КОРРУПЦИЯ – ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ДАХЛ ҚИЛУВЧИ ИЛЛАТ

КОРРУПЦИЯ – ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ДАХЛ ҚИЛУВЧИ ИЛЛАТ


Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида вилоят суди раиси ва судьяларининг талабалар билан учрашуви ташкил этилди. “Коррупция – ривожланишга тўсиқ” мавзуидаги мулоқотда тараққиётга тушов бўлувчи иллатнинг ёшлар келажагига, мамлакат тақдирига нечоғли дахл қилиши хусусида сўз юритилди.

Албатта, юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, коррупциянинг барвақт олдини олиш, айниқса, унга сабаб бўлувчи омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш, мазкур иллатга йўл очувчи жиҳатларни бартараф этиш йўлидаги ишларни таъкидламоқ жоиз.

Мулоқотда институт ректори Комилжон Комилов ҳам олий ўқув даргоҳида коррупцияга қарши курашиш борасида рўёбга чиқарилаётган амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб берди. 

Вазирлик ва давлат идоралари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ахборот коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, коррупциявий хатарларнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар бу йўлдаги амалий ҳаракатларнинг бир кўринишидир. Зотан, оқибат эмас, сабаблар билан курашиш орқалигина кўзланган натижаларга эришиш мумкин.

Тадбирда катта ҳаёт остонасида турган йигит ҳар бир ишни ҳалоллик ва тўғрилик билан эмас, аксинча, таниш-билишчилик ва пул эвазига ҳал этиши ортидан наинки ўзгалар, балки ўзи ва яқинларининг ҳам келажаги барбод бўлганлиги ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди. Талабалар фильмдан олган хулосалари асосида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев, судьялар Улуғбек Каримов, Муқаддамхон Аҳмадалиевалар ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бериш асносида аҳоли, айниқса, навқирон йигит-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, ижтимоий фаоллиги жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, шунинг баробарида коррупция илдизига болта уришда ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этдилар. 

АндҚХАИ матбуот хизмати

https://t.me/AQXAI_pressa

Report Page