок сақлайди. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади...” (Имом Бухорий ривояти).

Зарурат бўлса, криптовалюталарнинг ўрнини босадиган рақамли пулларни расмий доиралар муомалага киритиши мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Report Page